Линклар

18 апрел куни Ўзбекистон президенти “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармонга қўл қўйди. Президентнинг бу марҳаматига соҳиб бўладиганлар сони эса¸ йилдан йилга сийраклашиб бормоқда.


9 май – Хотира ва қадрлаш куни байрами муносабати билан чиқарилган мазкур фармонга кўра¸ иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига 400 000 сўм миқдоридаги бир марталик мукофот пули берилади.

Мазкур фармонни бажариш билан боғлиқ харажатлар давлат бюджетидан олинишини таъкидлаган Ўзбекистон президенти қатор вазирлик ва идораларни бу мукофотнинг тантанали топширилиши учун масъул этиб белгилади.

Хотира ва қадрлаш кунининг республика бўйлаб турли тадбирлар орқали байрам қилиниши таъкидланган фармон ижросини назорат қилиш Бош вазир Шавкат Мирзиëев зиммасига юклатилди.

Тошкент шаҳар Мудофаа бўлими вакилига кўра¸ бугунда шаҳарда 1200 нафар уруш қатнашчиси истиқомат қилади.

- Камаяяпти. Борган сари камайиб кетишаяпти. 1200 тача қолишган Тошкент бўйича¸ дейди Тошкент шаҳар военкомати вакили.

Тошкентлик ғолиб жангчи

82 яшар Вазген Багдасаров Тошкентда яшайди.

Багдасаров Сталинград жанги иштирокчиси.

Багдасаровнинг исми Россияда чоп қилинган “Ғолиб жангчилар” китобига киритилган.

Багдасаров Озодлик билан қисқа суҳбатда хасталикдан нолиди ва уруш хотираларидан бир-икки оғиз гапирди.

Багдасаров бултур 9 май куни 200 минг сўм миқдорида ҳукумат совғасини олганлигини билдирди.

Бу йил бу миқдор 400 минг сўм бўлганидан суҳбатдошимизнинг хабари йўқ.

Багдасаров қашқадарëлик Баҳодир деган йигитни ўз уйида ижарага қўйганини ва бу йигит унга қарашиб турганидан миннатдорлигини билдирди.

Суҳбатга қўшилган Баҳодир Вазген бобонинг уруш хотираларини тинглашини ва унга ҳар тарафдан ëрдам бераëтганини айтади:

- Тошкентда яшаяпти. Оғир бўлиб ëтибдида. Касал ëтибди. Юра олмаяптида. Оëғи оғрийди. Ўғли йўқ, икки қизи бор.


Уруш ветеранларидан кўра тадбирлар сони кўп

Тошкент шаҳар Миробод туман Уруш қатнашчилари кенгаши раҳбари Мурод Мансуров йилдан-йилга уруш қатнашчилари камайиб бораëтгани ва борлари ҳам байрам тадбирлари учун талаш бўлаëтганини айтади:

- Бултур бизлар 9 майга олиб чиққанимизда тўртта ўрис билан 5-6та ўзбекни чақириб, уларни ҳам зўрға олиб келган эдик. Биз бир тадбир ўтказган эдик. Талаш бўлаяпти. Мен олиб бораман, мен олиб бораман деб, ҳокимият олиб боради, яна қанақадир ташкилотлар, мактаб олиб бораман дейди, ўшанга уларга очередга туриб айтишингиз керак. Икки соатга оламан, овқатлантириб, у ëқ бу ëққа нима қилишим мумкин¸ дейди Миробод туман Уруш қатнашчилари кенгаши раҳбари Мурод Мансуров.

Мурод Мансуров бу йил 9 майда уруш қатнашчиларини ортиқча қийнамаслик ҳақида тавсиялар берилганини таъкидлади:

- 9 майга иложи борича у ëқ бу ëққа судраманглар деяптида. Ҳар йил касал-пасал, оëқлари оғрияпти¸ дейди бу расмий.

Уруш орқасида қолганлар

Суҳбат давомида Мансуров жабҳа ортида ишлаганлар ҳам уруш қатнашчиларига тенглаштирилганини айтди.

Қашқадарëлик Раҳмонқул бобо уруш пайтида колхоз чорвасини боқди.

Унинг бу иши муҳимлиги боис¸ сафарбарликдан озод қилинди.

Раҳмонқул бобо боққан қўйлар аскарлар озиқ-овқатига улуш бўлиб қўшилди:

- Мен урушга бормадим. Колхознинг чорвачилигида ишлаганман. Шунинг учун колхоз раиси мени урушга боришдан олиб қолган эди¸ дейди бугун 94 ëшга кирган Раҳмонқулов бобо.

Уруш қатнашчисига тенглаштирилган бўлса ҳам¸ Раҳмонқул бобо ҳукумат ëрдамига муҳтож эмаслигини айтади:

- Тўғрисини айтсам, уларнинг ëрдамига ҳам муҳтож эмасман, ëрдам сўрамайман ҳам. Кунимни ўзим кўриб келган одамман ҳамма вақт¸ дейди фарзандлари қанотида яшаëтган бу қария.

Қашқадарë¸ Сурхондарë ва Хоразмдаги Озодлик манбалари иккинчи жаҳон урушининг бевосита қатнашчилари аллақачон ўлиб кетганлигини билдиришди:

Ангорлик Анвар Бобо ўз қишлоғида бир нафар уруш қатнашчиси қолганлигини айтади:

- Бизнинг қишлоғимизда ҳозир бир киши тирик қолди. Бошқа ҳаммаси кетди. Раҳмонов Эшқобил дейди. Колхозда ишлаган. Уруш пайтида урушга кетиб, 1941 йилда кетиб 1945 йилда қайтиб келган ярадор бўлиб. Бир қанча медаллари бор. Ҳозир энди пенсияга чиқиб, ўғиллари ҳам, қизлари ҳам пенсияга чиқиб кетган. Ҳозир 97 ëшда. Ҳозир энди қишлоқнинг ичида оз-оз юраяпти. Шаҳарларга боролмайди. Ўтган йиллар, олдинги йиллар районларнинг бозорларида юрарди¸ дейди сурхонлик Ангор бобо.

Олис урушнинг Ўзбекистонга оид рақамлари

1941 йилда 6,5 миллион аҳолиси бўлган Ўзбекистондан 1,5 миллион одам урушга жалб қилинган.

Расмий маълумотларга кўра, бу урушда ярим миллион ўзбек ҳалок бўлган.

2011 йилда Ўзбекистонда 8 600 нафар уруш қатнашчиси истиқомат қилган.

2012 йилда қанча уруш қатнашчиси қолганлиги айни пайтда маҳаллий военкоматлар тарафидан аниқланмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG