Линклар

13 апрелдан бошлаб Ўзбекистонда порнографик маҳсулотларни тайёрлаш, мамлакатга олиб кириш, тарқатиш, реклама ва намойиш қилиш учун масъулиятни оширишга қаратилган “Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси ва Ўзбекистон Респбуликаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кучга кирди. Шу билан бирга янги ўзгартишлар зўравонлик ва шафқатсизликни тарғиб қилувчи материалларни тарқатиш учун жавогарликни ҳам кучайтирилишини кўзда тутади. Ўзбекистонликларнинг айтишларича, кеийнги пайтларда ёшлар орасида порнографик видео роликларни, айниқса мобил телефонлар воситасида ўзаро алмашиш урф бўлган ва бунинг учун жавогарликнинг кучайтирилиши айни муддаодир.

Янги қонунга кўра, порнография, зўравонлик ва шафқатсизликни тарғиб этувчи маҳсулотларни тарқатиш учун энг кам иш ҳақининг 400 дан 600 баробаригача жарима, аҳлоқ тузатиш ишлари, 6 ойлик ҳибсга олиш ёки 3 йилгача қамоқ жазоси белгиланиши мумкин.

Порнография Ўзбекистонда аввалдан тақиқланган ва уни тарқатиш учун жавобгарлик ҳар доим амал қилиб келган. Жавобгарликни кучайтириш эҳтиёжи нимадан келиб чиқди, деган саволга Ўзбекистон Маданият вазирилигининг матбуот хизмати вакили жавоб беришдан бош тортди.

Лекин фарғоналик Абдулазизнинг айтишича, кеийнги пайтларда ёшлар орасида порнографик видео роликларни мобил телефонлар ёки флэш-диск, портатив медиа-плейер каби электрон ташувчиларда сақлаш ва ўзаро алмашиш одат тусига кирган ва янги қонуннинг қабул қилиниши айни муддаодир.

- Ҳозир мана любойини ëки 10тасини тўхтатсангиз, 8тасида аниқ бор шунақа ролик. Интернетда энди кўпайиб кетаяптию унақа роликлар. Кўпчилик нимагадир қизиқадими, нима деб айтса бўлади. Ҳозир мана янги қонун чиқди. Даже қамаб қўядиган пунктлари чиқибди.


Абдулазиз бунинг учун узоқ муддатли қамоқ жазоси берилишини ёқламайди. Лекин амал қилиб келган масъулият даражаси ҳам етарли эмас шекилли, дейди у.

Абдулазизнинг айтишича, бугун нафақат порнографик, исталган мавзудаги видео материаллар бозорини назорат қилиш жуда қийинлашиб қолган. Фарғона шаҳар марказидаги автобус бекатларида филмлар ёзилган дискларни сотиб турган одамларни учратиш мумкин, дея давом этади у.

- Нафақат порнографик, масалан бирортасини ураëтгани, ўлдираëтгани, сўяëтгани – шунақа роликлар ҳам кўп. Кўчада шундай териб олишади. Ўша ерда дисклар сотишади холос. Унақа магазин йўқ. Фарғонада унақа магазин йўқ. Шундай кўчада териб сотишади, дейди фарғоналик Абдулазиз.

Ўзбекистондаги аэропортлардан бирида божхона назоратида ишлайдиган Дилшод исмли йигит ўз тажрибасидан келиб чиқиб, мамлакатга порнографик маҳсулотларни олиб киришга уринганлар ҳар куни учрайди, дейди.

- Ҳар бир рейсдан камида битта-иккита одам қўлга тушади. Улар асосан бу видеоларни телефон ва флэшкаларда олиб келишади, дейди божхоначи.

Кейинги йилларда таниқли кишилар, актёр ва режиссёрлар тасвирлангани айтилган порнографик видеолар ўзбекистонликлар орасида қўлма-қўл бўлиб кетгани кузатилди.

Жиноят кодексига киритилган қўшимча меъёрий ҳужжатга кўра, порнографик маҳсулотлар деб бадиий аҳамиятга эга бўлмаган, илмий, тиббий ёки таълим мақсадларида ишлатилмайдиган одам жинсий органларини ёки жинсий алоқани тасвирланган фото, видео ёки бошқа турдаги тасвирлар айтилади. Зўравонликни тарғиб қилиш материалларига ҳам бадиий аҳамиятга эга бўлмаган, илмий, тиббий ёки таълим мақсадларида ишлатилмайдиган маҳсулотлар киради.

Ўзбекистондаги йирик видеотекалардан бирининг хўжайини Натальянинг Озодликка айтишича, мутасадди расмий идоралар порнографик ёки зўравонликни тарғиб этадиганлар сирасига киритилган филмлар рўйхатини видеотекаларга беради. Порнографик филмлар, табиий, бу рўйхатга киритилади, лекин жаҳон кинематография ҳазинасидан ўрин олган эротик филмлар ҳам бор, булар махсус изоҳ билан сотилади, дейди Наталья.

- Бизда бунинг учун махсус рўйхат бор. Авваллари бу тақиқланган филмлар рўйхати дейиларди, ҳозир эса бундай филмларга тавсия қилинмайдиган филмлар дея тасниф берилади. Ҳозир эротик саҳналари бор, лекин жаҳон дурдоналари ҳисобланадиган филмларни ана шундай силлиқ формулировка, яъни маълум аудитроияга ёки муайан ёшгача тавсия қилинмайди, деган изоҳ билан сотяпмиз. Лекин порнографик филмлар, албатта бундан мустасно, дейди Наталья.

Лекин, дея қўшимча қилади видеотека хўжайини, бизда ҳар қандай классик филмлар ҳам бир кунда порнографияга чиқарилиши мумкин. Наталья ҳам, кейинги пайтларда очиқ уятсиз филм ва видео роликларнинг кўпайиб кетгани ҳақиқий санъат асарларининг оммалашишига ҳалақит бераётганидан ташвиш билдиради.

Ўтган аср бошларидан халқаро миқёсда порнографик маҳсулотларга қарши кураш бўйича қонунлар кучга кира бошлаган. Лекин кўплаб давлатларда бу қонунларга амал қилинмайди.

Ғарб давлатларининг кўпчилигида, шунингдек Туркияда порнография қонунлаштирилган ва 16 ёки 18 ёшга тўлган шахсларга намойиш қилиниши рухсат этилган.

Ўзбекистондан ташқари порнография Россия, Хитой, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Малайзия, Эрон ва Ҳиндистон каби мамлакатларда тақиқланган ва уни тарқатиш учун жиноий ёки маъмурий жавобгарлик кўзда тутилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG