Линклар

Тожик ёшларининг армиядан безишига сабаб нима?


Тожикистонда армияга ихтиёрий равишда боришни истаган ёшлар сони йилдан-йилга камайиб бормоқда.

Тожикистонда армияга ихтиёрий равишда боришни истаган ёшлар сони йилдан-йилга камайиб бормоқда.

Тожикистонда ҳарбий хизматга ихтиёрий равишда борувчилар деярли йўқлиги сабабли мамлакатда ҳарбий хизмат режасини бажариш йил сайин муаммога айланиб қолаётир.

Бу мамлакат Мудофаа вазирлигидан олинган маълумотларига кўра, апрел ойи бошида эълон қилинган бу йилги чақириқ режаси республика бўйлаб ҳозирча 47 фоизга бажарилган.

Яқинда ҳарбий хизматдан қайтган Рудакий туманида яшовчи Аҳмаднинг айтишича, (суҳбатдошимизнинг илтимосига кўра, унга шартли исм берилди, - таҳр.) хизмат жойларида шароитнинг ёмонлиги ёшларнинг хизматдан бўйин товлашидаги асосий сабабдир.

Суҳбатдошимиз икки йиллик хизматда кўрган-кечирганларини қисқача айтиб берди.

- Бошимдан кўп нарса ўтди лекин. Юролмай қолдим, жойимдан туролмай қолдим. Ўша касал бўлганимни вообще эсимдан чиқаролмайман. Биринчи марта борганимда уч ойдан кейин шундай бўлдим. Икки ҳафта ҳеч нарса емаганман, менимча, шу очликдан ҳам бўлди, - дейди Аҳмад.

У хизматнинг дастлабки олти ойида янги хизматга борганлар албатта зобитлар томонидан калтакланишини гапириб берди.

- Шунча кўп савол беради. Ватанга қасамёд ичиш учун, бошқа нарса учун. Икки йилга қонуни, деб қасам ичиради-да. Ана шуларни икки-уч соатда ёдлаб беришингиз керак. Агар ёдлай олмасангиз, калтак ейсиз, - дейди суҳбатдошимиз.

Тожикистондаги ёш ҳуқуқшуносларнинг “Амперо” нодавлат ташкилоти куни кеча йигитларни ҳарбий хизматга юбориш жараёнига оид илк тадқиқот натижаларини эълон қилди.

Мазкур ташкилот сўнгги бир йил давомида республиканинг 60 дан ортиқ туман ва шаҳарларидаги ҳарбий хизмат ёшида бўлган икки мингга яқин йигитлар орасида сўров ўтказган.

Сўровда қатнашганларнинг 22 фоизи ёшларнинг хизматдан бўйин товлашидаги асосий сабабини фуқароларнинг мажбуран ва ноқонуний йўллар билан хизматга жалб қилинаётгани билан изоҳлаган. Тадқиқот муаллифларининг таъкидича, Тожикистон армияси сафини фақат кам таъминланган оилалар фарзандлари тўлдириб келади.

Йигитларни муддатли ҳарбий хизматга юбориш жараёнини ўрганган “Амперо” нодавлат ташкилоти таҳлилчиларининг таъкидича, ёшларнинг ҳуқуқлари кўпинча ҳарбий идора масъуллари ва ундан кейин эса тиббий кўрик комиссияси томонидан ҳам топталади.

- Хизматга чақирилган фуқаролар дахлсизлиги қўпол равишда бузилади. Масалан, уларнинг уйларига кундузми, кечами - рухсатсиз, зўрлик йўли билан кириб боради. Уларга “жиноий дело очиш” билан таҳдид ҳам қилади, - дер экан Амперо нодавлат ташкилот масъул ходимаси Хуршеда Раҳимова сўровда қатнашганлардан 40 фоизининг ота-оналари жойлардаги ҳарбий мулозимларнинг ғайриинсоний муносабатларидан шикоят қилганини қўшимча қилди.

“Амперо” ташкилот масъулларининг айтишича, ёшларнинг ҳарбий хизматдан қочаётганини бошқа сабаби тожик армиясидаги турли кўринишдаги ҳуқуқбузарликлардир.

Тожикистон Мудофаа вазирлиги расмийлари сўнгги йилларда мамлакат армиясидаги шароит аввалги йилларга нисбатан яхшироқ бўлгани ва бунинг ортидан ихтиёрийлар сони ошиб бораётганидан таъкидлаб келади.

Мазкур вазирлик масъули Фарҳод Ибодов йигитларни хизматга олиш жараёнида қонунбузарликнинг олдини олиш борасида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилаётганини маълум қилди.

- Бу йўналишда назорат кучайтирилган. Сўнгги йилларда, аксинча, ихтиёрий ҳарбий хизматга борувчилар кўпроқ қайдга олинаяпти. Масалан, оилада бир ўғил бўлганлар ҳам, гарчи қонун уни хизматдан озод қилган бўлса-да, хизматга бораяпти, - деди Мудофаа вазирлиги расмийси Ибодов.

Лекин, мустақил кузатувчиларга кўра, бу йил ҳам ўтган йиллардаги сингари тожикистонлик оилаларга чақириқ қоғози тарқатилиши билан 18 ёшдан 27 ёшгача бўлган тожикистонлик йигитларнинг кўпчилиги Россия шаҳарларига жўнаб кетаётгани кузатилади.

Душанбе олийгоҳларининг бирида таҳсил олаётган Муҳсиддин Раҳимовнинг айтишича, кўпчилик ёшлар икки йиллик хизматдан кўра, оз бўлса ҳам оиласини моддий жиҳатдан таъминлашни афзалроқ, деб билади.

- Армиядан қайтганларнинг кўпи икки йиллик умри беҳуда ўтганини айтади. Унинг ўрнига ёшларимиз Россияга бориб ишлаб, ҳар ой, ҳеч бўлмаса, юз-икки юз доллар юбориб, оиласига ёрдам беришни тўғри, деб ҳисоблайди. Мен етти, ҳатто саккиз нафар ўғли бор оилаларни ҳам биламанки, улардан бирортаси ҳарбий хизматга бормаган, - дейди Муҳсиддин.

“Амперо” нодавлат ташкилот таҳлилчиларининг тадқиқот хулосасида икки йиллик мажбурий хизмат ўрнига Тожикистонда муқобил хизмат йўлга қўйилиши лозимлигини тавсия қилган. Зеро, сўровда қатнашганларнинг 70 фоизи ҳам алтернатив хизмат тарафдори экани маълум бўлган.

Йигитларни муддатли ҳарбий хизмат жойларига юбориш муҳлати, Тожикистон Мудофаа вазирлигининг билдиришича, 31 майда ниҳоясига етади. Расмий маълумотларга кўра, ҳар йили бу мамлакат армиясида тақрибан 16 минг нафар йигит икки йиллик мажбурий хизматни ўтайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG