Линклар

logo-print

Ўзбекистон Қирғизистон билан чегарасининг 600 чақиримига сим тўрлар ва тўсиқларни ўрната бошлади.

Қирғизистон ҳукуматининг қирғиз-ўзбек чегарасини аниқлаш бўйича бўлими бошлиғи Қурбонбой Искендеров Ўзбекистон Қирғизистон билан чегарасининг 600 километрлик қисмига тўсиқларни қирғиз томони билан келишмай туриб ўрната бошлаганини айтди.

Қирғизистон бунга жавобан чегарада ўз тўсиқларни ўрнатмоқчи. Бунинг учун 7 миллион сўм маблағ ажратилган.

Расмий маълумотларда айтилишича, Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида 50 дан ортиқ баҳсли ҳудуд мавжуд. Қирғиз томони Ўзбекистон мавжуд баҳсли ҳудудларга ҳам чегара тўсиқларини ўрната бошлаганидан норози. Қирғиз ҳукуматига кўра, бу борада Ўзбекистонга бир неча маротаба нота ҳам жўнатилган.

Қурбонбой Искендеровнинг айтишича, ўзбек-қирғиз чегарасини аниқлаш бўйича давлатлараро комиссиясининг баҳсли ҳудудлар масаласидаги навбатдаги йиғилиши 16 май куни Жалолобод шаҳрида бўлиб ўтади.

Чегараларни аниқлаш давлатлараро комиссиясининг Ўзбекистон ва Қирғизистондан бўлган вакиллари баҳсли ҳудудлар мавжуд бўлган жойларни бориб кўрадилар ва масалани ҳал этишга ҳаракат қиладилар.

- Биз учрашувни атайин жанубий ҳудудда ўтказмоқчимиз. Учрашув Жалолобод шаҳрида бўлиб ўтади. Бунинг сабаби бу ер баҳсли ҳудудларга жуда яқин. Комиссия аъзолари эҳтиёж туғилиб қолса, муаммоли ҳудудларни бориб кўриш имкониятига эга бўладилар,- деди Қурбонбой Искендеров.

Қирғиз расмийсининг билдиришича, Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасида 18 та ўтказиш пункти мавжуд. Бироқ бугунги кунда уларнинг фақат биттаси- Ўшдаги “Дўстлик” чегара ўтказиш пунктигина тўлақонли ишламоқда. Яъни бу чегара пунктидан Ўзбекистонга ҳам, Қирғизистонга ҳам ўтиш мумкин. Қолган 17 та пунктда эса Ўзбекистон фуқаролари Қирғизистон ҳудудига ўтказилади, бироқ қирғизистонликлар Ўзбекистонга ўтказилмайди.

Кузатувчиларнинг айтишларича, 18 та чегара ўтказиш пунктидан фақат биттасининг тўлақонли ишлаётгани қирғизистонликларга ҳам, ўзбекистонликларга ҳам кўплаб ноқулайликларни пайдо қилмоқда. Ўзбекистонга ўтмоқчи бўлган қирғизистонликлар ва ўз уйларига қайтмоқчи бўлган ўзбекистонликлар чегарада соатлаб навбат кутишга мажбур бўлмоқда.

Қирғизистон-Ўзбекистон дўстлик жамиятининг раиси, Қирғизистон Ўзбек миллий-маданий маркази президенти Бахтиёр Фаттоҳов бу масалани халқ дипломатияси йўли билан ҳал қилишга уриниш бўлаётганини айтди:

- Менинг ўзим ҳам яқинда Андижонга, синглимнинг туғилган кунига боришимга тўғри келиб қолди. Чегарада халқнинг қандай қийинчиликларга учраётганини ўз кўзим билан кўрдим, одамлар билан гаплашдим. Албатта, божхона ва чегарадан ўтаётганимизда ҳар икки давлатнинг қонун-қоидаларига риоя қилишимиз шарт. Аммо одамларнинг чегарадан ўтиш учун соатлаб навбат кутиши турли норозиликларни пайдо қилаяпти. Шунинг учун давлат тузилмалари ва Қирғизистон-Ўзбекистон дўстлик жамияти орқали ҳам бу муаммонинг йўлини топишга ҳаракат қилаяпмиз, -деди Бахтиёр Фаттоҳов.

Айни пайтда 1378 чақиримлик ўзбек-қирғиз чегарасининг 320 чақирими аниқланмаган.

Бундан тўрт йил аввал баҳсли ҳудудлар масаласидаги тортишувлар кучайиб кетгани боис, ўзбек-қирғиз чегараларини аниқлаш давлатлараро комиссияси фаолияти ҳам тўхтатиб қўйилган эди. Мазкур комиссия фаолияти 2011 йил баҳоридадагина қайта тикланди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG