Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:27

Юсуповлар уйида яна бомба портлади


Қозонда отиб ўлдирилган Ўзбекистон фуқароси Рустам Юсупов ва унинг аёли Лениза Юсупова.
Қозонда отиб ўлдирилган Ўзбекистон фуқароси Рустам Юсупов ва унинг аёли Лениза Юсупова.

Татаристоннинг Мемдел қишлоғида юз берган портлаш оқибатида январ ойида террорчиликда айбланиб ўлдирилган ўзбекистонлик Рустам Юсуповнинг ота-онаси жароҳат олди.


21 апрел куни кечки соат 6 ларда Татаристоннинг Високогорний тумани Мемдел қишлоғидаги уйлардан бирида содир бўлган портлаш натижасида уй эгасининг иккала қўли узилиб тушди, кўзларига жиддий жароҳат етказилди.

Ҳодиса жойига етиб борган полиция ходимлари жароҳат олган шахснинг жорий йил 10 январ куни махсус амалиёт давомида портловчи мослама ясашда айбланиб қидирувга берилган, кейинроқ эса Қозон шаҳридаги квартиралардан бирида отиб ўлдирилган тошкентлик Рустам Юсуповнинг отаси Габдулла Юсупов экани аниқланди"¸ дейди Озодлик мухбирига Татаристон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ахборот бўлими бошлиғи Максим Костромин.

- Дастлабки маълумотларга кўра, бу киши қор эриганидан кейин ҳовлисини ўғли Рустам Юсуповдан қолган ахлатдан тозалаётган бўлган. Ахлат ичида у шубҳали буюм топиб олган. Пакетга ўралган ва кофе банкасига жойлаштирилган бомба 1948 йилда туғилган Габдулла Юсуповнинг қўлида портлаб кетган ва елкасигача қўлини узиб кетган. Бутун бадани осколкалар билан яраланган фуқаро Қозон шаҳар Тез тиббий ёрдам шифохонасига олиб кетилди, дея маълум қилди Максим Костромин.

Қозон шаҳар 1-сонли Тез тиббий ёрдам шифохонасидан олинган маълумотга кўра, ҳозирда ҳозирда врачлар 64 ёшли Габдулла Юсупов ҳаëтини сақлаб қолишга уринмоқда. Жабрланувчи рафиқасининг ҳам енгил жароҳат олгани айтилмоқда.

10 январдаги портлашдан кейин нафақахўрлар ҳовлиси махсус мина қидирувчи мослама томонидан текширилгани билдирилган эди. Татаристон Ички ишлар вазирлиги расмийси Максим Костромин қўлбола бомбанинг махсус текширув пайтида аниқланмай қолгани сабабларини тушунтиради:

- Тўғри, текширув бўлган. Лекин портловчи мослама биринчидан банкада бўлган, иккинчидан у икки метр баландликдаги қор остида қолган, учинчидан бомба уй ичкариси эмас¸ участкада яширилган. Шунинг учун техниклар уни биринчи маротаба аниқламаган , дейди Максим Костромин.

10 январ куни Юсуповлар хонадонида портлаш оқибатида ёнғин келиб чиққан эди. Ҳодиса жойига етиб келган маҳаллий ўт ўчирувчилар хоналардан бирида иккита портловчи мосламани аниқлаган¸ майонез банкасига жойлаштирилган портлаш мосламаси зарарсизлантирилаётганида портлаб, сапёрнинг чап қўлини узиб кетган эди.

Татаристон Ички ишлар бошқармаси тарқатган маълумотга кўра, аввалига Рустам Юсупов Високогорний тумани Мемдел қишлоғидаги отасининг уйида содир бўлган портлашга алоқадорликда гумонланиб қидирувга берилган. Аниқланишича, Рустам Юсупов ундан аввал Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси томонидан “радикал исломий гуруҳларга алоқадорликда айбланиб” қидирувга берилган бўлган. Татаристон хавфсизлик кучлари Рустам Юсуповнинг Ҳизбут-Таҳрир экстремистик гуруҳига алоқадорликда гумонланганини билдирган.

2012 йилнинг 12 январида Қозоннинг Химиклар кўчасида кучишлатар идора ходимлари томонидан олиб борилган махсус операция давомида жиноят қидирув бўлими ходими Павел Земскойга пичоқ билан ҳамла қилган 37 ёшли ўзбекистонлик Рустам Юсупов отиб ўлдирилди.

17 январ куни Рустам Юсуповнинг шериклари деб гумон қилинаётган икки шахс қўлга олинди. Улардан бири Ўзбекистон фуқароси, 44 ёшли Радик Валиев, иккинчиси эса 37 ёшли татаристонлик Рауф Ситдиқов бўлиб чиқди.

Бу воқеа ортидан ҳуқуқ-тартибот идоралари Рустам Юсуповнинг беваси Лениза Тимергалиевани ҳам террорчиликда гумонлаб қўлга олган¸ аммо икки нафар вояга етмаган фарзанди борлиги ва эрининг жиноий фаолиятига алоқаси йўқлигини ҳисобга олиб, Ленизани эртасигаёқ қўйиб юборишган эди.

Ўзбекистон фуқароси Рустам Юсупов 1973 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. У Татаристоннинг Нижнекамск шаҳрида 1985 йилда туғилган Лениза Тимергалиева билан турмуш қуриб, икки фарзандли бўлган. 2009 йилда Тошкентдаги ҳовлисини сотган Юсуповлар Мемдел қишлоғида уй сотиб олиб Татаристонга кўчиб келишган.

Габдулла Юсупов ҳозирга қадар ўғли Рустам иккита фарзанди ва рафиқаси яшаётган хонада портлаш мосламасини ясаганига ишонмаслиги ва унинг айбсиз эканини таъкидлаб келган эди.
XS
SM
MD
LG