Линклар

Тожикистонда “Қорбобо” қотиллари судланмоқда

  • Гулнора Равшан

"Қорбобо" қотиллари устидан маҳкама Душанбе шаҳар судида ўтказилмоқда.

"Қорбобо" қотиллари устидан маҳкама Душанбе шаҳар судида ўтказилмоқда.

Душанбе шаҳар судида “Қорбобо”нинг ўлимида айбланаётган тўрт фуқаро устидан очиқ маҳкама бошланди.

Балоғат ёшида бўлган Фаррух Самиев, Шараф Давлатов, Фирдавс Нарзуллоев Тожикистон Жиноят кодексининг 237-моддаси, яъни безориликда айбланмоқда. Улар билан бирга қора курсига ўтирган ва эндигина 17 ёшни қаршилаган Беҳруз Шарипов эса 104-модда, яъни қотилликда айбланмоқда.

Бугун бошланган маҳкамада ўқиб эшиттирилган айбномага мувофиқ, Қорбобо кийимида бўлган 24 ёшли Парвиз Давлатбековга айнан Беҳруз Шарипов 3 марта пичоқ урган ва кўп қон йўқотиш натижасида у ҳаётдан кўз юмган.

Панжара ортида турган Беҳруз Шарипов суд ҳакамларининг ўзига нисбатан эълон қилинган айбловга розими ёки йўқлигига оид саволига жавоб берар экан, “қисман розиман”, деди.

Танаффус чоғида Беҳруз Шариповнинг Озодликка гапирган онаси Мавлуда Шарипова эса бу айблов билан рози эмаслигини таъкидлади.

- Чунки болам бу ишга қодир эмаслигига ишонаман. Ўша куни биз воқеа содир бўлган маҳаллага, яъни ўша ерда яшайдиган онамнинг уйига меҳмонликка боргандик. Ўғлим пастга ўртоқларини кўриш учун тушган бўлган. Кейин ўша ерда тўполон бўлаётганини кўрган, бирпас томоша қилиб туриб, ёнимга қайтди ва “пастда уруш бўлаяпти”, деди. У бу жанжалга аралашмаган. Лекин уни ўша ерда кўрганлар: “Беҳруз ҳам шу ерда бор эди” дегани учун ўғлимни ҳибсга олишди. Парвиз Давлатбековнинг бўйи 192 экани айтилди. Ахир 16 ёшли бола қандай қилиб шундай баланд бўйли йигитни буғиб, тағин пичоқлайди? Бу ҳеч бир ақлга сиғмайди-ку, - дейди душанбелик Мавлуда Шарипова.

Мавлудахоннинг гапига ишонадиган бўлсак, Беҳруз Шарипов дастлабки тергов чоғида қўрқитилган ва бу айб мажбуран унинг бўйнига қўйилган.

- Бу гапларни боламнинг ўзидан эшитганим йўқ. Лекин у билан бирга бўлган болалар: “Ўғлингизни қўрқитишди, “шу айбни бўйнингга ол, сен балоғатга етмагансан, осонликча қутқарамиз”, деб таҳдид қилишди”, дейишди. Ана шундай ваъдалар билан менинг ўғлимни гумроҳ қилишди. Ўғлим билан учрашганимда унинг ўнг қўл ва оёғи қалтираётганини сездим. У аллақачон руҳан шикастланган, - дейди қотилликда айбланаётган Беҳрузнинг онаси Мавлуда.

Суҳбатдошимиз бордию суд адолатсиз ҳукм чиқарса, албатта юқори инстанцияларга, қолаверса халқаро ташкилотларга мурожаат қилиб фарзандининг ҳақ-ҳуқуқлари учун курашишини таъкидлади.

Маҳкама жараёнини кузатиб бораётган мустақил ҳуқуқшунос Хушқадам Мақсудовнинг айтишича, Тожикистон Жиноят кдексида балоғат ёшига етмаган кишига жазо муҳлати балоғат ёшига етганларга нисбатан енгилроқ қилиб белгиланган.

“Безорилик”да айбланаётган Шараф Давлатовнинг отаси, айни пайтда адвокати Шароф Давлатов ҳам матбуотга айтадиган гаплари борлигини, аммо ҳукм эълон қилинганидан кейин айтишини билдирди.

- Бу ерда (тергов жараёнида демоқчи, - таҳр.) озроқ сиёсий мазмундаги баҳслар ва матбуот тили билан айтганда диний хусусиятга эга бўлган гаплар ҳамда баъзи ошириб юбориш ҳаракатлари бўлди. Лекин мен батафсил ҳукм эълон қилинганидан кейин гапираман, - деди адвокат Давлатов.

Ўтган йил 31 декабрида, яъни йилга ўтар кечаси Қорбобо кийимини кийиб, қариндошлари ва таниш-билишларини табриклаш учун Сино туманидаги кўп қаватли уйлардан бирига кираётиб, ўттиз кишилик оломон ҳужумига учраган Парвиз Давлатбеков 1 январ куни жарроҳликдан сўнг ҳушига келмай оламдан ўтган эди.

Бу воқеа тожик жамиятида кучли акс-садога эга бўлди.

Парвиз билан бирга бўлган ўртоқлари уларга ҳужум қилган гуруҳ Парвизни айнан Қорбобо кийимида бўлгани учун уни “кофир”, деб ўлдирганини айтган эди.

Бироқ бугун маҳкамада сўралган гувоҳлардан бири Жовид Гадомадов Парвизнинг ўлимига айнан унинг Қорбобо кийимида бўлгани эмас, балки Фаррух Самиев Парвиз билан можаро чоғида унинг онасини ҳақоратлагани сабаб бўлганини таъкидлади.

- Бу ҳодисанинг диний хусусияти йўқ. Маҳаллийчилик ҳам йўқ эди. Фақат Парвизнинг онаси ҳақоратлангани сабабли шу иш бўлди, - дейди Гадомадов.

Парвиз Давлатбековнинг ўлимида айбдор деб топилган яна тўрт киши - Фируз Назруллоев, Фирдавс Муродов, Мурод Очилов ва Алимамад Сайфизодага нисбатан қидирув эълон қилинган.
XS
SM
MD
LG