Линклар

Екатеринбургда миграция карталари берилмаяпти


Марказий-осиёлик йўловчиларга миграцион карталарининг берилмагани бланкларнинг қолмагани билан изоҳланди.

Марказий-осиёлик йўловчиларга миграцион карталарининг берилмагани бланкларнинг қолмагани билан изоҳланди.

Екатеринбургнинг Кольцово аэропортида Самарқанддан келган йўловчиларга иммиграция картаси берилмаётир. Маҳаллий Миграция хизматида буни Россияга кириб келаётган меҳнат муҳожирларига бериладиган миграция картаси тугаб қолгани билан изоҳлашмоқда.

20 апрел куни Екатеринбургга самолётда учиб келган ўзбекистонликларга миграция карталари берилмади.

Озодликнинг Москвадаги бюросига Сургутдан қўнғироқ қилиб, бу хабарни етказган Ойбек исмли йигитнинг сўзларига кўра, Россияга киришга ва расмийлашишга рухсат берувчи миграция картасини Самарқанд-Екатеринбург йўналиши бўйича самолётда учиб келган 300 га яқин Ўзбекистон фуқароси ололмаган.

- Мен ўзим қурилиш соҳасида администратор бўлиб ишлайман. У ерда бизларнинг ишчиларимиз бор эди. Самарқанддан Екатеринбургга келган 528-62 рейси 9:25 да келиб Колцово аэропортига қўнган. Самолёт тўла бўлган- тахминан 300 тача одам бўлган. Паспортний контролда ҳам, самолёт ичида ҳам уларга миграционний карталар берилмаган, одатга кўра. Сўраса қаердан олайлик, деб “Фмсдан оласизлар”, деган. ФМСда ҳам миграция карталари тугаган экан. Шунақа бир ҳолат, ҳеч ким тушунтириб бермаяпти, на аэропортдаги, на ФМС ходимлари эшитиб муаммони ҳал қилиб беряпти, дейди Сургутдан қўнғироқ қилган Ойбек.

Екатеринбург шаҳри бўйича Федерал миграция хизматининг Иммиграция назорати бўлими ходими Александр Сорока миграция карталари ҳақиқатан тугагани, лекин йўловчилар бемалол яшаш жойлари бўйича миграция картасини олишлари мумкинлиги Озодликка тутунтиришга ўринди.

- Афсус, ҳозир миграция карталари тугади. Биз келаётганларга тушунтиряпмизки, улар бораётган туман миграция бўлимларида бу карталарнинг дубликатлари берилади ва ўша ерда улар учётга туриши мумкин. Душанба куни ҳаммаси жойида бўлади, дея ишонтирди Екатеринбург Миграция хизмати ходими Александр Сорока.

Миграция хизматининг иммиграция назорати бўлими расмийси меҳнат муҳожирлари бемалол Россиянинг истаган минтақаларига бориб, ўша ердан миграция картаси дубликатларини олишлари мумкинлигини маълум қилди.

Лекин, унинг бу маълумотларини “ғирт ёлғон” деб атаган Федерал миграция хизматининг Сургут шаҳри бўйича бўлими раҳбари муовини Владимир Токмянин Озодликка Миграция хизматининг минтақавий бўлинмалари миграция карталари фақатгина чегарани кесиб ўтганда берилишини гапирди.

- Аввалига миграция картаси нима эканлиги тушунтириб беришимга тўғри келади... Бу ҳужжат чегарани кесиб ўтган хориж фуқаросига берилади. Бу карталар ё муҳожирларни олиб келган авиакомпания самолётларида ёки чегарада турган Миграция ходимлари ёки чегарачилар томонидан берилади. Бундан чиқди, агарда йигитларингиз Екатеринбургдан миграция карталарини олмасдан Россиянинг истаган борса ҳам, уларни у ерда қайдга олишмайди, деди Владимир Токмянин.

Миграция хизмати ходимлари вазиятни аниқлаштирмаётган бир пайтда, Самарқанддан келган ўзбек йўловчилари аллақачон тарқалиб кетди, дейди миграция картасини олмагунча аэропортдан кетмаслигини маълум қилган самарқандлик Зайниддин.

- А-320 аэробусида учиб келдик. Миграционний карта ҳатто УФМС бўлимида йўқ дейишяпти. Ташқарида ўнтача одам турибди. Қолганлар таксига-бошқага миниб кетиб қолди. Ахир жойига борсак разрешение ҳам қила олмаймиз, қайдга ҳам тура олмаймиз, билмадим...УФМСдан номеримизни Сургутдаги бўлимга беришади дейишди, бошқа ҳеч гап йўқ. Унисидан сўрадик, бунисидан сўрадик, “Учинчи кун миграция карталари йўқ”, деяпти, дейди Екатеринбургнинг Колцово аэропортида миграция картасини ололмасдан ўтирган меҳнат муҳожирларидан бири.

Озодлик мазкур вазият юзасидан Свердловск вилояти Федерал миграция хизматига юборган сўровномасига расмий жавоб келди. Редакцияга қўнғироқ қилган Свердловск вилояти ФМС бошлиғи муовини Юрий Давидов ўзбекистонлик муҳожирлар масаласидаги хабар барча минтақавий миграция бўлимларига юборилган ва улар миграция карталари билан мурожаат қилинган ФМС бўлинмаларида таъминланиши маълум қилди.

- Одамларда муаммо бўлмайди. Уларнинг қўлларида чегарани кесиб ўтганлиги тўғрисида паспорт ва йўловчи чипталарида махсус штамп қўйилган. Демак, бу масала юзасидан хабар бутун Урал федерал округи ва Россия бўйлаб тарқатилди. Улар миграция қайдига олинишлари учун маҳаллий бўлинмаларига мурожаат қилиб ўша ерда миграция карталарини олишлари мумкин, дея яна бир бор ишонтирди Свердловск вилояти ФМС бошлиғи муовини Юрий Давидов.

Озодлик Свердловск вилояти ФМС раҳбариятининг қатъий ваъдалари бажарилиши ва миграция картаси билан боғлиқ вазиятни кузатишни давом этади.
XS
SM
MD
LG