Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:57

Януковичнинг ёзувчилик иддаоларига ҳеч ким ишонмаяпти


Украина Президенти Виктор Янукович.
Украина Президенти Виктор Янукович.

Украина Президенти Виктор Янукович сўзга нўноқлиги билан танилган. Лекин у очиқлаган солиқ декларациясига кўра, 2011 йилда ёзган китоблари учун 2 миллион АҚШ доллари миқдорида гонорар олгани маълум бўлди. Украиналик ёзувчилар 2 миллион долларлик гонорар реал бўлиши мумкин, лекин бунинг учун ҳар бир украиналик Януковичнинг иккитадан китобини сотиб олишига тўғри келади, демоқда. Янукович китоб ёзган ягона президент эмас. Масалан, АҚШ президенти ҳам миллионлаб доллар қалам ҳақи олгани маълум. Ёки китоблар сони бўйича Ўзбекистон президентига етадигани бўлмаса керак.

Украина Президенти Виктор Янукович ҳеч қачон сўзамол бўлмаган.

У қилган чиқишларида кўпинча сўзларни адаштириб қўйиши халқ орасида латифаларга келтириб чиқарган.

Шунинг учун Януковичнинг муаллифлик даъвосини қилаётгани кўпчилик учун кутилмаган ҳол бўлди.

Украина президенти Интернет сайтида эълон қилинган солиқ декларациясида Виктор Янукович 2011 йилда ўзининг “Мухолифатда бир йил”, “Иқтидорда бир йил” ва “Украина бундан кейин қандай яшаши керак” номли китобларини сотиб, 16 ярим миллион гривна, яъни 2 миллион АҚШ доллари миқдорида даромад қилгани айтилади. Бу эса, декларацияга кўра, президент даромадининг 90 фоизидан ортиқроғини ташкил қилган.

Донецкданги “Новий свит” нашриёт уйи бунча қалам ҳақи эвазига президентнинг келгуси китоблари ҳуқуқини ҳам сотиб олгани айтилмоқда.

Китобларини 2 миллион долларга сотиб Янукович яна бир муаллиф президент Барак Обамага етиб олди. АҚШ президенти ўз қаламига мансуб китоблардан 2008 йилда 2,5 миллион доллар фойда қилган эди.

Бундан ташқари Янукович ўртача ойлик 300 доллар бўлган Украинада энг кўп ҳақ оладиган қалам соҳибига ҳам айланди.

Украиналик таниқли журналист ва ёзувчи, “Тугма”, “Паскал тумори” ва кўплаб бошқа китоблар муаллифи Ирен Раздобудько президент Януковичнинг китоб ёзиб, бунча пул ишлай олиши амри маҳол дейди.

- Украинада ҳеч бир ёзувчи бунча даромад қила олиши имконсиздир, чунки бизда гонорар миқдори жуда кам. Бу ҳолат биздаги коррупциянинг мисолидир. Украинада ҳозир Уильям Фолкнер даражасидаги адиблар бор, уларни бутун дунё тан олган. Лекин ҳатто бу ёзувчиларга ҳам бунча қалам ҳақи тўланган, деб ўйламайан, дейди Ирен Раздобудько.

Ёшлигида жиноий жавобгарликка тортилгани ҳамда кейинчалик ҳукуматда коррупцияга аралшганига оид иддаолар билан танилган Янукович гонорарга оид баҳсларни совутиш учун 2 миллионлик даромадни ҳайрия мақсадларида ишлатишини эълон қилди.

Лекин шунга қарамай украин ёзувчилари сўзга нўноқроқ президентнинг унга нисбат берилаётган китобларни ёзганига ҳам шубҳа билдирмоқда.

Унинг инглиз тилига таржима қилинган охирги китоби Украина иқтисодига бағишланади. “Украина имкониятлари” номли китоб чоп этилгач, унинг баъзи боблари бошқа манбалардан кўчириб олингани маълум бўлди ва шов-шувларни келтириб чиқарди. Шу боис кўплаб украин ёзувчилари президентнинг “ўз китоблари”га алоқаси борлигини шубҳа остига олмоқда.

Лекин Янукович ёзувчилик иддаосини қилаётган ягона давлат раҳбари эмас. Кўплаб президентларнинг китоблари бестселлар бўлгани маълум. Масалан, Барак Обама “Отам орзулари”, “Дадил умидлар” номли китоблари учун ҳали ҳам миллион-миллион ҳақ олиб туради.

Ёки президент Ислом Каримовнинг миллионлик қалам ҳақи олгани маълум бўлмасада, китоблар сони бўйича унга етадигани бўлмаса керак. Ўзбекистон президенти ҳузуридаги стратегик тадқиқотлар институтининг собиқ ходими, ҳозирда Францияда муҳожиратда яшаётган таҳлилчи Камолиддин Раббимов Ўзбекистон раҳбарига нисбат берилган китоблар сони 20 йилда 20 тадан ошган дейди.

- Менимча, 20тадан аслида кўп. Масалан постсовет ҳудудида, қўшни давлатларда ҳам бундай тажриба мавжуд эмас. Масалан собиқ Туркманистон президенти Сапармурод Ниëзов фақатгина битта Руҳнома китобини ëзган эди. Худди шундай тажриба Қозоғистонда ҳам мавжуд эмас. Ўйлайманки, постсовет ҳудудида, собиқ иттифоқ республикалари ичида энг китоб ëзган ëки фикрлари китоб шаклида жамланган шахс, президент бу Каримов бўлиши керак. Бу нарсага ишончим комил.

Лекин, дейди таҳлилчи, саноғи йўқ китоблар муаллифлигига даъво қиладиган Каримовнинг ҳам кечалари ухламасдан қалам тебратгани ҳақида маълумот йўқ.

- Одатда Каримовнинг нутқлари, чиқишлари, ҳар битта айтган фикрлари, ҳаттоки интервюлари ҳам президент девонидаги махсус бўлим томонидан мақола шаклига келтирилади ва улар йилнинг охирига келганда китоб шаклида чиқарилади. Бу Каримовнинг қарашлари, нутқлари, мақолалари ҳаммаси йиғилиб йил давомида, йилнинг охирида китоб шаклида чиқарилади, дейди ўзбекистонлик таҳлилчи Камолиддин Раббимов.
XS
SM
MD
LG