Линклар

logo-print

Тожикистонликлар “подшонинг қизи”дан мадад кутмоқда

  • Гулнора Равшан

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова.

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова.

Шу йил 6 март куни Сурхондарё вилояти Узун туманида йўқолиб қолган тожикистонлик Кимёхон Худоёрованинг яқинлари Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримовага хат ёзди.

Хат муаллифлари президентнинг қизидан Кимёхонни топишда яқиндан ёрдам беришни сўрамоқдалар.

- Гулнора Каримова мана халқ ишларига кўп ёрдам қилаяпти, халққа хайриялар қилаяптилар. Опамни топишга ёрдам берсинлар, деб ўша опамизга мурожаат қилаяпмиз. Аёл кишининг ишини яна аёл ўзи билади. Мана бир ярим ойдан бери опамиз йўқлар, анча жойларга мурожаат қилдик, натижасини кўрмадик, - дейди март ойи бошида Узун туманида дараксиз йўқолган Кимёхоннинг яқинларидан бири Бахтиёр Пўлатов.

Асли тожикистонлик 48 ёшли Кимёхон Худоёрова, яқинларининг айтишича, Узун туманидаги уч хонали уйини 12 минг АҚШ долларига сотган куннинг эртасига дараксиз йўқолган. Кимёхонга яқин бўлган Узун туманида яшовчи одамларнинг Худоёровлар оиласига айтишича, аёлни фуқаролик кийимида бўлган нотаниш кишилар “паспорт хизматиданмиз”, деб бирга олиб кетган.

Худоёровлар оиласи тахминича, Кимёхон айнан қўлида катта пул бўлгани учун ҳам нотаниш одамлар томонидан олиб кетилган.

Ўтган шу вақт ичида, Бахтиёр Худоёровнинг Озодликка айтишича, Тожикистондаги ва Ўзбекистондаги давлат идораларига қилинган мурожаатлардан ҳеч бир натижа чиқмади.

- Ҳатто, - дейди Бахтиёр Худоёров сўзида давом этиб, - Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги бу масала юзасидан Ўзбекистоннинг Душанбедаги элчихонасига ваъда қилган нотасини ҳозиргача юбормагани маълум бўлди.

Давлат идораларидан умидини узган Худоёровлар ниҳоят “аёл муаммосини аёл яхши англайди”, дея Гулнора Каримовадан кўмак сўради.

Озодлик: Ўзбекистонда аёллар муаммоси билан бевосита шуғулланаётган мансабдор аёллар бор. Масалан, Бош вазир ўринбосари, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова, Омбудсмен Сайёра Рашидова кабилар. Нега энди ана шу мансабдор аёлларга мурожаат қилиш ўрнига бу ишга ҳеч бир алоқаси бўлмаган Гулнора Каримовага мурожаат қилаяпсизлар?

- У аёлларни биз унчалик яхши танимаймиз. Гулнора опа подшонинг қизи эканиниям биз биламиз. Шунинг учун биз шу опамга мурожаат қилаяпмиз. Охирги шансимиз шу кишининг қўлида. Менимча, у кишининг қўлларидан келади ҳамма иш, - дейди Ваҳдат туманида яшовчи Бахтиёр Худоёров.

Тожикистонлик фуқароларнинг Гулнора Каримовага муаммони ҳал қилишда яқиндан ёрдам сўраб мурожаат қилаётгани илк бор кузатилмоқда.

Хўш, Гулнора Каримовани тожик жамиятида яхши танийдиларми? Ана шу савол билан оддий тожикистонликларга мурожаат қилдик.

- Ислом Каримовнинг қизини айтаяпсизми? Афтини танимасак ҳам, гапини эшитиб юрамиз. “Президент бўлсам, мен Ипак йўлини очаман”, деган гапини эшитганмиз, гапиради бир хилда. Бизга энди керакмас-ку у, - дейди сўғдлик Фаридахон.

- Танимайман Гулнора Каримовани. Унча ахбор билан шуғулланмаймиз, унақаларни эшитмаганман, билмайман, - дейди Рудакий туманида яшовчи Жаҳонгул ая.

- Каримовнинг қизи. Ким уй қурса, “қаердан олдинг?” деб сўрайди. Ким машина олса, “қаердан олдинг?” деб сўрайди. Танимайману, лекин ўзбекистонлик аёлларнинг қўлидан газетани олиб ўқидим. Эри афғонистонлик катта бизнесмен, уларда икки ўғил бор. Она не признаёт своего мужа и не дает своих сыновей. Я не знаю дальше что она хочет, - дейди узоқ йиллардан буён Россияда яшаб фаолият қилаётган Шарофатхон Маҳмудова.

Тожикистон давлат идораларида ҳақ-ҳуқуқлари топталган фуқаролар кўпинча Тожикистон президенти Имомали Раҳмонга ариза ёзади.

Аммо аксарият ҳолларда тожикистонлик ўзбеклар ижтимоий ва иқтисодий ва ҳатто сиёсий масалаларда Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга мурожаат қилади.

Хўш, бугун ўз муаммоси қаршисида ожиз қолган тожикистонлик ўзбек оиланинг президент Каримовга эмас, балки унинг тўнғичи, мамлакат ичкарисида ҳеч бир лавозимга эга бўлмаган Гулнора Каримовага мурожаат қилиши нимани англатади?

- Гарчанд Гулнора Каримова сиёсатчи бўлмаса ҳам, давлат ёки президент аппаратида ишламаса ҳам, лекин президентнинг қизи сифатида қўли узун, гапи гап. Агар Гулнора Каримова шу давлат ҳуқуқ-тартибот органларига шу йўқолган аёлни топиш учун топшириқ берса, гапи гап бўлиши мумкин. Дом-дараксиз йўқолган аёлнинг қариндошлари балки шундан умид қилаётгандир, - дея мулоҳаза билдиради мустақил таҳлилчи Мақсуджон Жўраев.
XS
SM
MD
LG