Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:33

Австралия Афғонистондан қўшинларни муддатидан олдин олиб чиқади


Афғонистондаги Толиблар позициясини тўпдан ўққа тутаётган австралиялик аскар.
Афғонистондаги Толиблар позициясини тўпдан ўққа тутаётган австралиялик аскар.

Австралия Бош вазири Жулия Гиллард Афғонистондаги Австралия ҳарбийлари режада белгиланганидан бир йил олдин, яъни, 2013 йил охирига қадар олиб чиқилишини эълон қилди.

Афғонистонда Австралиянинг бир ярим минг аскари халқаро коалиция кучлари сафида хизмат қилади.

Австралия НАТОга аъзо бўлмаган давлатлар орасида Афғонистонга энг кўп ҳарбий жўнатган мамлакат ҳисобланади.

Австралия ҳарбийлари асосан Урузғон вилоятида хавфсизликни таъминлаш учун масъул бўладиган Афғонистон кучларини тайёргарликдан ўтказиш билан шуғулланади.

Афғонистонда 2001 йилда аксилтеррор ҳаракатлари бошланганидан бери 32 нафар австралиялик аскар нобуд бўлган, 100дан ортиғи яраланган.

Жулия Гиллард Австралия қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиш тўғрисидаги режани АҚШнинг Чикаго шаҳрида келаси ой бўладиган НАТО саммитида тақдим этишини маълум қилди.

- Мен, 2013 йилнинг ёзи халқаро стратегияда муҳим босқич бўлишини Чикаго саммити тан олишига ишонаман. Халқаро кучлар Афғонистон бўйлаб ёрдам берувчи кучлар вазифасини бажаришга киришиши муҳим воқеадир,- деди Жулия Гиллард.

Австралия Бош вазири Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай Урузғон вилоятида хавфсизликни таъминлаш мамлакат кучлари зиммасига ўтганини “яқин ойларда” эълон қилиши билан Австралия аскарларини олиб чиқиш жараёни бошланишини айтди.

Гиллард австралиялик аскарларни олиб чиқиш 12 ойдан 18 ойгача давом этишини қўшимча қилди.

- Мен Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай яқин ойларда Урузғон ва бошқа вилоятларда, биринчи навбатда Урузғонда, хавфсизликни таъминлаш вазифаси Афғонистон кучларига ўтишини эълон қилишини кутяпман. Бу жараён бошланганидан кейин қўшинларни олиб чиқиш 12 ойдан 18 ойгача давом этади,- дея баёнот берди Австралия Бош вазири.

Жулия Гиллард Халқаро кучлар 2014 йилда Афғонистондан олиб чиқилганидан кейин ҳам Австралия Афғонистон хавфсизлик кучларини тайёргарликдан ўтказишда ёрдам беришни давом эттиришини айтди.

Австралия Бош вазири Чикаго саммитида Афғонистон президенти НАТО давлатлари билан ҳамкорлик ҳақида шартнома имзолашини маълум қилди.

Австралия ҳарбийлари Афғонистондан ўз ватанига келаси йил Австралияда парламенти учун ўтказиладиган сайлов арафасида қайтади. Бироқ Гиллард бу сиёсий қарор экани ҳақидаги иддаоларни рад қилди.

Сўров натижаларига кўра, Жулия Гиллард бошчилигидаги Меҳнат рартиясининг нуфузи рақибларига нисбатан пасайиб бораётганини кўрсатган.
XS
SM
MD
LG