Линклар

Брюсселда тўпланган НАТОга аъзо давлат Мудофаа ва Ташқи ишлар вазирлари халқаро қўшинлар чиқиб кетгач¸ Афғонистонни ўз назоратига олишни орзу қилаëтган жанггариларга шундай мужда йўллади.

НАТО вазирларининг икки кунлик Брюссел учрашуви Афғонистонда жанггари гуруҳларнинг қонли ҳужумлари кўпайиб кетган айни кунларда ўтмоқда.

18 апрел куни учрашув очилишида сўзга чиққан НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен ҳарбий алъянс Афғонистонни жанггариларга бериб қўймаслигини билдирди:

- Афғонистон душманларига муждам аниқ. Сиз бизнинг чиқишимизни кутиш билан муддаоингизга ета олмайсиз. Биз босқичма-босқич Афғонистондан чиқар эканмиз¸ кучайиб бораëтган афғон хавфсизлик кучлари афғон халқини ваҳшийлик ва ноинсоний ҳужумлардан ҳимоя қилиш масъулиятини зиммасига олмоқда. Шу боис биз афғон хавфсизлик кучларини 2014 йилдан кейин ҳам қўллашда давом этамиз. Биз трейнинг миссияси ва афғон кучларини молиявий қўллашни давом эттирамиз¸ деди НАТО раҳбари.

2010 йил ноябрида НАТО га аъзо давлат раҳбарлари 2014 йил охирига қадар Афғонистондаги хавфсизлик учун масъулиятни маҳаллий қўшинларга топшириш ва ўз ҳарбийларини олиб чиқиш ҳақида келишиб олган эди.

Аммо ҳозирга қадар НАТО қўшинлари Афғонистонни тарк этганидан сўнг афғон армияси ва полициясини қандай молиялаш масаласида келишувга эришилган эмас.

АҚШ ҳукумати афғон хавфсизлик кучларини молиялашни давом эттириш учун йилига 4 миллиард доллар маблағ лозимлигини айтмоқда ва ўз иттифоқчиларини бу пулнинг тўртдан бири¸ яъни 1 миллиардини беришга чақирмоқда.

Афғонистондаги НАТО кучлари бош қўмондони АҚШ генерали Жон Аллен ҳам халқаро ҳамжамият Афғонистонни ташлаб қўймаслигини таъкидлади.

- Биз Афғонистонни яна ташлаб чиқиб кетаëтганимиз йўқ. АҚШ Афғонистонни ëлғиз ташлаб кетмайди. Халқаро ҳамжамият ҳам Афғонистонни ташлаб қўймайди. Стратегик шериклик ҳақидаги келишувда буларнинг бари кўзда тутилган¸ деди АҚШ генерали.

Толибон ҳаракати ва Афғонистондаги бошқа жанггари гуруҳларга мурожаат қилган Жон Аллен 2015 йилнинг 1 январидан бошлаб Афғонистонни ўз қўлимга оламан¸ деган хаëлда юрган бўлсангиз¸ бу хомхаëлдир¸ биз афғон халқини ҳимоя қиладиган маҳаллий кучлар ортида туришда давом этамиз¸ дея огоҳлантирув йўллади.

2014 йил охирига қадар халқаро кучлар 350 минглик афғон хавфсизлик кучларини хавфсизлик учун масъулиятни ўз зиммасига олишга ҳозирлаш мақсадида мунтазам трейнинглар ўтказишни режалаган.

Бу режа ва унинг молиявий жиҳатига оид якуний ҳужжатларнинг май ойида Чикагода ўтказиладиган НАТО саммитида тасдиқланиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG