Линклар

logo-print

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Россия оммавий ахборот воситаларини икки давлат ҳамкорлигига оид масалаларини “бўямасдан, бузмасдан” ёртишига чақирди. Сешанба куни Душанбе шаҳрида ўтказилган ўзаро ҳамкорлик масалаларига бағишланган тадбирда сўзлаган президенти, шунингдек, ўз мамлакати Россияга жуда катта имкониятлар бериб қўйганини ва руслар Марказий Осиёнинг бошқа бирорта мамлакатида бундай шароитга эга эмаслигини писанда қилди.

17 апрел куни Душанбе шаҳрида “Москва пўлат ва қотишмалар технологик олийгоҳи миллий тадқиқотлар институти” филиалининг очилиш маросимида сўзлаган Имомали Раҳмон жумладан бундай деди:

- Биз ўз ташқи сиёсатимизда стратегик шеригимиз билан ўйин қилаётганимиз йўқ. Аммо ўтган шу давр ичида Тожикистон ҳақида бирорта ҳам реал маълумот йўқ. Россия билан ҳамкорлигимиз билан ҳам худди шундай. Биз қанчалик уринмайлик барибир хато ва янглиш маълумотлар берилмоқда, деди Имомали Раҳмон.

Тожикистон раҳбари ўз фикрига далил ўлароқ, Афғонистонда аксилтеррор амалиётлари бошланган пайтда Тожикистонга келган Россиянинг ўша пайтдаги президенти Владимир Путин билан суҳбатини эслади.

- Россиянинг ўша вақтдаги раҳбари икки кун давомида “Менга Кўлобда АҚШнинг ҳарбий базаси борлигини хабар қилишди. Бу ростми?” деб уч марта сўради. Мен “жаноб президент Кўлобда фақат 201-ҳарбий базанинг икки минг аскар ва зобитидан иборат битта полки бор, агар бизга ишонмасангиз улардан сўранг”, дея жавоб бердим, деди Имомали Раҳмон.

Аввалги чиқишларидан фарқли ўлароқ, бу сафар қоғозга қарамасдан гапирган Имомали Раҳмон мамлакатида Россияга минтақанинг бошқа давлатларида кузатилмаётган катта имтиёзлар бериб қўйилганини ҳам писанда қилди.

- Россия Тожикистондаги имкониятларнинг бирортасига Марказий Осиё бошқа мамлакатларида эга эмас. 201-ҳарбий базадан мана 20 йилдирки фойдаланиб келади. Дунёнинг фақат икки нуқтасида мавжуд бебаҳо “Окно” кузатув станциясини Россияга текинга бериб қўйганмиз, деди Душанбе раҳбари.

Имомали Раҳмон бу хизматлар русларга беғараз кўрсатилаётган ва шахсан ўзи бирор давлатнинг сиёсий таянчига муҳтож эмаслигини таъкидлади.

- Мен халқдан етилиб чиқдим ва мен халқ билан яшайман. Менинг "запасной" аэродромим йўқ, мени халқим кўмади, деди қатъий оҳангда Тожикистон давлат раҳбари.

Мустақил кузатувчиларга кўра, президент Имомали Раҳмон сўнгги 20 йиллик фаолияти давомида Россияга нисбатан гина-кудуратини илк бор очиқчасига изҳор қилмоқда.

Тожикистонлик сиёсатчилар ва мустақил таҳлилчилар “Имомали Раҳмоннинг кўп қатори руслар учун ҳам кутилмаган бугунги чиқиши Кремлнинг Душанбега нисбатан муносабатини сал бўлса-да яхши томонга ўзгартиради” дея ишонч билдирмоқда.

Бироқ бошқа бир гуруҳ таҳлилчилар бундай фикрларни қувватламайди.

- Бу баёнот Россия ва Тожикистон муносабатларига деярли ҳеч қандай таъсир қилмайди. Зеро, Тожикистон ҳамиша Россия нағорасига ўйнаб келган ва бу ўйин жуда кулгилидир, дейди мустақил таҳлилчи Саймуддин Дўстов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG