Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:26

“Ҳақ сўз”нинг қайтиши


Роса ўн йиллик танаффусдан сўнг Тожикистондаги Ўзбеклар жамиятининг “Ҳақ сўз” газетаси қайта дунё юзини кўрди.

Ўн олти саҳифадан иборат мазкур нашр ҳафтада икки марта чоп этилиши айтилмоқда.

“Ҳақ сўз” газетаси ижодий жамоасига кўра, мазкур нашр Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатлари жуда мураккаб бир даврни бошдан кечираётган айни кезда нашр этила бошлади.

Бош муҳаррир вазифасини бажарувчи Отабек Ғойибовнинг таъкидича, бу газета икки орадаги тушунмовчиликлар ва ўзбек-тожик алоқаларида кузатилаётган айрим чигалликларни бартараф этиш учун оз бўлса-да, ўз улушини қўшади.

“Ҳақ сўз” газетаси ўтган асрнинг 90-йиллари бошида Тожикистон Адлия вазирлиги қайдидан ўтиб, тахминан ўн йил давомида тожикистонлик ўзбеклар ва улар қатори бу мамлакатдаги бошқа миллат ва элатларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммолари ва сиёсий мавзуларни очиқ-ошкор ёритиб турди. Лекин, Ғойибовнинг қайд этишича, Тожикистондаги Ўзбеклар жамиятининг фаолияти сустлашгани ортидан “Ҳақ сўз” рўзномаси ҳам тўхтаб қолганди.

Орадан ўн йил вақт ўтиб “Ҳақ сўз” иккинчи марта давлат қайдидан ўтди.

“Ҳақ сўз” газетаси бош муҳаррири вазифасини бажарувчи Отабек Ғойибов.
“Ҳақ сўз” газетаси бош муҳаррири вазифасини бажарувчи Отабек Ғойибов.
Отабек Ғойибовнинг Озодликка билдиришича, Ўзбеклар жамиятига мурожаат қилганларнинг жуда кўпчилиги газетага янги ном берилиши таклифини ўртага ташлаган, бироқ жамият фаоллари газетанинг эски номи билан чиқишини маъқул топган.

- Газетамизнинг шу ном билан чиқишида ва унда хизмат қилган Ҳомиджон ака Ҳакимовнинг хотираси учун, қолаверса, газетамиз бундан кейин ҳам фақат ҳақ сўзни айтиб келишини назарга олган ҳолда, биз газета ўз номида қолишини маъқул кўрдик, - дейди Отабек Ғойибов.

Ижтимоий-сиёсий, адабий-бадиий мавзуларни ўз саҳифаларида ёритган “Ҳақ сўз” газетасининг қайта нашрдан чиқарилиши аксарият тожикистонлик ўзбеклар томонидан олқишланмоқда.

Кекса журналист Нўъмонжон Фахриддинов мазкур газетанинг маҳаллий ўзбеклар учун аҳамияти катта эканини айтади.

- Биринчидан, уч-тўрт киши ойлик олиб ишлайдиган иш жойига эга бўлади, иккинчидан, жамият олиб бораётган иш фаолияти бўйича республика аҳолиси, жумладан, ўзбеклар кенг хабардор бўлади. Учинчидан, бошқа давлатларга ҳам бу газета юбориб турилса, миллий масалалар билан шуғулланувчи ташкилотлар тожикистонлик ўзбеклар аҳволидан хабардор бўлиб туради. Бу жудаям яхши нарса, - дейди Фахриддинов.

23 апрел куни Тожикистоннинг бир қатор туман ва шаҳарлари аҳолиси орасида тарқатилган “Ҳақ сўз” газетасининг биринчи сонида сўнгги бир ҳафта давомида жамиятда кузатилган воқеа-ҳодисалар, таҳлилий мақолалар, ёш ижодкорлар қаламига мансуб шеър ва ҳикоялар ўрин олган.

Хатлон вилоятининг Панж туманидан бўлган Зайтуна Қаландарова газетанинг биринчи саҳифасида президент Имомали Раҳмондан келтирилган “Алишер Навоийдан, Зулфиядан шеър айтинг” иқтибосдан жуда таъсирланганини айтади.

- Ўзбек билан тожик бир халқ, деб биламан. Аввал “сен ўзбексан” ёки “сен тожиксан” деган гаплар йўқ эди. Бу ярамас калималар кейинчалик пайдо бўлди. Айрим калтафаҳм одамлар, маҳаллий мулозимларнинг ўйламай гапиришидан кейин бу гаплар пайдо бўлди. “Ҳақ сўз” саҳифасида Ваҳдат туманида бир қишлоқ раисининг қарори билан бутун бошли бир ўзбек мактабининг мажбуран тожиклаштирилгани ҳақидаги мақолани ўқиб, роса эзилдим. Ана шундай нотўғри қарорлар бизни ажратиб ташлайди. Давлат раҳбари, қонунларимиз ҳар бир миллат, элат ўз она тилида билим олишини кафолатлаган. Ростини айтсам, бу газета очиқча таҳлили билан менга роса ёқди, - дейди собиқ депутат Зайтуна хоним.

“Ҳақ сўз” масъулларининг айтишича, газета ҳозирча бир минг нусхада чоп этилмоқда, аммо кейинчалик талаб-эҳтиёжни назарга олган ҳолда, газета адади яна кўпайтирилиши мумкин.

Тожикистондаги Ўзбеклар жамияти бу мамлакатда давлат қайдидан ўтган бошқа миллий озчилик вакилларининг нодавлат ташкилотларидан фарқли ўлароқ ўз нашрига эга бўлган ягона тузилмадир.
XS
SM
MD
LG