Линклар

logo-print

Москвада черков ҳимоясига оммавий юриш ўтказилди


Москвадги салиб юриши.

Москвадги салиб юриши.

22 апрел куни Москвадаги Исо Масиҳ ибодатхонаси олдида черков ҳимояси учун уюштирилган ибодат маросимига 65 минг одам чиқди.

Россия черковларида 22 апрел куни Рус православ черкови томонидан уюштирилган оммавий ибодат маросимлари бўлиб ўтди. Жумладан Москвада, Олий черков кенгаши рухсати билан ташкиллаштирилган юришда, шаҳар полиция бошқармаси хабарига кўра, 65 минг одам иштирок этди.

Хоч ортидан қилинган мазкур юришда қатнашиш учун Россиянинг турли минтақаларидан махсус автобусларда минглаб диндор пойтахтга олиб келинди.

Маросимда сўзга чиққан Рус православ черкови патриархи Кирилл оммавий чиқишларнинг православ ибодатхоналари ва насронийлар учун муқаддас бўлган буюмларни таҳқирлаш ҳолатларининг сўнгги кунларда кўпайиб бораётганига норозилик ифодаси эканини таъкидлади.

Юришдан кейин қилинган чиқишида патриарх Кирилл черковни “ёлғон ва туҳматдан” ҳимоя қилишга чақирди.

- Бир қарасак¸ биз Парвардигор учун жонимизни беришга тайёрмиз. Бошқа вақтда эса¸ ёлғон-яшиқ, жозибадор кўринган эҳтирослар ва ақлимизни шод этувчи фикр, сўз ва ғояларга учамиз. Имон ва имонсизлик аломатлари саналган бу феномен нима деб аталади?! Бугун биз илгарги давр билан солиштириб бўлмас қувғинга учрадик, деди Рус черкови раҳбари.

Патриарх Кирилл черковни таҳқирлаётганларни “Исо Масиҳ душманлари” дея атади ва диндорларни Россиянинг “иблис васвасасига берилган” замонавий ёшлари ва аҳолиси учун дуо қилишга чақирди.



Черков ҳимоясига уюштирилган намойишда кинорежиссёр Никита Михалков, журналист Пётр Толстой, тарихчи Наталия Нарочницкаялар сўзга чиқди.



Тадбир ўтказилишига 21 феврал куни Pussy Riot мусиқий панк-гуруҳининг маскадаги қизлари Исо Масиҳ ибодатхонасига кириб¸ черковнинг президент сайловида ғолиб чиқиши кутилаётган Владимир Путин билан муносабатини танқид қилувчи қўшиқни баланд овозда айтиб, рақсга тушгани сабаб бўлди.

Мусиқий гуруҳ аъзолари мазкур ҳаракати учун безориликда айбланиб¸ жавобгарликка тортилди. Ҳозирда қўшиқчи қизлар ҳибсда қолмоқда.

Pussy Riot гуруҳининг бу ҳаракати Россиядаги православ насронийлар ғазабига учради.

Бироқ кузатувчилар рус черкови ғазабига бу чиқиш эмас¸ балки патриарх Кириллнинг 30 минг долларга баҳоланган “Брегет” соати ва Москванинг Набережная кўчасидаги черков йўлбошчисининг кўп хонали квартираси билан боғлиқ можаролар сабаб бўлганини гапиришмоқда.
XS
SM
MD
LG