Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:40

Францияда президент сайловининг биринчи босқичи ўтказилди


Страсбург шаҳридаги сайлов участкаларидан бири, 2012 йил 22 апрел.
Страсбург шаҳридаги сайлов участкаларидан бири, 2012 йил 22 апрел.
Расмий маълумотларга кўра, 22 апрел кунги сайловда 44 миллион Франция фуқароси мамлакат бўйлаб очилган 85 минг сайлов участкасида овоз бериш имкониятига эга бўлган.

Бироқ аксар сайловчилар президентликка номзодлар сайловолди кампанияси давомида ишсизлик каби долзарб муаммоларни кўтармагани учун сайловда қатнашмаслиги мумкинлигига ишора қилган.

Париж шаҳридаги сайлов участкаларидан бирида овоз берган Женевиев Балди Рейтерс мухбирига сайловда иштирок этишни ўз бурчи, деб билишини айтди.

- Мен овоз беришни хоҳлайман. Аммо буни катта хоҳиш билан қилмайман. Мен рўйхатдан ўтганман ва бизда танлов йўқ. Шу боис муносиб номзодни қўллаб, овоз беришимиз керак, - деди парижлик Балди.

Франция президенти лавозимини эгаллаш учун 10 номзод даъвогарлик қилмоқда.

Аммо сайловнинг 22 апрел кунги биринчи босқичдан бирорта номзод сайловчиларнинг аксар овозини олиши кутилаётгани йўқ.

Биринчи босқичда биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаган номзодлар 6 май куни президент лавозми учун курашни давом эттиради.

Агар 6 май кунги сайловда Франсуа Олланд Николя Саркозидан кўп овоз олса, социалистлар номзоди сўнгги 30 йил давомида илк бор Франция президенти бўлади.

Охирги марта Социалистик партиядан Франция президенти бўлган Француа Миттеран 1995 йилда истеъфога чиққан.

Таҳлилчилар 22 апрел кунги сайлов натижалари Франциянинг янги ҳукумати таркиби қандай бўлишини белгилашини айтмоқда.

Июн ойида Франция парламентига аъзолиги учун сайловлар ўтказилади.

Ҳозирда Франция парламентини президент Николя Саркози етакчилигидаги консерваторлар назорат қилиб келмоқда.

Сайловнинг дастлабки натижалари якшанба куни Тошкент вақти билан соат 22 дан кейин, яъни сайлов участкалари ёпилганидан бир оз ўтиб эълон қилиниши кутилмоқда.

Франция президенти лавозими учун ўтказилаётган сайловнинг биринчи босқичида мамлакат ташқарисида яшаётган қарийб 800 минг франциялик ҳам овоз бермоқда.
XS
SM
MD
LG