Линклар

logo-print

Навоий комбинати ишчилари раҳбариятдан норози


2008 йилда Навоий КМКга Бош директор қилиб тайинланган Қувондиқ Санқақулов собиқ Бош вазир ўринбосари ва Президент томонидан тайинланадиган 16 нафар Сенаторнинг биридир.

2008 йилда Навоий КМКга Бош директор қилиб тайинланган Қувондиқ Санқақулов собиқ Бош вазир ўринбосари ва Президент томонидан тайинланадиган 16 нафар Сенаторнинг биридир.

Ўзбекистондаги энг йирик корхона ҳисобланган Навоий кон-металлургия комбинати ишчи-хизматчилари мамлакат бюджетининг қарийб чорак қисмини тўлдириб келган бу комбинатнинг инқирозга юз тутганини айтмоқдалар.

Озодликка мурожаат қилган Навоий кон-металлургия комбинатининг айрим собиқ хизматчилари ўз шахсларини очиқлаган ҳолда¸ хавфсизликлари билан боғлиқ хавотир юзасидан уни жамоатчиликка эълон қилмасликни сўрадилар.

Ўзбекистондаги энг юқори даражали шахслар ҳимоятида бўлган комбинат директори¸ асли самарқандлик Қувондиқ Санақулов ўз бошқарув усулини танқид қилганларга чидамсизлиги билан машҳур¸ дея изоҳлашди ўз хавотирларини Озодлик манбалари.

Уларга кўра¸ бугунга келиб қарийб 65 000 нафар одам меҳнат қилаëтган Навоий кон-металлургия комбинати ўз тарихидаги энг тушкун даврга кирган.

Бу нарса¸ Озодликка мурожаат қилган комбинат мутахассислари фикрича¸ биринчи галда¸ оғир шароитда меҳнат қилаëтган муҳандис ва ишчиларга берилиши лозим иш ҳақларининг қонуний асоссиз кескин пасайтирилиши билан боғлиқ.

- Масалан¸ қоғозда 10 миллион ойлик олаяпти баъзилари. Шунча ойлик олиб келганда. Санақуловнинг командаси 10 миллионни 5 миллионга тушираяпти. Кейин яна жазо чора билан 1 миллион ойлик бериб қўяяпти. Бу одам билан курашиб бўлмаслигини билиб турибмиз. Чунки унинг тепада жуда кучли ҳомийлари бор. Ҳозир бухгалтерия мутлақо ишламаяпти. Санақулов нима деса қилаяпти бухгалтерия . Ойлик ишбай тўланади, вақтбай ва контракт асосида. Контрактларни Санақулов, яқинда 6 ой бўлди, мутлақо ҳамма контрактларни олиб ташлади. Лекин ўзига тегишли гумашта, яқин оғайнилариники бор¸ дейди Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли бирлашмалардан бирида муҳандислик қилган Озодлик манбаси.

Бу манбадан мустақил ҳолда¸ айни комбинатнинг бошқа собиқ муҳандиси 2008 йилнинг 10 июн куни Қувондиқ Санақулов раҳбарликка келгандан бери давлат аҳамиятига молик бу йирик комбинат ишчиларига у иш бошлаган 1958 йилдан бери бериб келинган махсус шароит ва имтиëзлар ҳам олиб ташланганини айтади.

- Ўша Горний комбинатга қарашли 27-касалхона, боғчалар, мактаблар ҳаммаси вилояти нимасига ўтди. Фақат Горний комбинатда ишлайдиган одамларга хизмат қиларди. Оддий одамлар боролмасди. Санаторияси бор, лагери бор.

Горний комбинат вилоятга бўйсунмас эди¸ Тошкентга бўйсунадиган ташкилот эди аввал. Горний комбинат Навоийга ҳомийлик қиларди. Навоий шаҳри энг замонавий, маданиятли, топ-тоза шаҳар эди. Ҳозир қишлоқдан фарқи қолмаган. Ҳафтада свет ўчади¸ Горнийкомбинат машиналари ишлайди холос. Пенсияларнинг ярмини қарз қилиб қайтариб юбораяпти. Стипендияларни тўртликка тушираяпти¸ дейди Навоий кон-металлургия комбинатида хизмат қилган яна бир муҳандис.

Бунинг оқибатида¸ Озодлик манбаларининг таъкидича¸ НКМК ишчилари орасида норозилик кучайиб бормоқда:

- Ишчиларнинг оммавий норози бўлганининг биринчи сабаби ойлик. Кейин махсус талонлар бериларди қулайликлари бор эди. Буларни йўқ қилди. Даволаниш бепул эди, йўқ қилди. Санаторияга, Россияга ëки Қримга бориб келишларни пуллик қилиб ташлади. Ҳатто Ўзбекистондаги барча даволаниш муассасаларини ҳам йўқ қилди. Навоий шаҳрида 27-махсус поликлиника бор, профзаболивание дейди. Касб касалликлари бўйича касалхона. Ана буни ҳам издан чиқариб ташлади бу одам.

Мисол учун¸ Кучерский пайтида ўртача 750-800 минг оларди энг кам олаëтган ишчи. Бугунги кунда шу ойлик 350-400 минг атрофида. Шартнома асосида 18-20 миллион олаëтганларники ярмига тушиб қолди. Айтайлик 10 миллион бераяптида, кейин бир ой мобайнида 2-3 марта интизомий жазо чора қўллаяпти ўша одамларга. Уни қилмадинг, буни қилмадинг, буни топмадинг ëки бу туфайли давлат плани бажарилмади деяптида, чора қўллаб ўша одамга 1-2 миллион сўм пул бериб қўяяпти, дейди Навоий кон металлургия комбинатида узоқ йиллар меҳнат қилган муҳандис.

“Бундай ҳақсизликка норозилик тариқасида комбинатда ўнлаб йиллардан бери ишлаб келган рус миллатига мансуб юқори малакали мутахассислар ëппасига ишдан бўшаб кетмоқда. Бу эса¸ комбинат тушиб қолган инқирозни янада кучайтирмоқда”¸ дейди бир-биридан мустақил икки манба.

Навоий кон-металлургия комбинати ишчилари норозилигига сабаб бўлаëтган ойлик маошларнинг 50 фоизга кесилиб¸ имтиëз ва қулайликларнинг бекор этилиши юзасидан шарҳ олиш мақсадида Озодлик мухбири комбинат матбуот хизмати билан боғланди.

Хизмат раҳбарини аввало Озодликка мурожаат қилган ишчи-хизматчилар шахси қизиқтирди:

- Комбинатимиз республиканинг бир неча вилоятида жойлашгани учун¸ айнан унинг қайси бўлими ҳақида гап кетаëтганини тушунишим учун буни сўраяпман¸ деди НКМК матбуот котиби.

Озодлик ўз манбаларини¸ улар хавфсизлиги боис ошкор қила олмаслигини эшитгач комбинат воизи¸ уларни нияти бузуққа чиқарди:

- Беғараз одам аноним тарзда ишламайди. Агар сен ҳақиқат учун майдонга чиққан бўлсанг¸ кимлигингни ошкор қил¸ дея писанда қилади Озодликка мурожаат қилган комбинат собиқ ва амалдаги хизматчиларига жавобан НКМК матбуот котиби.

Комбинатнинг ҳозирги раҳбари Қувондиқ Санақулов буйруғи билан ойликларнинг қисқартирилгани¸ ишчи ва муҳандислар учун берилган имтиëз ва қулайликларнинг олиб ташлангани ҳақидаги эътирозларга жавобан матбуот хизмати раҳбари¸ бу саволлар билан ëзма тарзда расман мурожаат қилишимизни тавсия этди ва телефон орқали ҳеч қандай изоҳ берилмаслигини билдирди.

Комбинатнинг расмий сайтида ëзилишича¸ унда ишлаëтган 65 000 га яқин ишчи-хизматчиларнинг 58 фоизга яқини саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш билан машғул. Ишчи-хизматчиларнинг ижтимоий таъминоти учун йилига 80 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ сарфланиши айтилган расмий сайтда¸ комбинат қошида турли дам олиш ороҳгоҳлари¸ махсус тиббиëт ва спорт муассасалари ишлаб турганини қайд этади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG