Линклар

Тирикчилик ташвишида мардикорлик юкини елкага ортган миллионлаб ўзбек орасида Рамзон Жўра ҳам бор. Беш йилдан буён мардикорлик ҳуржунини елкадан қўймаётган Рамзон Жўра ўзининг бошидан кечирганларини “Муҳожиратдаги ўзбеклар” саҳифаси орқали ҳикоя қилиб боради.

Тонг отди. Деразамдан кираётган қуёш нури юзимга тушиб, қиздира бошлади. Эрталабки уйқу ширин-да, тургим келмайди.

-Рамзон тур, нонушта қиламиз,- деди онам деразамдан мўралаб.

Онам менинг жонли “будильник”им. Ҳар куни эрталаб онамнинг овози билан уйғонаман.

Ўрнимдан туриб, ташқарига чиқдим. Олапар итим думини ликиллатиб, олдимга югуриб келди.

Кечаси ёққан ёмғир ортидан ердан кўтарилаётган буғлар секин-аста осмонга кўтариб, булутлар қаърида ғойиб бўларди.

Ариқда шилдираб оқаётган сувга юзимни ювдим. Муздек сув бутун баданимга тетиклик бағишлади.

Кеча кечқурун ўзимга берган аҳдимни эслаб, дастурхон бошига келиб ўтирдим.

-Яхши ётиб турдиларми? Қани бу ёққа ўтиринг Рамзонхонтўра,- деди отам мени эркалатиб.

Россияга кетиш фикримни отам қандай қабул қилади, деган фикрда дастурхон четига ўтирдим.

Дастурхонда туршак, ёнғоқнинг мағзи, узумдан тайёрланган шинни ва тандирда ёпилган нон. Ҳаммасидан оз-оздан еб олгач, ўзим сўз бошладим.

- Ота, мен Россияга бориб ишлаб келсам дегандим, шу фикрга сиз нима дейсиз?

Отам пиёладаги чойни симириб ичдида:

-Сен ҳам катта бўлиб қолдинг, у ёқ- бу ёқларни кўриб, айланиб келсанг бўлаверади. Оқ-қорани, яхши ёмонни танийсан, ўғлим. Лекин онанг рози бўлармикан,- дея онамга қаради.

-Мен айтдим-ку бормайди деб, бормайди. Ким қаёққа кетса кетар, лекин мен ўғлимни ҳеч қаёққа жўнатмайман,- дея онам ўрнидан туриб кетди.

-Онангни мен ўзим кўндираман. Қишлоқдан Россияга танишлар кетса, уларга қўшилиб борасан, майлими ўғлим,- деди отам.

-Рахмат,- дедим хурсанд бўлиб.

Нонушта тугагач, олапаримни эргаштириб, далага жўнадим. Йўл-йўлакай муҳаббатимни ҳам бир кўрай деб, унинг уйи олдидан ўтган йўлдан кетдим.

Орадан бир-икки кун ўтгач, аммамнинг ўғли Фурқат ака бизникига келиб, отам билан маслаҳатлашди ва мени Россияга олиб кетишга рози бўлди.

Бир томондан хурсанд эдим, лекин бегона юртда мени нималар кутаётганини ўйлаб юрагим сиқилар эди.

Отам, онам ва муҳаббатимни ташлаб кетаётганимдан ич-ичим тирналарди.

Ҳай, бу ёғи Оллоҳга аён. Йигит кишининг рисқи кўчада... бошга тушганини кўз кўради!

Давоми бор...

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG