Линклар

Ҳ. Кейн: Ўзбекистон президенти кимлигини яна эсдан чиқардим


АҚШ президентлигига собиқ даъвогар Ҳерман Кейн.

АҚШ президентлигига собиқ даъвогар Ҳерман Кейн.

АҚШ президентлигига собиқ даъвогар, "Ўзбекистон президенти ким", деган саволга “билмайман” деган жавоби билан танилган Ҳерман Кейн ҳамон Ўзбекистон президенти ким эканини билмаслиги маълум бўлди.

Ҳерман Кейннинг фикрича, Қўшма Штатлар президенти ваколатига кирувчи талаблар сирасига дунё давлатлари президентлари исмлари, жумладан мустақил Ўзбекистоннинг биринчи ва ягона президенти бўлиб қолаётган Ислом Каримов исмини билиш кирмайди.

Сайлов олди кампанияси давомида Американинг CBN телеканалига берган интервьюсида Кейн “Ўзбекистон президенти ким”, деган саволга “Убеки-беки-беки-беки-стан-стан президенти кимлигини билмайман, сиз ўзингиз биласизми ўзи”, дея жавоб бергани сайловчилар ва сиёсатчилар орасида кулгига сабаб бўлган эди.



Республикачилар партиясидан Оқ уй раҳбарлигига собиқ даъвогар Ҳерман Кейн декабр ойида президентлик пойгасидан чиқиб кетди. Лекин бунга унинг Каримов кимлигини билмагани эмас, бир неча аёл ўз вақтида у билан дон олишганини иддао қилгани билан боғлиқ жанжал сабаб бўлди.

Лаёқатсиз номзод ўлароқ пойгадан чиқиб укетган бўлса-да, Кейн республикачи даъвогарлар орасид энг ҳазилкаши бўлиб чиқди. Чунки у президентлик даъвосидан воз кечгач, республикачи номзодлар орасидаги баҳслар бир мунча мароқсиз бўлиб қолди.

Лекин орадан ўтган бир неча ой ичида бир нарса ўзгармади: Ҳерман Кейн ҳамон Ўзбекистон президенти ким эканини билмайди. Тўғрироғи, ўзининг айтишича, ҳалиги интервьюдан кейин бу ҳақда қизиқиб кўрган, лекин Ислом Каримов исми яна хотирасидан кўтарилган.

Яқинда CNN каналининг “The Daily Show With Jon Stewart” ҳажвий шоусида қатнашган Ҳерман Кейн “Ўзбекистон президенти ким”, деган саволга, ўн сониялик сукутдан кейин, "бу ҳақда қизиқиб кўрган эдим, ҳатто бир муддат унинг (Каримовнинг) исмини ҳам ёдлаб олдим, лекин кундалик юмушларимда бу исмни ишлатмаганим учун яна ёдимдан кўтарилди, дея очиғини айтиб қўя қолди.


Ҳар қалай, Ҳерман Кейннинг рост жавоби учун “яшангей”, деб қўйса арзийди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG