Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:06

Кредит уюшмаси раҳбари омонатчилар пулини ўмарди


Тошкентда фаолият юритган “Шарқ юлдузи” кредит уюшмаси директори Дилшод Йўлдош ўғли 340 дан зиёд омонатчининг 9 миллиард сўмга яқин маблағини олиб ғойиб бўлган.

“Новости Узбекистана” газетасининг 13 апрел куни омонатчилар шикоятига таяниб ёзишича, фирибгарлик қурбони бўлган фуқаролар орасида нафақахўрлар, ногиронлар ҳам бор.

“Ўғри қамоқда ўтириши керак”

Газетага шикоят йўллаган омонатчилар кредит уюшмасиниг қонунбузарлиги ва номақбул хатти-ҳаракати учун лицензия берувчи масъул ташкилот ҳам жавобгар эканини ёзади.

Мамлакат қонунчилигига кўра, кредит уюшмалари Марказий банк лицензияси асосида фаолият юритади.

Марказий банк кредит уюшмалари учун мажбурий бўлган молиявий операциялар тартибини белгилаб беради, улар фаолиятини текшириб боради.

Шунга асосланиб, арзгўйлар Марказий банк мониторинг ва текширувлар пайти алдовнинг олдини олиш чорасини кўриши кераклигини урғулайдилар.

Интернетда омонатчилар номидан эълон қилинган арзномада ҳам “Шарқ юлдузи” раҳбарияти Марказий банк ходимлари шафелигида фаолият юритгани иддао қилинади.

“Шарқ юлдузи” кредит уюшмасининг икки йиллик фаолияти давомида Марказий банк томонидан бир неча марта текширилган. Лекин текширувларда бирорта ҳам қоидабузарлик аниқланмагани қизиқ. Кредит уюшмаси раҳбарияти бир соат ичида омонатчиларни шип-шийдам қилиб, уларнинг пулини ўғирлаб қочмагандир”, дейилади шикоятномада.

Ўз навбатида, “Новости Узбекистана” таҳририяти ушбу ҳолатда Марказий банкнинг айби йўқлигини асослашга уринади.

Шу билан бирга, фуқароларни чув туширган жиноятчилар жазоланиши лозимлигини таъкидлайди.

“Пул эгаларига қайтарилиши керак. Ўғрилар қамоқда ўтириши керак”, дея хулосалайди мазкур нашр.

“Текин пишлоқ қопқонда бўлади”


Можаролар марказида қолаётган “Шарқ юлдузи” кредит ташкилоти 2006 йил октябрда 61,4 млн сўм устав капитали билан иш бошлаган.

Банк-молия соҳасида изланишлар олиб бораётган маҳаллий тадқиқотчига кўра, мазкур кредит ташкилоти фаолиятининг бошиданоқ аҳолининг кўпроқ қисмини жалб қилишга зўр берган.

– Уюшма аъзоси бўлиш учун одамлардан низом жамғармасига 10 минг сўм миқдорида бадал талаб қилинган, холос. Бу ҳам, менимча, одамларнинг ишончига кириш учун ташланган қадам эди. Шу тариқа кредит уюшмаси омонатчиларнинг сони 300 дан ошиб кетган, – дейди тадқиқотчи.

“Шарқ юлдузи” кредит уюшмаси икки йил давомида фуқаролар омонати ҳисобидан каттагина сармоя тўплаган.

Йиғилган пулдан аъзоларига истеъмол ва тадбиркорлик кредитлари берган.
Озодлик билан фикрларини бўлишган тадқиқотчи кредит уюшмаси тўлаган “отнинг калласидек” фоизлар омонатчиларда ҳам, масъул идораларда ҳам шубҳа уйғотмаганидан таажжубланади.

– “Шарқ юлдузи” ўз омонатчиларига 46 фоизгача фоиз таклиф қилган. Бу катта фоиз, шубҳали даражада катта фоиз, тушунаяпсизми? Ишбилармонлар орасида “Текин пишлоқ қопқонда бўлади” деган гап бор. Бунақа катта даромад таклиф қилган кредит уюшмаси фаолияти ҳеч кимда шубҳа уйғотмагани ажабланарли, – дейди у.

Юзлаб омонатчилар ҳақига хиёнат қилган директор қаерда экани номаълумлигича қолаётгани айтилмоқда.

Ўзбекистон кредит уюшмалари ассоциацияси вакили бу кредит уюшмаси томонидан омонатчилар алдаб кетилган биринчи ҳолат эмаслигини қайд этган.

Аввал хабар берганимиздек, 2011 йил июлда Ўзбекистон Марказий банки мамлакат бўйлаб кўплаб кредит уюшмаларини қонунбузарликлар важидан лицензиядан маҳрум этган эди.

Мамлакат жамоатчилиги орасида масъул идоранинг бу қарорини қоралаганлар ҳам, оқлаганлар ҳам бўлган.
XS
SM
MD
LG