Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:39

Халқаро кузатувчилар Сурияга етиб келди


БМТ кузатувчилари гуруҳи аъзоси полковник Аҳмад Ҳоммич.
БМТ кузатувчилари гуруҳи аъзоси полковник Аҳмад Ҳоммич.

Суриядаги воқеалар ривожи ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишувнинг мўрт эканлигини кўрсатмоқда.

БМТ ва Араб давлатлари лигаси махсус вакил Кофи Аннан ишлаб чиққан режанинг бир қисми ўлароқ, Сурияда ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишув расман 12 апрел куни кучга кирган эди.

Мазкур келишувга риоя қилинишини кузатиш учун БМТ кузатувчиларининг олти нафари Сурияга етиб келди.

Бироқ воқеалар ривожи келишувнинг қанчалик мўрт эканлигини кўрсатмоқда.

БМТ кузатувчилари гуруҳи раҳбари полковник Аҳмад Ҳоммич душанба куни баёнот берар экан, сафар арафасида анча некбин бўлганини айтди.

- Биз ўз ишимизни, олдимизга қўйганимиз мақсадни имкони борича тезроқ амалга оширишни кўзлаб, ташкил қилмоқчимиз, деди Аҳмад Ҳиммич.

Бироқ Сурияда амалга оширилаётган зўравонликлар яхшиликдан дарак бермаяпти. Сурия мухолифати якшанба куни Ҳомс шаҳри маҳаллалари ҳукумат кучлари тарафидан миномёт ва оғир қуроллардан ўққа тутганини иддао қилди.

Ҳуқуқ ҳимоячилари тарқатган видеода Ҳомс шаҳрининг Ҳалдия маҳалласи тутун ичида қолгани, портлатилган уй тасвири бор. Портлашлар, ўқлар овозини эшитиш мумкин.

Душанба куни эса Суриянинг Туркияга чегарадош Идлиб вилоятида ҳукумат ҳарбийлари билан қуролли мухолифат ўртасида қақшатқич тўқнашувлар бўлиб ўтди.

Ҳомс шаҳрининг замбараклардан ўққа тутилиши ҳамда қуролли тўқнашувлар 13 ойдан буён давом этаётган зўравонликларни тўхтатиш режасига Башар Асаднинг содиқ тура олишига шубҳа уйғотмоқда.

БМТ, Араб давлатлари лигаси ва махсус вакил Кофи Аннанлар томонидан ишлаб чиқилган режанинг бир қисми ўлароқ ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишув расман 12 апрел куни кучга кирган эди. Аннан режасига кўра, ҳукумат ва унга мухолиф кучлар ўзаро қуролли қаршиликни тўхтатиб, ўз кучларини шаҳар марказларидан олиб чиқиш назарда тутилган эди.

Суриянинг сиёсий иттифоқчилари Россия ва Хитой ҳам қўллаб-қувватлаган мазкур режа илк халқаро ташаббус бўлиб, унда Суриянинг сиёсий келажаги устида режим ва мухолифат ўртасида сўзлашувлар ўтказиш ҳам назарда тутилгандир.

Башар Асад Москванинг босими остида бўлсада, ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишувни қабул қилди. Бироқ на мухолифатга қарши қуролли ҳужумларини тўхтатди, на аҳоли зич яшайдиган ҳудудлардан ҳарбийларни олиб чиқди.

Айни пайтда мухолифат жангчилари ҳам ҳукумат кучларига қарши бир қатор ҳужумларни амалга ошириш билан ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишувни бузди.

Баъзи ҳисоб-китобларга кўра, келишув расман кучга кирган пайшанбадан бери 40 дан зиёд киши ҳалок бўлган.

БМТ ҳисоб-китобича, Башар асаднинг авторитар бошқарувига қарши норозиликлар бошланган 2011 йилнинг мартидан буён 9 мингдан ортиқ киши ўлдирилган.

БМТ Бош котиби Бан Ги Мун Хомс шаҳридаги зўравонликлар узоқ давом этаётганидан ташвиш билдирди ва ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишув ўз кучида қолиш-қолмаслигига бутун дунё иштибоҳ билан қараб турибди, деди.

Душанба куни Брюсселда қилган чиқиши чоғида Бош котиб томонларни ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишувга содиқ қолишга ҳамда Башар Асад режимини БМТ кузатувчиларнинг мамлакат бўйлаб тўсиқсиз юра олишига имкон беришга чақирди.

- Мамлакат бўйлаб ҳаракатланиш эркинлиги таъминланишини кафолатлаш Сурия ҳукуматининг мажбуриятидир. Кузатувчилар зўравонлик тўхтаганини ўз кўзлари билан кўриб ишонч ҳосил қилишлари учун уларнинг исталган жойга боришларига изн берилиши лозим, деди БМТ Бош котиби.

БМТнинг Сурияга етиб борган 6 кузатувчиси халқаро ҳамжамият кузатувчилар командасининг дастлабки гуруҳидир. Уларга ҳукумат ва мухолифат вакиллари билан учрашувлар ўтказиб, ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишувнинг амалга ошишини таъминлаш вазифаси юклатилган.

Кузатувчиларнинг дастлабки командаси 30 кишидан иборат бўлади ва гуруҳ жорий ҳафта охиригача Сурияга тўла етиб боради.

БМТ Сурияни кузатувчиларнинг 250 кишилик катта гуруҳини қабул қилишга чақирди. Бироқ бу масала БМТ ва Сурия ҳукумати ўртасида келаси ҳафтада бўлиб ўтадиган сўзлашувлар натижаларига боғлиқ.
XS
SM
MD
LG