Линклар

Хитой “Тожикцемент”га кўмаклашмоқчи


Хитой “Тожикцемент” заводининг кўмирга ўтишига кўмаклашади. Бу борада Тожикистон Энергетика ва саноат вазирлиги хабар тарқатди.

Маълумотларга кўра, янги ҳафта бошида Душанбе шаҳрида Хитойнинг “Beijing Jinchuang Combined Gas Meter Co.Ltd” ширкати вакиллари билан бўлиб ўтган мазокарада ана шундай қарорга келинган ва томонлар бу борада меморандум ҳам имзолаган.

Айтилишича, хитойлик мутахассислар “Тожикцемент” заводининг ишлаб чиқариш тизими билан тўла танишгач, заводни кўмирга ўтказиш техник асосларини ишлаб чиқишга киришади.

“Тожикцемент” заводи Тожикистоннинг цемент ишлаб чиқариш ягона корхонаси саналади. Бу корхона йилига бир миллион тоннадан ортиқ цемент ишлаб чиқаради ва маҳсулотининг асосий қисми минтақада қурилажак энг йирик ГЭС – Роғун учун сарфланади.

Ўтган асрнинг 40-йиллари бошида фойдаланишга топширилган “Тожикцемент” заводи ўтган давр мобайнида Ўзбекистондан импорт қилинган табиий газ билан фаолият юритиб келган. Бироқ апрел ойи бошида Ўзбекистон Тожикистонга табиий газ таъминотини тўхтатиб қўйганидан сўнг мазкур корхона фаолияти ҳам тўхтатилгани айтилади.
XS
SM
MD
LG