Линклар

Качалово омбори ёқиб юборилган бўлиши мумкин


Качалово бозори омборидан топилган жасадларнинг ҳаммаси шахслари аниқланганича йўқ.

Качалово бозори омборидан топилган жасадларнинг ҳаммаси шахслари аниқланганича йўқ.

17 нафар ўзбекистонлик нобуд бўлган Москвадаги Качалово бозорида чиққан ёнғинга ўт қўйиш сабаб бўлган бўлиши мумкин. Бундай хулосага келган Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги экспертлари ёнғин чиққан жойда бензин тўлдирилган идишларни топган.

Москванинг Качалово бозоридаги омборда жорий йилнинг 3 апрелида чиққан ёнғин сабаблари тафтиши давом этмоқда.

Сешанба куни ИТАР-ТАСС агентлигида журналистлар олдида қилган чиқишида Россия ФВВ Назорат фаолияти департаменти директори Юрий Дешёвих терговчилар 17 кишининг ўлимига сабаб бўлган ёнғиннинг яна бир версияси кўриб чиқилаётганини маълум қилди.

- Дастлабки тахминларимизга кўра, ёнғинга ишчилар исинаётган электр мосламасининг носозлиги сабаб бўлган. Бироқ бизда атайин ўт қўйиш тахмини ҳам пайдо бўлди. Биз олов чиққан жойда бензин бўлганини аниқладик, ҳозирда ундан намуна олинди ва экспертизага юборилди, деди Назорат департаменти бошлиғи Юрий Дешёвих.

Дешёвих бу фаразни тасдиқловчи ёки инкор этувчи экспертиза хулосалари камида икки ҳафтадан кейин аниқ бўлишини қўшимча қилди. У ёнғинни “ақл бовар қилмас”, дея атади.

“Бу бинонинг умумий кенглиги атиги 40 квадрат метр бўлган. Пол ёғочдан, хоналарга киришга эса эшикни тўсиб турган вагонча ҳалақит бериб турган”, деди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарларидан бири.

Ўт ўчирувчи мутахассислар ётоқ йўлакларининг торлиги, ойналар темир панжара билан тўсилгани, пол ва деворлар тез ёнадиган ёғоч ва заҳарли материаллардан ясалгани ҳамда кириш эшиги вагонча билан тўсилгани ўзбек мардикорларининг бинодан югуриб чиқишига тўсқинлик қилгани ва улар аланганинг ичида қолиб кетганига сабаб бўлганини айтишмоқда.

Москва ўт ўчириш Бош бошқармаси Качалово бозорида ёнғин чиқишидан роса бир ой олдин омборларда ёнғин хавфсизлиги юзасидан текширув ўтказган. Бу текширув давомида назоратчилар улгуржи бозор хоналарида тунаётган бирорта меҳнат муҳожирини аниқламаган.

Терговни олиб бораётган Москва шаҳар Тергов қўмитаси вакили Виктория Ципленкова Озодлик Радиосига қурбонларнинг барчаси Ўзбекистон фуқаролари экани, лекин ҳозирча куйиб кул бўлган бир нечта жасад кимга тегишли экани ноаниқ қолаётганини маълум қилди.

- Ҳақиқатан, ҳозирча жасадларнинг барчаси аниқланмаган. Аниқроғи, уларнинг шахсларини ҳужжат асосида тасдиқлай олмаяпмиз. Тергов давом этяпти, олинган натижалар борасида маълумотлар эълон қилинганича йўқ, деди Москва Тергов қўмитаси расмий вакили.

Унинг сўзларига кўра, Качалово омборидан олиб чиқилган мурдалар шу даражада куйиб кетганки, уларни идентификация қилиш учун генетик экспертиза ўтказиш зарур бўлади. Шу жумладан, айрим ҳалок бўлганларни уларнинг яқинлари ҳозиргача йўқлаб келмаган.

Тергов қўмитасидан олинган қўшимча маълумотга кўра, аниқланган жасадларни олиб кетишга Ўзбекистондан уларнинг бир гуруҳ яқинлари етиб келган. Улар ҳозирча Ўзбекистон элчихонасида ҳужжатлар расмийлаштирилишини кутмоқда.

Вазиятни ойдинлаштириш мақсадида Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси ва консуллигига қилган қўнғироқларим жавобсиз қолди.

Москва Тергов қўмитаси расмийси Виктория Ципленкова Качалово бозоридаги ёнғинда ҳалок бўлган ўзбекистонлик йигитлар ҳақида бирор маълумотга эга бўлган шахсларни Озодлик Радиоси ёрдамида қуйидаги телефонга қўнғироқ қилишларини сўради: +7(495)-719-78-02.

Эслатиб ўтамиз, Москва шаҳар Тергов қўмитаси 3 апрел куни тонгги соат 5 ларда Качалово бозорига тегишли омборлардан бирида чиққан ёнғин оқибатида 17 ўзбекистонлик юк ташувчи йигитлар ҳалок бўлган.

Россия Тергов қўмитаси ëнғин айбдори сифатида гумонланиб муҳожирлар яшаган бино эгаси – “Старт2” ширкати бош директори 57 ёшли Владимир Ликов ва бинони улгуржи савдо омборига айлантирган “Альбасет” фирмасининг раҳбари 48 ёшли Седрак Степанянни ҳибсга олди.

Качалово бозоридаги фожиа ортидан пойтахтнинг турли районларида Миграция хизмати ва полициянинг меҳнат муҳожирларига нисбатан уюштирилган оммавий рейдлари авж олгани ҳақида Озодлик олдин хабар қилган эди.

Тергов қўмитаси Москва маъмуриятидан "Качалово" бозори фаолиятини тўхтатишни талаб қилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG