Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:42

"One Day on Earth" филми Тошкентда намойиш қилинади


“Ерда бир кун” лойиҳаси ер куррасининг турли нуқталарида бир кунда рўй берган воқеаларни тасвирлайди.
“Ерда бир кун” лойиҳаси ер куррасининг турли нуқталарида бир кунда рўй берган воқеаларни тасвирлайди.

"One Day on Earth" - БМТга оид ўзбекча нашрида “Ерда бир кун” деб номланган филмни тошкентликлар ва пойтахт меҳмонлари ҳам томоша қилади.

23 апрел куни БМТ Тараққиёт дастури ва БМТ Кўнгиллилар ташкилоти “Ерда бир кун” деб номланувчи фильм намойишига бағишланган тадбирни ўтказишини ўз сайтида билдирди.

Тошкентдаги ëшлар ижод марказида бу икки соатлик филм барча истаганлар учун бепул намойиш қилинади.

Фильм 22 апрел куни бир вақтнинг ўзида дунёнинг 160 та нуқтасида намойиш этилади. Ўзбекистонда эса бу филм бир кун кечикиб кўрсатилади.

Намойишнинг нега бир кун кечикишига БМТнинг ўзбекча нашрида изоҳ берилмаган.

Филмда ўзбекистонликларнинг ҳашар қилиб кўчаларни супураëтгани тасвирлари борлиги айтилди.

Филмда иштирок қилиш учун ўзбекистонлик кино-видео ҳаваскорлар гуруҳи бутун Ўзбекистон бўйлаб туширган тасвирларини лойиҳа гуруҳига жўнатишган.

Ер юзининг бир ондаги тасвири

“Ерда бир кун” бадиий фильм бўлиб, ер куррасининг турли нуқталарида бир кунда рўй берган воқеалар тасвиридан иборат. Масалан, филмда тожик болаларининг пахта тераëтгани акс этган.

2008 йили ўтказилган мусиқа фестивали чоғида дунёнинг турли минтақаларидан келган мусиқачилар уйғун тарзда бир куйни чалишга уринишган ва бу уриниш аввал самара бермаган эди.

Аммо улар чандон ҳаракат қилганидан кейин турли мусиқа асбобларидан таралган овозларнинг уйғун қоришмаси вужудга келди.

Ер овози дея ҳис қилинган бу куй ўзига ҳос янги ғояга ҳамиртуруш бўлди.

Киночилар бир куннинг ўзида дунëнинг турли мамлакатларидаги кўринишларни бир тасмага мухрлашга аҳд қилишди.

2010 йилнинг 10 октябрида дунёнинг 192 та мамлакатида бир пайтнинг ўзида сайёрамизда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга бағишланган 24 соатлик тасвирга олиш жараёни бошланди.

Бу жараëнда ўзига хос ажойиб “гео-видео архив” яратилди. Киночилар саватидаги улкан кино тасма ичидан эса энг қизиқ деб кўруилган тасвирлар 2 соатлик кинотасмага ямалди.

Натижада қувонч ва ғам, таваллуд ва қазо, шаҳдам қадам ва оҳиста кўз қири каби инсон ва мамлакатлар манзарасидан омуҳта филм яратилди.

Кўплаб нотижорат ташкилотлар, жумладан БМТ Тараққиёт дастурининг қўллаб-қувватлаши филм муваффақияти сабаби деб билинади.

БМТ Тараққиёт дастурининг раҳбарлиги остида бу кино намойиши 2015 йилга қадар давом этади.

Биз эртанги киноленталар

Ўзбек шоири Омон Матжоннинг Туркистондаги илк киночи Худойберган Девоновга бағишланган шеърида шундай сатрлар бор:

Тарих нима деркан бизларга қараб,
Биз эртанги киноленталар.

Ер юзида юз берган воқеаларни бир кинотасмага мухрлаш орзуси 1908 йилда Франциянинг Пате фирмаси тарафидан амалга оширилди.

Пате фирмаси ўзининг Pathé-journal деган кинохроникасида дунëнинг турли мамлакатларида, хусусан Туркистонда бўлган воқаеларни акс эттирган.

“Ҳамма нарсани кўрамиз, ҳамма нарсани биламиз” деган шиор остидаги бу кино журналда хивалик кинооператор Худойберган Девоновга оид тасвирлар намойиш қилинган.

1924 йилда Совет киночиси Dzigo Vertov бу ғояни ривожлантириб, ўзининг “Киноглаз” деган филмини суратга олади.

"Киноглаз" концепцияси Вертовга кўра мана бундай:

“Мен кинонинг механик кўзиман. Дунë қандай бўлса уни шундоқлигича кўраман. Уни бўяб сайқалламайман.”

Дунëни борлигича кўриш имкони, "One Day on Earth" филми воситасида душанба куни ўзбекистонликларга насиб қилиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG