Линклар

logo-print

Шу йилнинг 17 март куни жиноят ишлари бўйича Жиззах вилояти судининг собиқ раиси Мўмин Шукуруллаев Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЖИЭББга қарашли Тошкентдаги 64/1-ҳибсхонада вафот этди.

Собиқ судьянинг ўлими юзасидан тайинланган суд-тиббиёт экпертиза хулосасига кўра, маҳкум буйрак етишмовчилиги ва ўткир буйрак хуружи туфайли оламдан ўтган.

Шунингдек, Тошкент шаҳар Юнусобод тумани прокуратураси томонидан ўтказилган дастлабки суриштирув натижаларида судьяга нисбатан қийноқ қўлланилмагани аниқланган.

49 яшар суд раиси Шукуруллаев 2011 йилнинг 19 ноябр, шанба куни соат 14 да ўз хизмат хонасида маҳаллий фуқаролардан биридан шу вилоятнинг Зарбдор тумани суди раиси Ўткир Абдуллаев воситачилигида 2000 АҚШ доллари миқдорида пора олаётган пайтида МХХнинг Жиззах вилояти бошқармаси тезкор ходимлари томонидан ҳибсга олинган эди.

Озодлик радиоси шу йилнинг 16 мартида Жиноят ишлар бўйича Жиззах вилояти суди раиси Мўмин Шукруллаев ва Зарбдор туман суди раиси Ўткир Абдуллаевнинг жавобгарликка тортилгани ҳақида хабар берганди.

Шу йилнинг феврал ойида Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти суди судьяси О. Пардаев раислигида ўтган маҳкамада Шукуруллаев Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 205-моддаси (Мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 210-моддаси (Пора олиш) билан айбланиб, 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Жазони ўташ умумий тартибдаги колонияларга белгиланган, аммо собиқ судьянинг ҳимоячилари ҳукм устидан кассация шикояти билан мурожаат қилган эди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг Жиззах вилояти бўлими раиси Абай Байбулатовдан олинган маълумотга кўра, марҳумнинг жасади Самарқанд вилоятига олиб кетилган ва у ердаги она қишлоғида дафн қилинган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG