Линклар

logo-print

Бошқирдистонда икки нафар тожикистонлик мардикорни вахшийларча ўлдирган Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларига узоқ муддатли қамоқ жазоси тайинланди. Бошқирдистон Олий Суди ҳукмида “қора бригадирлик” қилган ўзбекистонлик Олимжон Орифжонов меҳнат муҳожирларидан олган қарзини бермаслик мақсадида отиб ўлдиргани айтилади.

Бошқирдистонда 30 яшар ўзбекистонлик Олимжон Орифжонов ва 34 ёшли қирғизистонлик Одилжон Толибжонов узоқ муддатли қамоқ жазосига маҳкум этилди. Улар ноқонуний қурол ишлатганликда, ўғриликда ва қотилликда айбдор деб топилди, дейди Озодликка Бошқирдистон Олий Суди раиси муовини Елена Макушина.

- Республика Олий Суди қотиллик ташкилотчиси 31 ёшли Олимжон Орифжоновга 22 йил, унинг шериги 35 ёшли Одилжон Толибжоновга эса 12 йиллик қаттиқ режимдаги тузатиш колониясида қамоқ жазоси тайинлади. Суд қарори кучга кирди, деди Бошқирдистон Олий Суди расмийси Елена Макушина.

Маълум бўлишича, Ўзбекистон фуқароси Олимжон Орифжонов Челябинск вилоятида марказий-осиёлик қурувчиларни ишга жойлаштиришда даллоллик қилиб келган. 2011 йилнинг феврал ойида у “Стройтрейд” МЧЖси билан Магнитогорск шаҳрида қурилаётган савдо марказига ишчи ёллашга оғзаки келишиб олган.

Савдо марказини таъмирлаш ишларига “қора бригадир” (мардикорларни ёллашда воситачилик қиладиган шахс-таҳр.) Орифжонов оғзаки келишувга биноан 45 ва 24 ёшли Тожикистон фуқароларини ёллаган, дейди Озодлик Радиосига ҳодиса тафсилотларини гапириб берган Россия Тергов қўмитасининг Бошқирдистон Республикаси бўйича Тергов бошқармаси вакили адлия подполковниги Светлана Абрамова.

- 2011 йилнинг март ойида ўз ишини бажариб бўлган мардикорлар иш берувчидан 45 минг рубл миқдорида меҳнат ҳақини талаб қилади. Пулни тўламаслик учун, 11 март куни Орифжоновда ишчиларни йўқ қилиш режаси пайдо бўлади ва бу ишга ўзининг яқин таниши қирғизистонлик Одилжон Толибжоновни жалб қилади, дейди Светлана Абрамова.

Тергов қўмитаси вакилининг сўзларига кўра, 2010 йилнинг декабрида Орифжонов ўзининг қайнотасидан 16-калибрли ов милтиғини ўғирлаган ва уни кесиб "обрез" тайёрлаган. 11 март куни Одилжоннинг “Жигули” автомобилида Орифжонов тожикистонлик муҳожирларни Серменево–Баймак автотрассасининг 101 километрига олиб бориб, кесма милтиқдан иккаласини калласидан отиб ташлаган.

- Олинган жароҳатлардан эркаклар жиноят жойида жон берган. Бундан ташқари, Толибжонов ўлганларнинг нархи 1500 рубл бўлган иккита мобил телефонини ўғирлаган ва улар жиноят жойидан ғойиб бўлишган. 12 март куни топилган ўликлар ҳақидаги маълумот маҳаллий оммавий ахборот воситалари орқали тарқатилди, дейди Светлана Абрамова.

Терговчиларнинг сўзларига кўра, магнитогорсклик бир аёл жасадлар акс этган фотосуратлардан унинг квартирасида ижарага турган тожикистонликларни таниб қолган ва дарҳол полицияга маълум қилган. Бу аёл ёрдами туфайли полиция тез орада жиноятчиларнинг изига чиққан.

Ўзбекистонлик Олимжон Орифжонов Магнитогорскда, унинг шериги Одилжон Толибжонов эса Бошқирдистоннинг Абзезил туманида ҳибсга олинган. Полиция жиноятчилардан "обрез" милтиғини ҳам мусодара қилган.

Тергов давомида Орифжонов ва Толибжонов ўз айбига иқрор бўлмади.
XS
SM
MD
LG