Линклар

logo-print

Тошкент йўлларидан аҳоли норози


Вилоятлар учун хос бўлган бузуқ йўллар муаммоси пойтахтда долзарб бўлиб қолгани айтилмоқда.

Вилоятлар учун хос бўлган бузуқ йўллар муаммоси пойтахтда долзарб бўлиб қолгани айтилмоқда.

Тошкент шаҳри йўллари ёғин-сочинга бой қишки мавсумдан кейин абгор аҳволга келгани айтилмоқда. Ўзбекистон пойтахтидан олинаётган хабарларга кўра, носоз ва ноқулай йўллардан аҳоли норозилиги ошиб бормоқда.

– Чорсу бозори атрофидаги йўллар дабдала бўлиб кетган. Асли, бу территорияда ҳаёт қозондек қайнайди. Транспорт ҳаракати ўта тиғиз. Чорсудан “Халқлар дўстлиги”га ё “Ганга”га қараб юрсангиз, у томонда ҳам йўлларнинг расвоси чиқиб ётибди. Бу йил қиш роса ёмғир-қорли келди-ку, кўп йўллар ёғин-сочинда ювилиб кетди, лекин ҳалигача таъмирланмади, – дейди тошкентлик Рустам ака.

“Чандиқли” йўллар

Пойтахтда киракашлик қилувчи Сардор исмли ҳайдовчига кўра, Тошкентнинг деярли ҳар бир туманида носоз йўлларга дуч келиш мумкин.

– Юнусобод, Чилонзор, Ҳамза, Шайхонтоҳур, Яккасарой... деярли ҳар бир туман йўлларида катта-катта чуқурлар пайдо бўлган. Ҳарқанча эҳтиёт бўлиб ҳайдаманг, барибир биттасига тушасиз. “Яма”лар ортиқча кўпайиб кетган-да. Олдинги йилларда бунчалик эмасди. Бу йил шаҳар йўлларини “чандиқ” босиб кетди,– дейди Сардор исмли киракаш.

Тошкентда таксичилик билан шуғулланувчи бошқа бир ҳайдовчига кўра, Мирзо Улуғбек туманидаги йўллар нисбатан текисроқ.

– “Президентский трасса” Мирзо Улуғбек районидан ўтади-ку. Умуман, бошқа жойларга нисбатан бу туманда йўллар яхшироқ, – дейди у.



Ҳайдовчилар ҳар бир литр бензиндан йўл солиғи тўлашаётгани, шундай экан, мутасаддилар йўлларни текислаб қўйиши зарурлигини айтишади.

– Бир литр бензиндан, адашмасам, 200 сўмча йўл солиғи олиб қолинади. Ҳар битта ҳайдовчидан ҳар бир литрдан шунча ушлаб қолинса, тасаввур қилинг, қанча пул йиғилади. Энди, пули олинганидан кейин йўлларни таъмирлаб ҳам қўйиш керакми?!– дейди тошкентлик Рустам ака.

“Бир мавсумга чидаса ҳам катта гап”

Ўзбекистонликлар кўпдан буён йўлларнинг сифатсиз таъмирланишидан шикоят қилиб келадилар.

– Бу йил ремонт қилинса, кейинги йил яна “яма”зорга айланди. Бир мавсумга чидаб берса ҳам катта. Материалларни керакли миқдорда қўшишмайди-да,– дейди ҳайдовчи Рустам ака.

Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси – автомобил йўлларнинг қурилиши, таъмирланишини молиялаштирувчи ташкилот. Шунингдек, мазкур идора ажратилган молиявий маблағнинг қонуний сарфланишини назорат қилади.

Тошкентлик ҳайдовчиларнинг айтишларича, йўлсозликда қўшиб ёзиш, хомашёдан уриб қолиш, маблағ ўзлаштириш ҳолатларининг кенг тарқалгани муаммонинг асосий сабабидир.

2011 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси Йўл жамғармасини белгиланган режани бор-йўғи 56 фоизга бажаргани ҳамда молиявий қоидабузарликлар учун танқид қилган.

Расман эълон қилинган маълумотларга кўра, 2010 йилда йўлларга масъул бошқа бир ташкилот – “Ўзавтойўл” давлат ширкатида 18,6 миллиард сўмлик камомад аниқланган.

Соҳа мутахассисларига кўра, йўлсозликнинг меъёр ва стандартларига амал қилиш керак.

– Бошқа соҳалар каби йўл қурилишида ҳам давлат стандарти бор. Шунга амал қилиш керак. Об-ҳаво, фасллар ҳам муҳим ўрин тутади. Йўлга фақат баҳор ё эрта кузда асфалт ётқизиш тавсия қилинади. Кейин, асфалтлаётганда йўл қуп-қуруқ бўлиши керак. Лекин кўпинча қишдаям ишлашга буйруқ берилади. Ё бўлмаса, бирорта тадбирга улгутиш учун тезроқ ишлашни талаб қилишади. Шошилгандан кейин сифат ҳам шунга яраша чиқади-да,– дейди исми сир қолишини сўраган йўлсоз.

Ўзбекистонда чоп этилувчи “Новый век” газетасига кўра, жорий йил феврал ойида Тошкентда ўтган таълим бўйича халқаро анжуман арафасида Талабалар шаҳарчасидаги йўл ошиғич таъмирланган. Қор асоратлари кетмаган шалаббо йўлга асфалт ётқизиб юборилгани сабабли, уч кун ўтар-ўтмас пул ҳавога совурилгани маълум бўлган-қолган.

“Нима, йўлларимиз бир марталик бўлиб қолмоқдами? Буюртмачи йўл учун пулни чўнтагимдан эмас, давлат бюджетидан тўлаяпман деб, сифатга қарамаслиги тўғри эмас. Бўлмаса, Президент девони қаршисидаги йўлга асфалт ётқизилганидан кейинги ўнқир-чўнқирларни қандай изоҳлаш мумкин? Йўлсозларнинг бундай “фирменный” белгиларини бошқа ерлардан ҳам топиш мумкин”, деб ёзади “Новый век” нашри.

Мазкур газетага кўра, Хоразм магистралига цемонтбетон ётқизган Жанубий Корея компанияси мўъжаз участкада сифатсиз таъмир кузатилганида, йўлнинг ҳаммасини бузиб ташлаб, қайтадан қурган. Маҳаллий нашр йўлсозларни арзонгаров фойдага учмай, корейслар каби касб шаъни учун ишлашга даъват этган.

Носозлик юзасидан мутасаддиларни судга бериш мумкин

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ишлаб келаётган ҳуқуқшуносга кўра, носоз йўл туфайли транспортига зарар етган ҳайдовчи мутасадди ташкилотларни судга бериши ва зарарни ундириши мумкин.

Амалдаги тартиб бўйича катта магистраллар учун “Ўзавтойўл” давлат ширкати, шаҳар ичи йўллари учун эса маҳаллий ҳокимликлар жавоб беради.

Хабарларга кўра, Тошкент шаҳар ҳокими қарори билан тасдиқланган манзилли дастурга кўра, 2012 йили жамоат транспорти юрадиган йўлларни капитал таъмирлашга 4,4 млрд сўм ажратилган. Шаҳар ҳокимлигининг ободонлаштириш бошқармаси маҳаллий матбуотга бу бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари тендер комиссиясига топширилганини билдирган. Бироқ ҳозирча ушбу маблағ айнан қайси ҳудудлар учун сарфланиши ва лойиҳа ижроси қачон бошланиши маълум эмас.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG