Линклар

logo-print

Россиянинг инглиз тилида ишловчи Russia Today телеканалида WikiLeaks Интернет-ресурси муассиси Жулиан Ассанж бошловчилик қиладиган туркум ток-шоуларнинг биринчи сони 17 апрел куни эфирга узатилди. Ассанж олиб борадиган дастур номини ўзбекчага “Эртанги кун дунёси”, деб ўгириш мумкин. Шиа мусулмонларнинг радикал “Хизбуллоҳ” гуруҳи лидери Хасан Насруллоҳ янги дастур биринчи сони меҳмони бўлди.

“Эртанги кун дунёси” кўрсатуви олиб борувчиси Жулиан Ассанж “Хизбуллоҳ” лидери Хасан Насруллоҳ Ғарб ахборот воситаларига 2006 йилдан бери биринчи бор интерью бераётганини эслатиб ўтди.

- Нима учун бир кишини бир пайтнинг ўзида миллионлаб киши озодлик учун курашчи, деб атайдию бошқа миллионлаб киши уни террорчи, деб билади, мен шуни билгим келади. Бу унинг Исроил-Ливан урушидан - 2006 йилдан бери Ғарбдаги биринчи интервьюсидир. У бошқарадиган “Хизбуллоҳ” партияси Ливан ҳукумати аъзосидир. Меҳмонимиз партия лидери Саид Хасан Насруллоҳ, деб таништирди суҳбатдошини Жулиан Ассанж.

Исроил ва АҚШ террорчи деб эълон қилган Насруллоҳ Ассанж билан компьютер орқали Байрутдан туриб боғланди.

Кўрсатув олиб борувчисининг ўзи эса, Буюк Британияда – уй қамоғи шароитида ўтириб ишлади. Жинсий тажовуз билан боғлиқ жиноят содир этган деган айблов эълон қилинган Ассанжни Британиядан Швецияга экстрадиция қилишлари мумкин.

Ассанж ўзи устидан қўзғатилган жиноят ишини WikiLeaks ресурсида минглаб махфий материаллар, жумладан АҚШ Давлат департаменти ҳужжатларини эълон қилиб юборгани билан боғламоқда.

Жулиан Ассанж Америка дипломатик ва ҳарбий идораларининг ёзишмаларини WikiLeaks орқали ошкор қилиб юборгани учун АҚШ ҳукумати томонидан айбланган эди.

Ассанж олиб борувчилик қилишни бошлаган “Эртанги кун дунёси” кўрсатуви сарф-ҳаражатини Россия ҳукумати кўтарадиган инглиз тилида ишловчи Russia Today телеканалида намойиш қилинмоқда.

Ассанжнинг иддаосича, унинг ток-шоуси меҳмонлари бошқа йирик телеканалларда айта олмайдиган гапларини айтиб олиши мумкин.

“Хизбуллоҳ” лидери Хасан Насруллоҳ омма орасида кам кўринади ва бунинг сабабини Исроилнинг суиқасди қурбони бўлишдан қўрқиши билан изоҳлайди.

Ассанж билан суҳбат чоғида Насруллоҳ у бошқараётган “Хизбуллоҳ” Сурияда мулоқот тикланишига ҳаракат қилаётганини таъкидлар экан, АҚШ ва Исроилни фуқаролар уруши келтириб чиқаришга уринаётганликда айблади.

Насруллоҳ Ассанжнинг саволларига жавоб берар экан, Сурия мухолифатчиларини айблаб, “улар жуда кўп тинч аҳолини ўлдирди” ва Сурия ҳукумати билан мулоқотдан бош тортди, деди.

“Хизбуллоҳ” лидери, шунингдек, Сурия президенти Башар Асаднинг “Фаластин масаласида хизматлари катта” эканлигини ва у “Исроил ва АҚШ босими олдида чекинмаганини” таъкидлаб ўтди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG