Линклар

logo-print

"Хоҳласанг сабзавот¸ хоҳламасанг катта кўча!" Жанубий Қозоғистонда ўз ойлигини сўраган ўқитувчиларга ана шундай жавоб берилмоқда.

Оғир пайтлар оғир қарорлар қабул қилишни талаб этади. Кўпдан нақд пул танқислигига учраган Ўзбекистонда бюджет хизматчиларига ойлик ўрнига Сербиядан келтирилган музлатилган товуқ берилган бўлса¸ қозоқ ўқитувчилари ҳам минг йиллардан қолган натура хўжалигига қайтмоқда.

Ойлик тўлаш пайти келганда таълим тизими раҳбарлари ўқитувчиларга олсанг сабзавот¸ олмасанг шу ҳам йўқ¸ деган мужда бермоқда.

Жанубий Қозоғистон областидаги мустақил Ўқитувчилар касаба уюшмалари раиси Сагира Нурбековага кўра¸ айрим районларда ўқитувчилар ойлиги картошка¸ пиëз ва сабзи шаклида тўланмоқда.

Озодлик билан суҳбатда Нурбекова ўқитувчиларга сабзавотлар бозордагидан икки баробар арзон нархда таклиф қилинаëтганига қарамай¸ бу алмашинувнинг ўқитувчилар зарарига бўлаëтганини айтади.

Касаба уюшмаларига келиб тушган шикоятларга кўра¸ аксар сабзавотлар ўтган йилги ҳосил бўлган боис¸ уларнинг кўпи чириб¸ ейишга яроқсиздир.

Чимкентдаги 25 ўрта мактаб ўқитувчиси Алибек Султонбековнинг Озодликка айтишича¸ ўзи ва бошқа ҳамкасбларига ойлик ўрнига картошка таклиф этилган.

- Мен картошкани олдим. Ичида чириганлари бор¸ лекин жуда ëмон эмас. Мактабимизга фақат 2 тонна берилди. Одамлар олди. Картошкани жуда арзонга беришди. Бозорда килоси 70 тенге¸ бизга 35 дан беришди. Мен 34 кило олдим. Мактабга ким олиб келиб тарқатганини билмайман. Лекин бутун мактаб ўқитувчилари олди буни¸ дейди Султонбеков.

Жанубий Қозоғистон области Маориф бошқармаси матбуот котиби Азат Амиртаев бундай шикоятлардан хабари борлиги¸ бироқ ойлик ўрнига сабзавот бартер қилингани ҳақида бирор факт йўқлигини билдирди.

- Биз ҳам бу ҳақда эшитдик¸ аммо бу исбот этилгани йўқ. Ҳозир биз бу гапларнинг қанчалик тўғрилигини ўрганаяпмиз. Аммо ҳозирча бизда бу ишни қилаëтган аниқ одамлар номи ва аниқ шикоятлар йўқ. Сизга шикоят қилганлар бизга гапиришдан бош тортмоқда. Бори шу¸ деди Озодликка област маориф идораси расмийси.

Област Ўқитувчилар касаба уюшмаси раҳбари Нурбекова ҳам ўқитувчиларнинг расмий шикоят билан давлат идораларига мурожаат қилишга чўчиëтганини тан олади.

- Ўқитувчиларимиз бошлиқлар нима деса¸ шуни индамай қабул қилишга ўрганиб қолган. Улар ўз ҳақларини ҳимоя қилишга қодир эмас. Ўқитувчилар¸ агар ойлик шаклида берилаëтган сабзавотларни олмасалар¸ келаси йил дарс соатлари 18 соатдан кам бўлиши ëки ишдан бўшатилишларидан огоҳлантирилмоқда¸ дейди Нурбекова.

Ўқитувчилар номидан иш тутаëтган касаба уюшмаси¸ унинг раҳбарига кўра¸ бу муаммони ҳал қилишни сўраб марказий ҳукумат ва президент идорасига мурожаат қилган. Аммо бу муаммонинг кимнинг фойдасига ҳал этилиши ҳозирча тушуниксиз қолмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG