Линклар

logo-print

18 апрел куни Хоразм вилояти жиноий ишлар судида “Жиҳодчилар” гуруҳига алоқадорликда айбланаётган уч нафар гурланлик йигит устидан маҳкама бошланди.

Судланувчилар орасида гурланлик 32 ёшли Эргаш ва унинг қамоқхонадаги акаси - тўққиз йиллик қамоқ жазосини ўтаётган маҳкум Исмоил Жуманиёзов ҳам бор.

Ака-ука Жуманиёзовлар Хоразмнинг Гурлан тумани Шоликор қишлоғида яшайди. Эргаш Жумниёзовнинг Озодликка айтишича, улар “Жиҳодчилар” гуруҳига алоқадорликда айбланмоқда.

- 244-модда прим. 2-моддасининг биринчи қисми, 244-модда прим. 1-моддасининг учинчи қисми а бандлари билан айблашди. Уларнинг бизга қўяëтган айби йиғилишиб намоз ўқиб, жиҳодчилар гуруҳини ташкил қилгансизлар деяпти. Лекин бизнинг ҳеч қандай алоқамиз йўқ. Ҳеч ким билан нима қилмаганмиз бизлар,- дейди гурланлик йигит.

Эргашга кўра, ўтган йилнинг 22 ноябр куни у ва ҳамқишлоғи Олланазар Тожимуратов уйида тинтув ўтказилиб, иккаласи ҳам ҳибсга олинган.

Кейинчалик уларнинг ҳар биридан икки миллион сўм гаров пули олиниб, улар ҳибсдан озод қилинган.

Эргашнинг диний ва сиёсий айбловлар билан қамалиб, “Жаслиқ”да сақланаётган акаси Исмоил Жуманиёзов суд бошлангани учун ҳозирда Урганчдаги қамоқхонага кўчирилган.

Эргашнинг айтишича, уларга қарши гувоҳлик берган киши ҳозирда қамоқ жазосини ўтаётган маҳкум бўлиб, у суд жараёнида ўз кўрсатмасидан воз кечган ва уларга қарши қийноқ остида гувоҳлик берганини таъкидлаган.

- Терговда бизларга қарши гувоҳлик берган йигит “Буларнинг ҳеч қанақа алоқаси йўқ. Тергов жараëнида мени уришди. СНБнинг йигитлари мажбур қилгандан кейин ëздим шуни. Буларнинг ҳеч қанақа айби йўқ” деди,- дейди Эргаш Жуманиёзов.

Гурланлик уч йигит билан боғлиқ маҳкама бўйича мониторинг олиб бораётган Хоразмдаги “Нажот” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Ҳайитбой Ёқубовнинг Озодликка айтишича, йигитлар сохта жиноятларда айбланмоқда.

- Шахсан мен Жуманиëзов Эргашбекнинг айблов хулосасини ўқидим. Отаси диндор бўлган. Уйида намоз ўқишган. Битта акаси қамалиб кетган. Мен ўйлайманки, айблов хулосасидаги гаплар, буларнинг ҳаммаси иғво билан ëзилган нарсалар. Чунки уларнинг уйидан чиққан нарсалар Ўзбекистонда олдин ҳам, ҳозир ҳам китоб магазинларида, дўконларда сотиладиган китоблардан иборат. Ҳаммаси Ўзбекистонда чоп қилинган аудио, видео кассеталар,- дейди Ҳайитбой Ёқубов.

“Нажот” ташкилоти маълумотига кўра, бугунги кунда Хоразм вилояти бўйича гурланлик йигитлардан ташқари яна 11 киши устидан диний айбловлар бўйича тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистонда диний мотивлар билан оммавий ҳибсга олиш одатий кўриниш касб этган.

Жорий йилнинг 8 феврал куни кечаси соат тўртда Сурхондарёнинг Сариосиё тумани Ўзбекистон қишлоғида МХХ ходимлари томонидан ўтказилган рейд натижасида ўттиздан зиёд диндор ҳибсга олинган.

Ўтган йилнинг 28-31 декабр кунлари оралиғида Наманган вилояти Косонсой шаҳрида 30 дан ортиқ киши диний-сиёсий мотивлардаги жиноятларда гумон қилиниб, ҳибсга олинган эди.

27 декабр куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди ҳукмига кўра, диний мотивлар билан жавобгарликка тортилган 11 нафар диндор 3 йилдан 6 йилгача бўлган муддатларга қамалди.

Ўтган йилнинг ноябри ойи сўнггида Андижон вилояти Олтинкўл туманидаги Кўмакай посёлкасининг бир маҳалласида яшаб келган йигирмага яқин ёш диндор йигит ҳибсга олинган эди.

Сентябр ойида Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳрида 17 диндор "ваҳҳобийлик"да айбланиб ушланган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG