Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:53

Ўзбек ва тожик чегарачилари сўзлашди


Ўзбекистон ва Тожикистон чегара қўшинлари қўмондонлари ўтган ҳафта сўнгида Бекободда музокара ўтказган.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари қўмондони генерал-майор Руслан Мирзоев, Тожикистон Чегара қўшинларидаги ишончли манбанинг Озодликка маълум қилишича, тожикистонлик ҳамкасби генерал-лейтенант Шерали Мирзоев билан мулоқот чоғида икки давлат чегараларидаги баҳсли ҳудудлар, жумладан, Фарҳод ГЭСи ва унинг тўғони масаласини ҳам муҳокама қилган.

Бироқ 14 апрел куни икки қўшни давлат Чегара қўшинлари расмийлари музокарасида баҳсли ҳудудлар ҳам муҳокама қилинганми ёки йўқми – бу ҳар иккала томондан ҳам расман тасдиқланмади.

- Ўша музокарада биздан бирор киши қатнашмаган. Айнан қайси масалалар кўрилганидан ҳам хабарсизмиз, - деди жумладан Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги масъули Давлат Назриев.

Хорижий ва маҳаллий ахборот агентликларининг Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига таянган хабар қилишича, иккала қўшни республика Чегара қўмондонлари иштирокида бўлиб ўтган учрашувда ўзбек-тожик чегараларидаги вазият муҳокама қилинган. Шунингдек, томонлар чегараолди ҳудуд аҳолисининг назорат ўтказиш постларидан ўтиб-қайтиши ҳамда транзит моллари билан боғлиқ продцедурани қайта кўриб чиқишга келишиб олган.

Икки қўшни давлат муносабатларида сўнгги бир неча ой давомида кузатилган совуқчиликдан сўнг, кузатувчиларга кўра, ўзбек-тожик чегарачиларининг ўзаро ҳамкорликни мустақҳамлашга оид келишувга эришиши Ўзбекистон ва Тожикистон алоқаларининг илиқлашаётганидан даракдир.

Бундан бир неча кун аввал “Ўзтрансгаз” ва “Тожиктрансгаз” ширкат расмийлари Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятида музокара столига ўтиргани ва унинг натижасида 16 апрелдан бошлаб Тожикистонга ўзбек табиий газини етказиб беришга оид шартнома имзолангани ҳам тожик жамиятида олқишланганди.

- Сўнгги бир неча ой давомида Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатларида кузатилган таранглик туфайли “икки қўшни давлат ўртасида уруш бўлиши аниқ”, деганлар кўпчилик бўлди. Лекин мен бу фикрлар пуч эканини айтиб келдим. Чунки нотўғри сиёсат умумий манфаатларга зид эканини ҳар иккала республика давлат раҳбарлари ва сиёсий доиралари яхши англайди. Менимча, бугунги шароит Ўзбекистон ва Тожикистонни сиёсий ва иқтисодий масалаларда бир ёқадан бош чиқарган ҳолда иш тутишга мажбур қилмоқда. Шунинг учун бўлса керак, сўнгги бир ҳафта ичида ҳар иккала томон учун ҳам фойдали шартномалар имзоланди, - дейди мустақил таҳлилчи Комёб Жалилов.

Бироқ Ўзбекистон ва Тожикистон айрим давлат идоралари ўртасида имзоланган келишувлар “шунчаки хўжакўрсин учун” эканини айтаётган таҳлилчилар ҳам бор.

- Бир томондан, чегарачиларнинг ҳамкорлик борасида келишиб олгани яхши хабар. Лекин бошқа томондан бу, менимча, шунчаки хўжакўрсинга қилинаётган тадбир. Қиш ўтди, баҳор ва экин-тикин мавсуми келди. Бу даврда Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига сув жуда зарур бўлгани учун ҳам у томон Тожикистоннинг кўнглини олиш мақсадида шундай иш тутаётган бўлиши мумкин, - дея мулоҳаза билдиради сиёсий таҳлилчи Неъмат Мирсаидов.

Аввалги йиллар ҳам Ўзбекистон ва Тожикистон чегарачилари наркотиклар ноқонуний оқимининг олдини олиш ва бу йўналишда ўзаро маълумот алмашиш борасида келишиб олган эди.

Бироқ ўтган вақт ичида ҳар иккала давлат чегарачилари афғон қора дорисининг минтақага оқими ўтган йилларга нисбатан кўпроқ қайдга олинаётганида бир-бирини айблашдан нарига ўтмади.
XS
SM
MD
LG