Линклар

Ўзбекистонлик ёшларнинг хорижга чиқишига янги тўсиқ қўйилди

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистон армияга бориб хизмат қилиш учун фуқаролардан пул ундириладиган ягона давлатдир.

Ўзбекистон армияга бориб хизмат қилиш учун фуқаролардан пул ундириладиган ягона давлатдир.

Ўзбекистон ҳукумати ҳарбий мажбуриятли ёшларнинг эркин ҳаракат қилишини чекламоқда. Бу ҳақда хабар тарқатган Ўзбекистон Экспертлар ишчи гуруҳига кўра, меҳнат муҳожирлигига кетмоқчи бўлган ёшлардан бир ойлик ҳарбий хизматга бориш талаб қилинмоқда ва хизмат учун тўловлар мажбурий тарзда ундирилмоқда.

Жорий йилнинг феврал ойидан бошлаб хорижга чиқиб ишламоқчи бўлган ҳарбий мажбуриятли ўзбекистонлик ёшлар мамлакат чегарасидан чиқаётганда уларнинг паспортида махсус белги бўлиши талаб қилинмоқда.

Бу ҳақда хабар берган Ўзбекистон Экспертлар ишчи гуруҳининг ҳисоботида айтилишича, бу белгилар туманлардаги мудофаа ишлари бўлимларида “ҳарбий мажбуриятли” шаклида қўйилмоқда.

Агар паспортда шундай белги бўлмаса, ёшлар чегарадан ортга қайтарилиб, ҳарбий хизматни ўташ талаб қилинмоқда.

Экспертлар ишчи гуруҳига кўра, бу ҳолат мамлакат бюджетига кўпроқ пул тушириш учун амалга оширилмоқда. Ўзбекистон армияга бориб хизмат қилиш учун фуқаролардан пул ундириладиган ягона давлатдир.

Сафарбарлик резерви чақириғи номини олган ҳарбий чақирув ёшлардан бир ойлик ҳарбий хизматни ўташни ва давлат хазинасига 1миллион 800 минг сўмни тўлашни талаб қилади.

Бироқ бу пулни тўлашга Ўзбекистондаги ҳамма оиланинг ҳам қурби етмайди. Шунинг учун ҳам туманларда мудофаа ишлари бўлими вакиллари милиция, маҳалла фуқаролар йиғини раислари билан бирга уйма-уй юриб, аҳолини шунга мажбур қилмоқда, дейди Навоий вилоятининг Нурота туманида истиқомат қилувчи Дилшод:

- Ҳозир четга чиқиб мардикорлик қилиш ҳам қийин бўлиб қолди. Маҳалла раислари, посбонлари уйма-уй юриб, бир ойлик ҳарбий хизматга бораман ва пулини тўлайман деган қоғозга мажбуран қўл қўйдириб оляпти. Қўлни қўйгандан кейин мажбуран тўлаттиряпти. Хоҳласанг тўлайсан ва бир ойликка борасан, бўлмаса ҳеч қаёққа чиқмайсан деяпти. Лекин кўпчиликнинг қурби етмаяпти. Агар бунча пули бўлса Россияга бориб нима қилади. Қандай яшашни ва нима қилишни ҳам билмай қолдик, мен ўзим Россияга кетмоқчи эдим,- дейди 20 ёшли нуроталик Дилшод.

Сафарбарлик резерви чақириғига ёшларни жалб қилиш учун ҳатто мудофаа ишлари раҳбарлари, ҳокимлар ва милиция бошлиқларининг ўзлари уйма-уй юрмоқда, дейди жиззахлик ҳуқуқ фаоли Мамиржон Азимов:

- Кўп фуқаролар бир миллион 800 минг сўмни тўлолмаганлиги учун военкомни ўзи чиқиб уйма-уй юрибди. Ҳозир Ўзбекистонда ичакузилди пайти. Аҳолида пул йўқ, тўлолмаяпти. Кейин началник милиция, ҳоким, мудофаа ишлари раҳбари бирга юриб, одамларни тўлашга мажбур қиляпти,- дейди Мамиржон Азимов.

Россияда ишлаётган қўқонлик меҳнат муҳожири Рустам 19 ёшда. У бундан икки йил олдин Россияга келган. Рустамнинг айтишича, ҳозир унинг ишлагани келмоқчи бўлган тенгдошлари паспортига белги қўйдириш учун пора беришга мажбур бўлмоқда:

- Бизда ҳозир ҳамма нарса пул билан ҳал бўлади. Военкоматга пул беради ва “негодний” қилдириб олишяпти. Ёки бир ойликка бориб келди деб, ҳужжатини олишяпти. Ҳамма нарсани пул билан қилса бўлади. Менга бу гапни тенгдошларим айтишди,- дейди Россиядаги қўқонлик меҳнат муҳожири Рустам.

Ўзбекистонда ҳарбий хизматнинг икки тури жорий қилинган. Биринчи тури бир йиллик мажбурий хизмат. Бу хизматга ёшлар танлаб олинади.

Иккинчиси, сафарбарлик резерви чақируви. Бунда йигитлар бир ой ҳарбий хизматни ўташи ва давлат бюджетига 1 миллион 800 минг сўм тўлашлари шарт.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG