Линклар

Швециянинг TeliaSonera телекоммуникацион ширкати постсовет давлатлари, хусусан Ўзбекистон махфий хизматлари билан ҳамкорилик қилади у ерда инсон ҳуқуқларининг топталишига алоқаси бор. Бу ҳақда Швеция матбути хабар қилмоқда. Швеция Радиоси, Svenska Dagbladet, Аftonbladet, Швеция жамоатчилик телевидениеси бунга оид суриштирув ўтказиб, натижаларини эълон қилди. TeliaSonera вице президенти Озодлик билан суҳбатда ширкат фаолият олиб борадиган мамлакатлар расмийлари билан маҳаллий қонунлар доирасида ҳамкорлик қилишини тан олди. TeliaSonera Ўзбекистондаги фаолияти туфайли биринчи марта танқидга учраётгани йўқ.

Улушининг 37 фоизи Швеция ҳукуматига қарашли бўлган TeliaSonera ширкати Ўзбекистондаги UCell мобил операторининг 94 фоиз улушига эгалик қилади.

Швеция жамоатчилик телеканали чоршанба куни намойиш қилган “Тергов миссияси” (“Uppdrag granskning”) номли дастурда айтилишича, журналистлар TeliaSonera ишлайдиган мамлакатларда суриштирув ўтказиб, швед ширкати шўъба корхоналари, хусусан Ўзбекистондаги UCell мобил оператори мамлакат махфий хизматларига ўз абонентларига доир маълумотлар, жумладан уларнинг суҳбатлари, муайан вақтда қаерда экани ҳақидаги маълумотларни етказиб туришини аниқлашган.

Бунда аксар ҳолларда бундай маълумотлар тегишли ҳуқуқий амалиётга зид тарзда тақдим этилиши ва махфий хизматлар истаган вақтда, истаган ахборотни олиши мумкинлиги айтилади репортажда.

Дастурда фикр билдирган таҳлилчилар Ўзбекистондаги каби режимлар “араб баҳори” воқеаларидан кейин аҳоли орасидаги кайфиятларни мобил алоқаси орқали назорат қилишни кучайтираётганини айтишди.

TeliaSonera: МХХ билан ҳамкорлик қонун доирасида

TeliaSonera вице президенти Сисилия Эдстром Озодлик билан суҳбатда ширкат фаолият олиб бораётган мамлакатлар расмийлари, хусусан хавфсизлик хизматлари билан ҳамкорлик қилишини тасдиқлади. Лекин, дейди Эдстром хоним, бу ҳамкорлик маҳаллий қонунчилик билан шартлангандир.

- Дунё бўйлаб фаолият олиб бораётган барча телекоммуникация ширкатлари маҳаллий расмийлар ва хавфсизлик хизматлари билан ҳамкорлик қилиш масъулиятини олади. Бу лицензия келишувнинг шартларидан биридир ва ҳамкорлик миқёси маҳаллий қонунчилик билан белгиланган бўлади. Бу янгилик эмас. Лекин негадир буни, “араб баҳори” контекстидаги катта янгилик сифатида тақдим қилишмоқда, дейди Сисилия Эдстром.

"TeliaSonera Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлар ҳукуматлари билан ҳамкорлик қилиб келган, бундан кейин ҳам қонун доирасида ҳамкорлик қилишда давом этади. Бунинг “араб баҳори”га ҳеч қандай алоқаси йўқ", дея таъкидлади Сисилия Эдстром.

Бунда, дея қўшимча қилади TeliaSonera вице президенти, ҳамкорлик қай даражада бўлишини маҳаллий ҳукуматлар белгилайди ва ширкат бу борада савдолашиш имконига эга бўлмайди.

TeliaSonera абонентларга оид шахсий маълумотларни ҳуқуқий амалиётларга зид тарзда тақдим этиши ҳақидаги фикрларни ҳам Сисилия Эдстром инкор қилди.

- Йўқ, йўқ. Мутлақо ундай эмас. Баъзи мамлакатларда телефон қўнғироқлари ҳақидаги маълумотларни олиш учун суд қарори керак. Лекин бошқа мамлакатларда хавфсизлик хизматлари суд қарорисиз ҳам бундай маълумотни талаб қилиши қонунда белгиланган. Шунинг учун биз мутлақо қонунга амал қилган ҳолда иш тутамиз, дер экан TeliaSonera вице президенти Ўзбекистон қайси мамлакатлар сирасига кириши ҳақида изоҳ беришдан бош тортди.

У шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати TeliaSonera ширкатига берган лицензия келишувида мамлакат хавфсизлик хизматларига абонентлар ҳақида қандай маълумотлар берилиши тўғрисида келишилганини ҳам очиқламади.

Сесилия Эдстром: TeliaSonera ўзбек махфий хизматлари билан ҳамкорилк қилишда давом этади.

Сесилия Эдстром: TeliaSonera ўзбек махфий хизматлари билан ҳамкорилк қилишда давом этади.

- Ўзбекистондаги лицензиямизда ҳамкорлик қай даражада бўлиши кўрсатилганини аниқ билмайман. Лекин унда бу маълумотлар қай тарзда ва қайси шароитда тақдим этилиши айтилган, дейди Сесилия Эдстром.

Унинг айтишича, TeliaSonera улушларининг 37 фоизига эга бўлган Швеция ҳукумати ширкат иш олиб борадиган давлатлар, жумладан халқаро майдонда репрессив режимлар, дея тан олинган собиқ иттифоқ республикалари билан ҳамкорлик қилиб келганидан хабари бўлган.

TeliaSonera ҳамкорлари ким?

Сисилия Эдстрёмнинг айтишича, TeliaSonera UCell мобил операторининг 94 фоиз улушига эгалик қилади. Қолган 6 фоиз акциялар Takilant Ltd. номли маҳаллий ширкатга қарашлидир.

TeliaSonera вице президенти Takilant Ltd. ширкати эгаси ким эканини очиқламади. Лекин Озодликка маълум бўлишича Ўзбекистонда Ucellнинг 6 фоизига эгалик қиладиган бу ширкат оффошор мамлакат ҳисобланган Гибралтарда рўйҳатга олинган.

Гибралтар ширкатлар реестридан олинган ҳисоботда, Takilant Ltd. саноат ширкати сифатида рўйҳатга олинган бўлиб, бирорта ҳам ишчиси йўқ, фаолият ҳам олиб бормайди. Фақатгина PANALLY LTD. номли шўъба корхонаси бор.

Ўз навбатида PANALLY LTD. Лондонда 2004 йилда рўйҳатга олинган фирма бўлиб, қандай фаолият билан шуғулланиши номаълумдир. Дарвоқе, бу фирма жойлашган манзил хусусий уйга доир бўлиб, бу адрес бўйича PANALLY LTD. фирмасидан ташқари фаолияти номаълум бўлган яна 20 та фирма рўйҳатга олинган.

Бу фирмалар нима билан шуғулланиши номаълум бўлса-да, йиллик даромадлари анчагина ва эгалари номаълум қолаётган акциялар мўмайгана дивиденд келтирмоқда.

Масалан UCell эгаларидан бири Takilant Ltd. ширкатига қарашли PANALLY LTD. шўъба фирмасининг бугун 1 миллион 375 минг фунт стерлингга тенг (2 миллион 210 минг АҚШ доллари) мол мулки бор. Британия ширкатлар реестридан олинган маълумотномада кўрсатилишича, 2006 йилда бу фирма бисоти нолга тенг бўлган.

Биринчи марта эмас

TeliaSoneraнинг Ўзбекистондаги фаолияти бундан икки йил аввал ҳам швед жамоатчилигида баҳсларга сабаб бўлган эди. TeliaSonera UCell компаниясини Американинг COSCOM ширкатидан жами ярим миллиард доллардан ортиқроқ маблағ эвазига сотиб олган. Швеция ҳукуматига алоқаси бўлган ширкат коррупция даражаси юқорилиги билан танилган Ўзбекистонга бунча сармоя ётқизаётгани швед солиқ тўловчиларида саволлар туғдирган эди.

Бундан ташқари швед компаниясининг Ўзбекистон бозорига кириб келиши ҳам, юмшоқ қилиб айтганда, шубҳалироқ бўлган.

UCell ширкатидаги манба Озодлик билан ўзаро суҳбатда, TeliaSonera UCell ни сотиб олганидан кейин, Ўзбекистон расмийлари улардан шубҳали схемаларга кўра ишлашни талаб қила бошлаганини гапириб берган эди. “Компания ўзи амалга ошириши мумкин бўлган ишларни аутсорсинг орқали, яъни пудратчи фирмаларга топшириш орқали бажариш бўйича талаблар қўйилди. Ҳозирда ширкатнинг фаррошларидан тортиб, ҳайдовчию қўриқчиларигача аутсорсингга ўтказилган”, деган эди UСell даги манба.

Унга кўра, технологик иншоотларни қуриш учун ҳам TeliaSonera пудратчи фирмалар хизматидан фойдаланиши керак бўлган. “Агар бу шартларга рози бўлмаганимизда, лицензиямиз олиб қўйилиши мумкин эди. Биз бундай шартларга кўнмаган ширкатларнинг лицензиялари тортиб қўйилгани гувоҳи бўлганмиз”, деган эди UСell мутахассиси.

Агар бу шартларга рози бўлмаганимизда, лицензиямиз олиб қўйилиши мумкин эди.

Шубҳали схема эса бундай бўлган: TeliaSonera вилоятларда алоқа иншоотларини қуриш учун тендер эълон қилади. Бу тендерда “NOKIA SIEMENS NETWORKS TASHKENT LTD.” фирмаси ғолиб чиқади. Кейин “NOKIA SIEMENS NETWORKS TASHKENT LTD.” бу ишларни ўзи амалга оширмасдан яна аутсорсинг қоидаларига кўра, “Осиё Тўрон Телеком LTD.” номли фирмани ёллайди. Мазкур фирма эса, суҳбатдошимизга кўра, Ўзбекистондаги нуфузли молиявий гуруҳлардан бирига қарашли бўлган.

Жамоатчилик фикри

UCell нинг 6 фоизига эгалик қиладиган Takilant Ltd., унга қарашли PANALLY LTD., Осиё Тўрон Телеком LTD. фирмалари ўртасида боғлиқлик борми-йўқми айтиш қийин. Лекин швед ширкати TeliaSoneraнинг Ўзбекистондаги бу ҳамкорларини бирлаштирувчи жиҳат уларнинг эгаси кимлиги ва нима билан шуғулланиши ноаниқ қолаётганидадир.

Швед журналистлари TeliaSonera Ўзбекистондаги каби режимлар билан ҳамкорлик қилиб, бу мамлакатларда инсон ҳуқуқлари бузилишига бевосита ҳисса қўшаётганини айтмоқда. Суриштирув репортажи қатнашчиларидан бири Svenska Dagbladet газетаси мухбири Эрик Олсон янги фактлар TeliaSonera фаолиятида акс этмай қолмайди, деган фикрда.

- TeliaSonera бир пайтлар юз фоиз давлатга қарашли бўлган, ҳозирда унинг катта қисми хусусийлаштирилганига қарамасдан, шведцияликларнинг кўпчилиги унга ҳали ҳам давлат ширкати деб қарайди ва бу ширкатнинг репрессив режимлар билан ҳамкорлик қилиб келганига оид хабарларни швед жамоатчилиги ижобий қабул қилади, деб ўйламайман, дейди журналист Эрик Олсен.

TeliaSonera вице президенти бу танқидга жавобан, одамларга телекоммникацион хизматларни етказиб бериш ширкатнинг асосий мақсадидир, дея жавоб берди.

- Бизнинг мақсадимиз, дунё бўйлаб халқлар манфаатидан келиб чиқиб, уларга телекоммуникацион хизматлар етказишдир. Бундай хизматлар бутун дунё бўйлаб иложи борича кўпроқ одамларга етказилса, фойдали бўлади, деб ҳисоблаймиз. Бунда биз Европа Иттифоқи ва БМТ меъёрларига амал қиламиз. Шунингдек бизнес ва инвестиция қилишга доир қарорларни маънавий қарашлардан келиб чиқиб қабул қиламиз, дейди TeliaSonera вице президенти Сисилия Эдстром.

TeliaSonera дунёдаги энг йирик телекоммуникацион ширкатлардан бири ҳисобланади. Собиқ иттифоқ мамлакатларидан бу ширкат Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Озарбайжон, Грузия ва Россияда ўз бизнесига эга. TeliaSonera ҳозирда бир йилда 12 миллиард АҚШ доллари миқдорида фойда кўриши айтилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG