Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:33

Ғаллаоролда яна бир қишлоққа сел келди


Заргар қишлоғига кечки пайт ёпирилган сел 20 дан ортиқ хонадонни ювиб кетгани, аммо аҳоли орасида қурбонлар йўқлиги хабар қилинди.

Озодликка бугун маълум бўлишича, икки кун муқаддам Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидаги Сангзор дарёси бўйида жойлашган яна бир қишлоқни кечки пайт сел босган.

Ғаллаороллик манба Набижон Жўрабоевга кўра, дарё бўйидаги Заргар қишлоғида 30 га яқин хонадонни сув олиб кетган.

- Марказдан 4 километр нариëқда Сангзор деган дарë бор. Ўша ердаги Заргар деган қишлоққа кечки пайт соат 7 - 8 ларда сел келди. 20 - 30 та хонадонни олиб кетган. Ҳамма ўша ëқда ëрдамлашиб ëтибди. Молларни оқизиб кетган. Лекин одамлардан ҳеч кимга ҳеч нарса қилгани йўқ, дейди ғаллаороллик суҳбатдош.

Заргар қишлоғидаги сел тошқинидан хабардор яна бир Назокат исмли аёлнинг сўзларига кўра, фақатгина 75-80 ёшлар атрофидаги бир кекса киши сел босиб келган вақтида уйидан чиқа олмай қолган. Бу кишига туман ҳокимининг шахсан ўзи ёрдам берди, дейди суҳбатдошимиз.

- Битта бува уйда қолиб кетган экан. Ҳокимнинг ўзи келиб олиб чиқди. Машинасига миндириб, касалхонага олиб бориб ëтқизибди. Ҳоким келиб ,ўзи ëрдам бериб ëтибди ҳозир, - дейди ғаллаороллик аёл.

Унинг сўзларига кўра, Заргар қишлоғининг кекса яшовчиси бир неча соат шифохонада муолажа қилинган ва кейин уйига чиқариб юборилган.

Бу аёлнинг сўзларига кўра, сув тошқини аҳолининг, асосан, эски уйлари, ҳовлисини ўраб турган пастак деворлар ҳамда оғилхоналаринигина ювиб кетган.

- Ташқаридан ўралган деворлари бўладику, пастак-пастак ана шуларни фақат олиб кетган. Кичкина уйлар бўладику, шуларни ва молхоналарнинг ҳам анчасини оқизиб кетган, дейди ғаллаороллик аёл.

Шу кунларда Заргар маҳалласи яқинида жойлашган яна бир қишлоқда сел хавфи борлигидан аҳоли огоҳлантирилаётган айтилмоқда.

- Сангзорни бўйида Қоронғули деган яна битта қишлоқ бор. Бугун кечаси бу қишлоқдагилар қирнинг устига чиқиб ўтирган. Атрофи қирда уларнинг. Поезд йўлнинг ëқасида. У қишлоқда 3000 аҳоли яшайди. Ҳали бирорта уйга зарар бўлгани йўқ, лекин ҳозир кўчалар тўлиб оқаяпти, бизга ҳам сел келяпти экан, дейишяпти, - дейди Набижон Жўрабоев.

Кейинги пайтларда Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудларида кучли ёғингарчилик кузатилмоқда.

Набижон Жўрабоев икки ҳафта муқаддам Ғаллаорол туман марказида кучли момақлдироқ бўлиб, чақмоқ тушгани ҳақида ҳам сўзлади.

- Икки ҳафтача бўлди кучли бир чақмоқ тушди. Кечаси соат 9 да ҳамма ëқ ëришиб, худди кундузига ўхшаб кетди. Кейин икки-уч кун сув бўлмади. Кейин эшитсак, сув тармоқларига қарашли сетга чақмоқ тушибди. Уч кун ремонт қилди. Тузатишди, яна сув яна келаяпти, дейди Жўрабоев.

Бу йилги баҳор мавсумида Ўзбекистоннинг Жиззах, Қашқадарё вилоятларида кучли сел тошқинлари кузатилди.

Жумладан, Заргарни сув босган 22 апрел куни Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида жойлашган бешта ва Китобдаги учта қишлоққа ҳам сел келган эди.

Оқибатда, асосан, аҳоли уйларига шикаст етган ва бу қишлоқларда ҳам аҳоли саломатлигига жиддий зарар етмаган эди.

Бунга қадар эса 21 февралга ўтар кечаси ярим тунда Жиззахнинг Ғаллаорол туманидаги Турк, Жарбулоқ, Чўмичли, Жума, Каризқудуқ ва Тошкамар қишлоқлари сув остида қолган эди.

Тошкент расмийларига кўра¸ 2012 йил аввалида кузатилган энг йирик бу сел ва сув тошқинида 234 та уй зарар кўрган.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 4 апрел кунги қарори билан Ғаллаорол туманида бу йил юз берган кучли сел ва сув тошқини оқибатларини бартараф этиш учун 2 миллиард 92 миллион сўм маблағ ажратилиши айтилди.

Навбатдаги сел ҳақида Озодликка хабар қилаётган маҳаллий аҳоли вакиллари шу кунларда Заргар қишлоғини оралаб юрган туман ҳокимлиги расмийлари аҳолига селдан келган зарарни қоплаб беришни ваъда қилаётганини айтмоқда.

Озодлик ҳозирча туман расмийлари билан боғланишга муваффақ бўлмади. Аммо таҳририят ҳукумат қарори билан аҳолига қарийб 2 миллиард 100 миллион сўмлик ёрдамни етказишга масъул бўлган Ғаллаорол тумани расмийларидан бу борада изоҳ олишга уринишда давом этади.
XS
SM
MD
LG