Линклар

17 апрел куни Москва жанубида янги қурилаётган етти қаватли бинонинг қулаши оқибатида бир киши нобуд бўлди, 10 киши жароҳат олди. Жабрланганлар Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари экани айтилмоқда.

Сешанбага ўтар кечаси тунги соат 01:30 ларда пойтахтнинг Даниловский тумани, Проектируемий тор кўчаси №4062, 6-уй манзили бўйича жойлашган “Грейфер” заводига қарашли етти қаватли бино қулаб тушди.

“Бешинчи қаватдан биринчи қаватгача бетон плиталарининг терилиб, тушиши бинонинг 2,5 минг квадрат метрига суюқ бетон қўйилгани оқибатида юз берган”, дея маълум қилди Озодликка ҳалокат жойида қутқариш ишларини олиб борган Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Москва шаҳри бўйича бошқармаси расмийси Сергей Власов.

- Ҳалокат натижасида 12 киши жабрланди, улардан бир киши нобуд бўлди, қолган 11 киши эса турли даражада жароҳат олди. 10 киши 1- ва 15- шаҳар шифохоналарига ҳамда Склифосовский номидаги тиббиёт институтига олиб кетилди, бир киши шифохонага ётишдан бош тортди. 17 апрел соат 11:30 қадар бузилиб кетган 150 тонна қурилиш конструкциялари олиб чиқилди. Искович итлар ёрдамида олиб борилган қидирув ишлари натижасида ағдарилган бинодан бошқа жароҳатланганлар топилмади, деди Москва шаҳар ФВВ вакили Сергей Власов.

Қутқарувчилар хабарига кўра, бино қулаган 500 квадрат метр жойда қутқариш ишларига 300 дан ортиқ одам ва 80 дан ортиқ техника жалб қилинган.

Москванинг Соғлиқни сақлаш бўлими расмийлари жароҳат олган 10 киши “ўртача оғир” аҳволда эканини маълум қилди. Lifenews.ru Интернет сайти эълон қилган ўлган ва яраланганлар рўйхатидан жабрланганлар асосан Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари эканини пайқаш мумкин:

1. Абдуллаев Рамиш Баҳромович, 25 ёш
2. Аберанулов Жума Тўраевич, 24 ёш
3. Ашуров Аслиддин Умарович, 17 ёш
4. Ашуров Фахриддин Умарович, 21 ёш
5. Икром-зода Нуриддин Пазлетдинович, 22 ёш
6. Эшмуродов Парвиз, 27 ёш
7. Маминов Оғабек Шералиевич, 22 ёш
8. Мустафаев Ўлмас Аҳмадшоевич, 19 ёш
9. Исми номаълум (ҳалок бўлган ва жасади моргда сақланмоқда)
10. Седых Сергей Геннадьевич, 29 ёш
11. Умаров Аслан Фарходович, 36 ёш
12. Ҳалилов Комрон, 18 ёш

Москва шаҳар Ички ишлар бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, ҳалок бўлган мардикорнинг шахси аниқланмаган, бироқ кўринишидан у осиёлик экани маълум.

Ҳалокат жойида тергов ўтказаётган мутахассис ва терговчиларнинг фикрича, бу турдаги бетон-монолит бинолар ўзининг мустаҳкамлиги билан ажралиб туради.

- Қурилиш тугаганидан кейин бу биноларда янги офис маркази жойлашиши керак бўлган. Ҳужжатларга кўра, бинода ташқи қисми ва томида капитал таъмирлаш ишлари олиб борилаётган бўлган, деди Москва Тергов қўмитаси матбуот маркази раҳбари Виктория Ципленкова.

Бироқ, Москва Қурилиш назорати хизмати хабарига кўра, қулаган бино бирор рухсатсиз ва ноқонуний равишда қурилаётган бўлган. Қурилиш эгалари ҳозиргача фожиа жойига келмаган.

Полиция ва Тергов қўмитаси ходимлари қулаб тушган бино вайроналаридан олиб чиқилган 5 нафар мигрант номаълум томонга кетиб қолганини айтмоқда.

Москвадан Озодликка қўнғироқ қилган 24 ёшли қорақалпоғистонлик Расулжон беҳостан ҳодиса гувоҳига айланганини гапириб берди. У қўрилишда жароҳат олиб қулаш жойидан ғойиб бўлган мардикорлар ҳақида қуийдагиларни маълум қилди.

- Мен Москванинг Южний районида таксичилик қиламан. Аэропортдан келаётган эдим. У ердан келаётганда йўл ёқасида торговий ёки бизнес центрми қурилаётган эди. Қарасам, бизнинг йигитлар чиқиб турибди кўчага, рабочий формада. “Ёрдам беринг, бизлар шунақа бўлиб қолдик, болницага олиб боринг”, деди. Мени машинам Қорақалпоғистон номери билан, шу ерда такси ҳайдайман-да. Шуларни Склифосовскийга болницага олиб бордим. Бирининг қўли синган экан. “Бетон қуяётганда билмадик нима бўлди”, дейди, “йигирматача одам бор эдик”, дейди. Катталаридан ҳеч ким келмаган. Шу ерда ётиб шу ерда ишлар экан. Чиққанлари чиққан, биттаси ўлди, дейди ҳалокат жойидан уч нафар хоразмлик йигитни шифохонага олиб борган Расулжон.

Унинг сўзларига кўра, бу йигитлар шифохонага бориб яраланганга гипс солдирган ва ҳеч кимга бирор маълумот бермасдан яна ғойиб бўлган. Расулжон ўзбекистонлик мардикорлар ҳалокат жойига етиб келган ФМС ходимларидан қўрқиб қочганини тахмин қилади.

- Булар қочиб қўрқиб юрибди, чунки миграция служба келди у ерга. На паспорти, на регистрацияси, на ишлаётган ерига разрешениеси бўлса... Улар энди қочиб юрибди, қуруқ гипсни олганда, биринчи ёрдамни олиб кетиб қолган, дейди ҳодиса гувоҳларидан бири берунийлик Расулжон.

Проектируемий тор кўчасидаги бино қулаши юзасидан РФ Жиноят Кодексининг 216 моддаси 2 қисми асосида жиноий иш қўзғатилди. Воқеа сабабларини махсус тузилган комиссия ўрганмоқда.
XS
SM
MD
LG