Линклар

logo-print

Бокс бўйича оғир вазндаги собиқ жаҳон чемпиони ўзбекистонлик Руслан Чагаев 21 апрел куни Германиянинг Шверин шаҳрида 39 яшар америкалик боксчи Билли Зумбрунга қарши рингга тушди.


Саккиз раундга мўлжалланган рейтинг жангининг учинчи раунд ўрталарида “Оқ Тайсон” лақабли Руслан Чагаев рақиби Зумбрунни кучли зарба билан йиқитди.

Қаддини ростлаган Зумбрун яна бир зарбани ўтказиб юбориб бурни синганидан кейин ҳакам техник нокаут (ТКО) сабабли жангни тўхтатди.

Ўн икки йилдан бери профессионал боксда фаолият олиб бораётган “Бола” лақабини олган Зумбрун АҚШ ташқарисида атиги бир марта, яъни, 2006 йилда Германиянинг Дюсселдорф шаҳрида россиялик Александр Дмитриенкога қарши рингга тушиб, очколар бўйича ютқазган.

Юта штатидан бўлган Билли Зумбрун охирги марта 2012 йил январида ҳамюрти Клифф Каузерга қарши рингга тушиб рақибини нокаут билан ютган.

Америкалик ветеран боксчи Зумбрун рингда, 21 апрел кунги жангни ҳисоблаганда, жаъми 39та жанг ўтказиб ундан 25тасида ғалаба қозонган, 15та ўйинни нокаут билан ютган.

Билли Зумбрун 13та жангда мағлубиятга учраган, бир ўйин дуранг билан якунланган.

33 яшар Руслан Чагаев 2011 йил ноябр ойида россиялик Александр Поветкинга очколар бўйича бой берган.

"Оқ Тайсон" Поветкин билан яна бир марта рингда куч синашишни таклиф қилди.

Бироқ Поветкиннинг менежери Владимир Хрюнов олдинда бошқа рақиблар билан қатор жанглар ўтказиш белгилангани ва Чагаев билан яна рингга тушиш режада кўзда тутилмаганини айтиб, матч-реванш ўтказишдан бош тортди.

Чагаев жорий йил 28 январ куни Ҳамбург шаҳрида ўтказилган саккиз раундлик рейтинг жанггида тринидад-ва-тобаголик рақиби Кертсон Менсуэлл устидан ишончли ғалаба қозонган.

Руслан Чагаев 22 апрелгача профессионал рингда 29 та жанг ўтказиб, 26 тасида ғалаба қозонган, иккита ўйинда мағлубиятга учраган, бир ўйинни дуранг билан якунлаган.

“Оқ Тайсон” 18 та ўйинни нокаут билан тугатган.

Ҳозирда Руслан Чагаев WBA рейтингида саккизинчи ўринни эгаллаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG