Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:48

Кам таъминланган оилалар нафақа олишда қийналмоқда


Ўзбекистонда маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан фуқароларнинг нафақа бўйича мурожаатномаларини асоссиз рад этиш ҳолатлари кўпаймоқда.

Мамлакат бош прокуратураси маҳаллий матбуот орқали тарқатган хабарга кўра, турли вилоятларда нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш комиссиялари фуқароларнинг аризаларини ноқонуний тарзда рад этаётгани аниқланмоқда.

Оддий ўзбекистонликлар ҳам Озодлик мухбирлари билан суҳбатларда кўпдан буён маҳалла тизимида сансалорликлар мавжудлигини айтиб келади.

“Йиғилишга келмаcлик мурожаатни рад этишга асос бўлмайди”

Прокуратура хабарига кўра, жорий йил давомида Бухоро вилояти Шофиркон туманидаги 27 та фуқаролар йиғини 50 дан ошиқ фуқаронинг аризасини қонунга зид равишда рад этган.

Сурхондарё вилояти Термиз туманидаги 14 та маҳалла фуқаролар йиғини раислари ҳам 20 га яқин фуқаронинг ҳуқуқи бузилишига йўл қўйган.

Бундай ҳолатлар мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам тез-тез учраши айтилмоқда. Ўзбекистонда кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш масаласи маҳалла фуқаролар йиғини қошидаги комиссия томонидан ҳал қилинади. Ушбу комиссияга маҳалла оқсоқоли бошчилик қилади.

Ижтимоий ёрдам олмоқчи бўлган оилалар комиссияга ҳужжат топширади. Кузатувларга кўра, аксар ҳолларда оилаларнинг моддий аҳволи нафақа тайинлаш мезонига мос келса-да, ариза берувчи хонадон вакили комиссия йиғинига келмагани важидан сўровларга салбий жавоб қайтарилмоқда.

Ушбу ҳолатни изоҳлаган маҳаллий ҳуқуқшунос, аризачининг комиссия йиғинига келмаганини асос қилиб сўровни рад этиш қонунга зид эканини айтади.

– Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 10 декабрдаги “Вояга етмаган болалари бўлган оилаларга нафақалар тайинлаш ва тўлаш тўғрисида низом”и бор. Шу ҳужжат бўйича комиссия йиғилишида аризачи ҳам иштирок этиши керак. Лекин аризачи узрли сабаб билан мажлисга келмаса, бу оилага нафақа тайинлаш масаласи кейинги йиғинда кўриб чиқилиши керак,– дейди ҳуқуқшунос.

“Мурожаатни ўрганиш икки ҳафтадан ошмаслиги лозим”

Фуқаролар нафақа бўйича мурожаатлари баъзида ойлаб кўрилмай қолиб кетишидан шикоят қилади.

– Опамнинг икки фарзанди бор. Иккаласи ҳам ҳали вояга етмаган. Қонун бўйича болалар пули олиши керак. Топадиган даромади рўзғорга етмайди-да. Опам маҳаллага нафақа сўраб мурожаат қилганди, уч ойлардан кейин жавоб олди. Йўқ, худога шукр, нафақа берадиган бўлишди. Ҳеч бўлмагандан кеч бўлгани яхши-ку, –дейди жиззахлик Аслиддин исмли йигит.

Қонунчиликка кўра, маҳалла фуқаролар йиғини ҳузуридаги комиссия аризаларни кўриб чиқишни ойлаб чўзиши мумкин эмас.

– Комиссия нафақа сўраб мурожаат қилган оиланинг моддий аҳволини ариза берилган кундан бошлаб икки ҳафта текширади. Шу муддат ичида ҳужжатларни ҳар томонлама кўриб чиқиб, нафақа тайинлаш ё рад этиш ҳақида таклиф киритиши керак,– дейди Озодлик билан суҳбатлашган ҳуқуқшунос.

Маҳалла раислари нафақахўрлар ва ногиронлар ҳақига хиёнат қилаётгани, вазифасини суиистеъмол қилаётгани хусусида кўпдан буён хавотирлар билдирилмоқда.

Мамлакат қонунчилигига кўра, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари нафақаларни тайинлашда ва тўлашда ошкораликни таъминлаши керак. Бироқ аксар фуқаролар оқсоқоллардан нафақа пулига оид маълумот олиш мушкуллигидан шикоят қилади.

Ўзбекистонда вояга етмаган боласи бор муҳтож оила вакилларига битта фарзанд учун энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи, иккита фарзанд учун энг кам ойлик иш ҳақининг 100 фоизи, уч ва ундан кўп фарзанд учун энг кам ойлик иш ҳақининг 140 фоизи миқдорида нафақа пули ажратилиши белгиланган (Ўзбекистонда 2011 йилнинг 1 декабридан энг кам ойлик иш ҳақи – 62920 сўм).

Расмий маълумотларга кўра, 2011 йилда 146 минг 760 та кам таъминланган оилага 65 млрд 492 млн сўм ёрдам пули берилган.
XS
SM
MD
LG