Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:40

ШҲТда Интернет назорати кучаяди


Қозоғистон Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида кибер-полиция тузиш ташаббуси билан чиқди.

Бу ҳақда 24 апрел куни Олмаотада ўтган ШҲТ форумининг VII йиғинида маълум қилинди.

- Сўнгги пайтларда Интернет ижобий билим ва маълумотларни тарқатиш билан бир қаторда террорчилик, айирмачилик мафкурасини одамлар онгига сингдириш ва наркобизнесни ёйиш учун ҳам фойдаланилаётганини эътиборга олган ҳолда, ШҲТ доирасида интернет-тажовузга қарши кибер-полиция вазифасини бажарувчи махсус орган ташкил қилиш зарур, деб ҳисоблаймиз, - деди кечаги форумда иштирок этаган Қозоғистон жаҳон сиёсати ва иқтисодиёти институти директори Бектас Муҳамеджанов.

У Қозоғистон томони кибер-полиция ташкил қилиш бўйича лойиҳани аллақачон тайёр қилиб қўйганини ҳам қўшимча қилди.

Қозоғистонликлар кўтарган бу ташаббус йиғиннинг бир қанча иштирокчилари томонидан қўллаб-қувватланди. Хусусан, Тожикистон президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази ташқи сиёсат ва ташқи иқтисодий тараққиёт бошқармаси раҳбари Абдунаби Сатторов фикрича, кибер-полиция ташкил қилиш ғояси “долзарб ва ўз вақтида” таклиф этилаётган ғоядир.

Ўтган йилнинг 12 сентябр куни ШҲТга аъзо бўлган Хитой, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг БМТдаги вакиллари ахборот жабҳаси ва киберфазодаги халқаро тартиб ва аҳлоқ мезонлари масаласини БМТ доирасида муҳокама қилиш учун Бош котиб Бан Ки Мунга ҳам мурожаат қилганди. Улар мазкур мурожаатномани БМТ Бош ассамблеяси 66-сессиясида расмий ҳужжат ўлароқ тарқатилишини сўрагандилар.

Хитой, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон вакиллари тақдим қилган аҳлоқ кодексидан мақсад ахборот-коммуникацион технологиялар ва Интернет халқларнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти ва фаровонлигигина хизмат қилиши ҳамда халқаро барқарорлик ва хавфсизлик учун мамлакатларнинг ахборот фазосидаги ҳуқуқ ва бурчларини белгилаш, уларнинг конструктив ва масъулиятли бўлишига кўмаклашиш ҳамда ахборот фазосидаги умумий хавф-хатар билан курашда улар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш экани айтилган.

Кодексни ихтиёрий равишда имзолаган давлатлардан халқаро тинчлик ва хавфсизлик учун хатар туғдириш, душманона ёки тажовузкорона хатти-ҳаракатларни амалга ошириш учун ахборот-коммуникацион технологияларни, жумладан, интернетни қўлламаслик, қурол-аслаҳа ва унга оид технологиялар билан боғлиқ ахборотни тарқатмаслик сўралади.

Бироқ ШҲТ аъзоларининг бу мурожаатномаси АҚШ ва Европа Иттифоқи масъуллари томонидан танқидга учраганди.

Жумладан, бу борада мулоҳаза билдирган ЕХҲТ вакили Дуня Митович дунё давлатлари ўз хавфсизлигини таъминлашга ҳақли эканини, бироқ бу инсонларни фундаментал ҳуқуқларидан маҳрум қилиш эвазига амалга оширилмаслиги лозимлигини қайд этганди.

Америкада чиқадиган Huffington Post газетаси ҳам АҚШ давлат департаменти масъули Мишел Маркофф сўзларига таянган ҳолда Қўшма Штатлар Хитой, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон ташаббусини “интернетдаги эркинликни чеклаш” ўлароқ баҳолаётганини ёзганди.

- Улар ўз давлатлари хавфсизлигини таъминлаш баҳонаси билан Интернет-ресурслар ва сўз эркинлиги устидан ҳукумат назорати ўрнатилишини оқлашга уринмоқдалар, - дея иқтибос келтирганди Маркофф сўзларидан Huffington Post газетаси.

Халқаро миқёсда қўллов топа олмаган ШҲТ аъзолари эндиликда ўз ташкилотлари доирасида Интернет назоратини легаллаштиришга ҳаракат қилаётганга ўхшайди.

2001 йилда ташкил этилган Шанхай .ҳамкорлик ташкилотига Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон аъзо.

Ҳозирда Эрон, Ҳиндистон, Мўғулистон ва Покистон мазкур ташкилотда кузатувчи мақомига эга. 2011 йилда Эрон ва Афғонистон ШҲТга аъзо бўлиш учун ариза топширган.
XS
SM
MD
LG