Линклар

logo-print

НАТО Афғонистондан чиқишни муҳокама қилмоқда


НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен.

НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен.


Бугун Брюсселда тўпланган НАТОга аъзо давлат Мудофаа ва Ташқи ишлар вазирлари Афғонистондан НАТО ҳарбийларини олиб чиқиш масаласини муҳокама қилмоқда.

Икки кунлик Брюссел музокараларининг 20-21 май кунлари АҚШнинг Чикаго шаҳрида ўтадиган НАТО саммити кун тартибини белгилаши айтилмоқда.

НАТО вазирлари Афғонистонда жанггари гуруҳларнинг қонли ҳужумлари кўпайиб кетган айни кунларда учрашмоқдалар.

Бугунги йиғинда НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен ҳарбий алъянс Афғонистонни жанггариларга бериб қўймаслигини билдирди:

- Афғонистон душманларига муждам аниқ. Сиз бизнинг чиқишимизни кутиш билан муддаоингизга ета олмайсиз. Биз босқичма-босқич Афғонистондан чиқар эканмиз¸ кучайиб бораëтган афғон хавфсизлик кучлари афғон халқини ваҳшийлик на ноинсоний ҳужумлардан ҳимоя қилиш масъулиятини зиммасига олмоқда. Шу боис биз афғон хавфсизлик кучларини 2014 йилдан кейин ҳам қўллаймиз. Биз трейнинг миссияси ва афғон кучларини молиявий қўллашни давом эттирамиз¸ деди НАТО раҳбари.

2010 йил ноябрида НАТО га аъзо давлат раҳбарлари 2014 йил охирига қадар Афғонистондаги хавфсизлик учун масъулиятни маҳаллий қўшинларга топшириш ва ўз ҳарбийларини олиб чиқиш ҳақида келишиб олган эди.

Аммо ҳозирга қадар НАТО қўшинлари Афғонистонни тарк этганидан сўнг афғон армияси ва полициясини қандай молиялаш масаласида келишувга эришилган эмас.

Пайшанба кунги йиғинда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳам иштирок этади.

Лавровнинг ҳамкасблари билан НАТОнинг Европа мудофаа тизими режасини муҳокама қилиши белгиланган. Москва бу режага кескин қаршилик кўрсатиб келмоқда.
XS
SM
MD
LG