Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:35

Рамзон Жўра ҳикоялари


Тирикчилик ташвишида мардикорлик юкини елкага ортган миллионлаб ўзбек орасида Рамзон Жўра ҳам бор. Беш йилдан буён мардикорлик ҳуржунини елкадан қўймаётган Рамзон Жўра ўзининг бошидан кечирганларини “Муҳожиратдаги ўзбеклар” саҳифаси орқали ҳикоя қилиб боради. Саҳифамизни кузатиб боринг.

Биринчи ҳикоя: 2008 йилнинг баҳори...

Чекка, олис-олислардаги бир сўлим қишлоқ... Анҳорда оқаётган сувнинг шилдир-шилдири, чумчуқларнинг чуғур-чуғури, чанг ва тор кўчалар- болалигим кечган кўчалар…

22 ёшга ҳам кирибманки, қишлоқдан ташқарига бирор марта чиқмабман. Шунақа соддагина ўзбек йигитиман. Сабаби мен барча нарсамни ўша ерда, ватанимда қиламан, деб ўйлардим!

Ўрта мактабни аъло баҳоларга тугатгач, ўқишга киришга ҳаракат қилдим... талаба бўлдим... дипломни қўлга олдим...

Лекин хаётимда ўзгариш бўлмади. Яна сўлим қишлоғимга қайтдим. Балки барчасига ўзим сабабчидирман. Бирор жойга мутахассислигим бўйича кириб ишлай десам, бўлмади.

Ошноларим, синфдошларим эса менга Россияга бориб ишлашни таклиф қилишди. Аввало рад этдим. Синфдошларим, тенгқурларим орасида Россияга кетганлари ҳам кўп эди. Ўйлардимки, қишлоғимда ҳам ҳамма нарсани қилса бўлади.

Кейин қишлоқдан кетишни истамаслигимнинг бошқа бир сабаби ҳам бор эди. Менинг муҳаббатим яшарди қишлоқда. Ҳозирда кун, кунора дийдорлашаётганим, кетсам соғинч, ҳижрон азобларидан қўрқдим.

Кейин дарёдаги балиқларни қармоқ билан ким ушлайди? Ким экинларга қарайди, ким дала ишларини бажаради, ким молларга қарайди?

Менсиз бутун бир қишлоқ, ҳовли, маҳалла ҳувуллаб қолади-ю. Бўлиши мумкин эмас! Ҳеч қаёққа кетмаймайман!

Орадан анча вақт ўтди. Муҳаббатим билан кун ора учрашиб турамиз. Унга дунё-дунё ваъдалар бераман... Ҳаёт қизиқарли...

Бир куни тушдан сўнг ошноларим мени сўраб, уйимизга келди. Улар Россияга пул ишлаш учун кетаётган эди. Улар билан қучоқлашиб хайрлашдим. Оқ йўл тиладим.

Онам уларнинг сафарга кетаётганини эшитиб, рўмолчага ширинликлар тугиб, уларга тутқазди. Дуолар қилди.

Дўстларим билан хайрлашиб, уйга кирсам, отам билан онам ўзаро суҳбатлашаяпти.

- Рамзонни ҳам Россияга жўнатамизми хотин, мана тенгқурлари ҳам кетаяпти. Бориб ишлаб келади,- деди отам, менга эшиттириб.

Мен эшикдан кирибоқ, қишдан қолган сандалнинг ёнига чўккалаб, онамнинг жавобини кутдим.

- Нима қилади бориб, бегона юртга? Шу ерда юраверсин, ўғлим. Бир иложини топиб, уйлантириб қўйсак бўлди-да, кейин ўзи билади,- деди онам.

Она-да, барибир меҳри бошқача!

- Майли ўзинглар биласизлар, менга ҳам кўзимнинг олдимда юргани маъқул,- деди отам менга қараб.

Мен эса ерга қарадим. Болалигимдан отамнинг кўзларига тик қарай олмасдим.

Ярим тун уйқум келмайди. Ҳаёлимда Россияга бориб, пул ишлаб келиш, кейин эса уйланиш. Муҳаббатимга тезроқ етишиш.

Бориб у ерда пул ишлай оламанми? Бормасам уйланишим учун тўйимга ким пул беради? Уйланмасам бўлмайди, деган фикр ҳеч ҳаёлимдан кетмасди.

Бораман, дедим ўзимга ўзим. Аҳд қилдим. Бир йил бориб, ишлаб келаман бўлди, бошқа бориш йўқ! Балки омадим кулиб, бойиб кетарман. Лекин рус тилини билмаслигим боис иккиланардим. Ҳар холда жавоб қайтара оламан-ку. Тонг отсин отам билан маслаҳатлашиб кўрайчи, нима дейдилар.

Хонамнинг деразасини очиб қўйдим. Ташқарида майин шабада эсарди, бироз ўтиб, ёмғир томчилай бошлади...

Давоми бор...
XS
SM
MD
LG