Линклар

logo-print

“Қишлоғимиз масжидида ароқ ичилмоқда”

  • Сарвар Усмон

Ўзбекистонда Наврўз байрами дастурхонида сумалагу бўғирсоққа ароқнинг шерик бўлиши одатга кирмоқда.

Ўзбекистонда Наврўз байрами дастурхонида сумалагу бўғирсоққа ароқнинг шерик бўлиши одатга кирмоқда.

“Эркин микрофон”га Қашқадарё вилоятидан қўнғироқ қилган тингловчимизнинг бу гапи томдан тараша тушгандай эшитилди.

Суриштирувдик, масжидда ароқ ҳар куни эмас, балки йилда бир – Наврўз байрамида ичилиши маълум бўлди.

Савол-жавобдан масжид, деб аталаётган бино, бир вақтлар масжид, деб қурилган, лекин шу пайтгача унда намоз ўқишга давлат рухсат бермагани ҳам маълум бўлди.

Шундай бўлса-да, яъни намоз ўқилмаса-да, масжид, деб қурилган бу бинода рақсга тушиб, ароқ ичилишига тингловчимиз, табиийки, қарши.

Тингловчимизни батафсил суҳбатга тортмоқчи бўлдик. У исмини айтмаслигимиз шарти билан рози бўлди.

Ҳозир тинглайдиганингиз суҳбат йилда бир ароқ ичиладиган масжид ҳақида.

Лекин, аслида у масжид ҳақидагина эмас, балки эски режим одамлари тили билан айтганда “фаол фуқаролик позицияси” тўғрисида, аниқроғи ўша позициянинг йўқлиги тўғрисида.

Озодлик: Қаердаги мачит ҳақида гапирмоқчисиз?

- Қашқадарë вилояти, Косон тумани Арабхонада бир мачит бор. Лекин ҳозирча намоз ўқилмайди. Барибир намоз ўқилмаса ҳам ширкда у. Мумкин эмас менимча. Мусулмончиликда шариатга тўғри келмайди.

Озодлик: Ҳозир микрофон ëққунимча мачитда Наврўз байрами ўтказилиб, у ерда ароқ ҳам ичилаяпти икки йилдан бери, дедингиз. Тўғрими?

- Ҳа, тўғри.

Озодлик: Энди ҳозир у ерда намоз ўқилмайди, деяпсиз. У мачит бўлиб қачон қурилган?

- Қурилганига 20-25 йиллар бўлди менинг хотирамда қолгани.

Озодлик: Қурилганига 20-25 йил бўпти. Қачондан бери у ерда намоз ўқилмаяпти?

- Умуман намоз ўқишга ҳали рухсат этилмаган. Бир-икки марта Рамазон Ҳайити кунлари беш-олти киши бўлиб ўзимизнинг маҳалланинг нималари билан ўқиганмиз. Кейин рухсат этилмаган.

Озодлик: Мачит деб қурилган бино, лекин ҳеч қачон намоз ўқилган эмас-а?

- Ҳа, намоз ўқилмаган десак ҳам бўлади. Рухсат этилмаган.

Озодлик: Ким қурган уни?

- Ўзимизнинг маҳалладан бир-икки бойлар ҳисобидан, қолаверса давлат ҳисобидан ҳам, энди менинг фикримча, менинг билишимча, шундай қурилган.

Озодлик: Шу кунда ўша мачитдан нима учун фойдаланилади? Бирор-бир ишхона борми, мактаб борми, боғчами, нима ўзи у?

- Ҳеч нарса эмас. Ҳеч қандай фойда кўринмайди ҳам. Ҳеч қандай иш юритилмайди. Шундай қурилган турибди.

Озодлик: Арабхона деган қишлоқнинг мачити-а?

- Ҳа.

Озодлик: Арабхона қишлоғи аҳли жамоа бўлиб намозни қаерда ўқийди?

- Ҳозир Косонда ўзимизнинг Кўк гумбаз мачити бор. Ўша ëқда ўқийди. Ҳар жума боради.

Озодлик: Косондан Арабхона қишлоғи қанча узоқликда?

- Деярли Косоннинг ўзида. Узоқ эмас. Уч километр чиқар.

Озодлик: Арабхона қишлоғида яшайдиганлар сиз айтган Кўк гумбаз мачитда беш вақт намоз истаса ўқий оладими ëки узоқлик қиладими?

- Албатта узоқлик қилади. Ўзига яраша қийинчиликлари бор. Керак бўлса харажатлари бор.

Озодлик: Сиз Арабхона қишлоғида мачит учун қурилган бинода ҳар йили Наврўз байрами қилиниб, у ерда ароқ ичилаяпти, дедингиз.

- Наврўз байрами ўтказилади, рақсга тушилади мусиқа қўйилиб, кейин ароқ ҳам ичилади. Икки йилдан бери, аниқ айта оламан, икки марта бўлдида шу нарса. Балки мен нотўғри гапираëтгандирман. Буни мусулмонларга ҳавола қилмоқчиманда. Айтишни ўзимнинг бурчим деб биламан.

Озодлик: Сизга шу ëқмаяпти-а?

- Албатта ëқмайди. Ҳар бир мусулмон одамга ëқмайдида бу нарса.

Озодлик: Сиз қишлоқ оқсоқолигами, қўни-қўшниларга “Бу мачит учун қурилган жой. Бу ерда ароқ ичиш мумкин эмас. Шуни тўхтатайлик” дедингизми демадингизми?

- Дедим. Албатта айтдим. Кўрган, таниган, билганларимга ҳам айтдим. Лекин ҳамма ҳеч нарса демай кетади. Маҳалланинг ўзи бош бўлгандан кейин нима дея оласиз?

Озодлик: Нима учун ҳеч кимнинг иши йўқ? Ҳамма лоқайд.

- Мен ўйлайманки, раҳбарларнинг, керак бўлса Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хабари йўқ бўлса керак.

Озодлик: Президент ҳўв Қашқадарë вилояти, Косон шаҳри ëнидаги Арабхона қишлоғидаги мачит учун қурилган бинода ароқ ичилишини назорат қиладиган одамми?

- Йўқ, тушундим. У нарсани анзорат қиладиган одам эмас. Лекин шу нарса президентга етиб борса, чора кўрса керак деб ўйлайман шариат юзасидан. Ўзбекистон мусулмонлар идораси бор. Тўғрими, нима деб ўйлайсиз, дейди исми айтилмаслигини истаган косонлик суҳбатдош.

*******************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 777 148 199 рақамига йўлланг.

Skypeда Озодликни оzodskype деб қидиринг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG