Линклар

“Ерда бир кун” лойиҳаси ер куррасининг турли нуқталарида бир кунда рўй берган воқеаларни тасвирлайди.

23 апрел куни БМТ Тараққиёт дастури ва БМТ Кўнгиллилар ташкилоти “Ерда бир кун” деб номланувчи фильм намойишига бағишланган тадбирни ўтказди.

Тошкентдаги ëшлар ижод марказида бу икки соатлик филм барча истаганлар учун бепул намойиш қилинди.

Филмни томоша қилган Тошкентдаги видео-рассомлар гуруҳи вакили, киноҳужжатчи Олег Карпов Озодлик билан ўз таасуротларини ўртоқлашди.

Карпов ўзи ва ҳамкорлари тасвирга олган Ўзбекистон ҳақидаги лавҳалар "One Day on Earth" филми ниҳоий вариантига кирмаганидан афсусда.

- Биз туширган тасвирлар Ўзбекистондаги мавжуд кайфиятни аниқ ифодалайди деб айта оламан. Мана бу тасвирни биз уйимиз деразасидан туриб олдик. Кимсасиз шаҳарда зарғалдоқ нимча кийган ўзбек кампир катта супурги билан кўча супуряпти. Бу тасвир "One Day on Earth" филмидан ўрин олса маъқул бўлар эди, дейди Олег Карпов.

Олег Карпов бу тасвирни Озодлик муштарийларига мушоҳада қилиш учун тақдим қилди.

Фильм 22 апрел куни бир вақтнинг ўзида дунёнинг 160 та нуқтасида намойиш этилди. Ўзбекистонда эса бу филм бир кун кечикиб кўрсатилди.

Намойишнинг нега бир кун кечикишига БМТнинг ўзбекча нашрида изоҳ берилмади.

Филмда иштирок қилиш учун ўзбекистонлик кино-видео ҳаваскорлар гуруҳи бутун Ўзбекистон бўйлаб туширган тасвирларини лойиҳа гуруҳига жўнатишган.

Ер юзининг бир ондаги тасвири

“Ерда бир кун” бадиий фильм бўлиб, ер куррасининг турли нуқталарида бир кунда рўй берган воқеалар тасвиридан иборат. Масалан, филмда тожик болаларининг пахта тераëтгани акс этган.

2008 йили ўтказилган мусиқа фестивали чоғида дунёнинг турли минтақаларидан келган мусиқачилар уйғун тарзда бир куйни чалишга уринишган ва бу уриниш аввал самара бермаган эди.

Аммо улар чандон ҳаракат қилганидан кейин турли мусиқа асбобларидан таралган овозларнинг уйғун қоришмаси вужудга келди.

Ер овози дея ҳис қилинган бу куй ўзига ҳос янги ғояга ҳамиртуруш бўлди.

Киночилар бир куннинг ўзида дунëнинг турли мамлакатларидаги кўринишларни бир тасмага мухрлашга аҳд қилишди.

2010 йилнинг 10 октябрида дунёнинг 192 та мамлакатида бир пайтнинг ўзида сайёрамизда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга бағишланган 24 соатлик тасвирга олиш жараёни бошланди.

Бу жараëнда ўзига хос ажойиб “гео-видео архив” яратилди. Киночилар саватидаги улкан кино тасма ичидан эса энг қизиқ деб кўруилган тасвирлар 2 соатлик кинотасмага ямалди.

Натижада қувонч ва ғам, таваллуд ва қазо, шаҳдам қадам ва оҳиста кўз қири каби инсон ва мамлакатлар манзарасидан омуҳта филм яратилди.

Кўплаб нотижорат ташкилотлар, жумладан БМТ Тараққиёт дастурининг қўллаб-қувватлаши филм муваффақияти сабаби деб билинади.

БМТ Тараққиёт дастурининг раҳбарлиги остида бу кино намойиши 2015 йилга қадар давом этади.

Биз эртанги киноленталар

Ўзбек шоири Омон Матжоннинг Туркистондаги илк киночи Худойберган Девоновга бағишланган шеърида шундай сатрлар бор:

Тарих нима деркан бизларга қараб,
Биз эртанги киноленталар.

Ер юзида юз берган воқеаларни бир кинотасмага мухрлаш орзуси 1908 йилда Франциянинг Пате фирмаси тарафидан амалга оширилди.

Пате фирмаси ўзининг Pathé-journal деган кинохроникасида дунëнинг турли мамлакатларида, хусусан Туркистонда бўлган воқаеларни акс эттирган.

“Ҳамма нарсани кўрамиз, ҳамма нарсани биламиз” деган шиор остидаги бу кино журналда хивалик кинооператор Худойберган Девоновга оид тасвирлар намойиш қилинган.

1924 йилда Совет киночиси Dzigo Vertov бу ғояни ривожлантириб, ўзининг “Киноглаз” деган филмини суратга олади.

"Киноглаз" концепцияси Вертовга кўра мана бундай:

“Мен кинонинг механик кўзиман. Дунë қандай бўлса уни шундоқлигича кўраман. Уни бўяб сайқалламайман.”

Дунëни борлигича кўриш "One Day on Earth" филми воситасида ўзбекистонликларга насиб қилди.

Ўзбекистонлик видеотасвирчи Олег Карпов эса бир кун келиб "One Day on Earth" янги вариантидан ўзи суратга олган тасвирлар ўрин олишига ишонади.
XS
SM
MD
LG