Линклар

Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлар билан чегарадош саккиз вилоятида 5 ёшгача бўлган болалар эмланмоқда.

Бу ҳақда маҳаллий оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари, бош санитар врач Саидмурод Саидалиевга таянган ҳолда хабар тарқатди.

Маълумотларга кўра, ўзбекистонлик болалар Россияда ишлаб чиқарилган вакцина билан 23 апрелдан 28 апрелгача ҳамда 21 майдан 26 майгача эмланади.

- Миллий эмлов кунларини ўтказиш учун 5200 эмлов бригадалари, 6000 эмлов пункти, шунингдек, 6300 шифокор ва 16 минг ҳамшира тайёрланган. Мазкур тадбирни ўтказиш учун барча масалалар ишлаб чиқилган, - деди Саидмурод Саидалиев.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъулларининг қайдига кўра, Ўзбекистонда полиомиелит 1996 йилда бартараф қилинган. 2003 эса Ўзбекистон полиовирусдан ҳоли мамлакат экани ҳақида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти сертификати олинган. Шунга қарамай, қўшни Афғонистон ва Тожикистонда полиомиелитга чалиниш ҳолатлари кўпайган 2010 йилдан буён мамлакатда бу борада профилактик чора-тадбирлар кўрилмоқда. Чунончи, ўтган икки йил мобайнида Ўзбекистонда болаларни полиомиелитга қарши эмлаш бўйича олти маротаба Миллий эмлов кунлари ўтказган ва бу тадбирлар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) ва Полиомиелитни бартараф қилиш бўйича глобал ташаббуснинг бошқа ҳамкорлари кўмагида амалга оширилганди.

Навбатдаги эмлов ҳам, Саидмурод Саидалиевга кўра, қўшни Афғонистон, шунингдек, Покистон, Ҳиндистон ва Африканинг қатор давлатларида полиомиелитга чалиниш ҳолатлари кўп қайдга олинаётгани ва бу хавфли вирус Ўзбекистонга кириб келиши мумкинлиги эътиборга олинган ҳолда ўтказилмоқда.

- Шунинг учун ҳам Соғлиқни сақлаш вазирлигининг эмлов бўйича махсус экспертлик комиссияси республиканинг чегараолди ҳудудлари бўлиб ҳисобланмиш саккиз вилоятида полиомиелитга қарши қўшимча эмлов ўтказиш қарорига келди, - деди Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари, бош санитар врач Саидмурод Саидалиев.

Шифокорларнинг айтишларича, полиомиелит даволанмайдиган ўткир юқумли касаллик бўлиб, унинг олдини фақат эмлов йўли билан олиш мумкин.
XS
SM
MD
LG