Линклар

Темир йўл вокзалларида назорат янада кучайтирилди


"Тошкент" темир йўл вокзали.

"Тошкент" темир йўл вокзали.

Тошкент ва Самарқанд темир йўл вокзалларида йўловчи ҳамда юкларни махсус техник мосламалар орқали текшириш тартиби жорий этилди.

"Тошкент" вокзалига 2 та пост қўйилди

Ўзбекистон темир йўл вокзалларида худди мамлакат аэропортларидаги сингари назорат тартиби йўлга қўйилди.

“Ўзбекистон темир йўллари” ширкатининг маъсул ходимларидан бири, ўзини таништирмаган ҳолда айтишича, “Тошкент” темирйўл вокзалида йўловчиларни текшириш учун 2 та пост ўрнатилиб, уларга тўртта махсус аппарат ўрнатилган.

- "Ҳаймен" аппарати қўйилган бизларда ҳам. Таможнянинг рентген аппарати борку. Бундоқ ичига сумка кирадида, бу ëқда телевизорда кўрсатади ичида нима борлигини. Вокзалдан кираверишда қўйилган у аппаратлар, ҳамма кирадиган точкаларга. Бизларда тўртта қўйилган. Икки ëнбошда биттадан, марказий киришда иккита турибди. Йўловчи кириб келгандан кейин кўчадан бошлаб биринчи постдан ўтади, у ерда милиция билан темир йўл ходими турибди. Билетини кўрадида, улар ўтказади. Вокзалнинг марказий киришига келгандан кейин у ерда ҳам билетини кўради, йўловчини металлодетектордан ўтказади. Йўловчи у ердан ўтадида, сумкасини Ҳайменга қўяди. Сумка Ҳаймендан ўтади, йўловчи металлодетектордан ўтади,- дейди темирйўл ширкати маъсули.

Паспорти йўқ киши вокзалга киритилмайди


“Ўзтемирйўлйўловчи” акциядорлик жамияти раҳбари Шарофиддин Қодировнинг 24 апрел куни маҳаллий матбуотга маълум қилишича, йўловчилар ва уларнинг юкларини кўздан кечириш тартиби тўғрисида ҳукумат низоми ишлаб чиқилган.

Ушбу низомга мувофиқ, вокзал биносига фақат чипта ва шахсини тасдиқловчи ҳужжати бўлган фуқароларгина киритилади.

Йўловчиларга тегишли юкларни текшириш пайти махсус хизмат итларидан ҳам фойдаланилади.

- Тез ëнадиган нарсалар мумкин эмас. Итлар биринчи кўчадаги пост борку, ўшанинг олдида туради. Сумкаларни ҳидлайди, бошқа қилади. Баъзи бир ëмон нарсаларни қидиради у итлар.

Ҳукумат тасдиқлаган низом бўйича чипта, юки ва қўл сумкасида текширувдан ўтгани ҳақидаги махсус штамп бўлмаган йўловчилар поезддан тушириб юборилади.

Текширишлар хавфсизлик чораларидир


“Ўзбекистон темир йўллари”ширкатининг ўзини таништирмаган маъсул ходими вокзалда жорий қилинган янги тартиб, 2011 йил январида Москванинг “Домодедово” аэропортида содир этилган худкушлик ҳужумидан сўнг хавфсизлик чоралари сифатида амалга оширилмоқда.

- Ўтган йил Москвада бир воқеа бўлдию. Домодедово аэропортидаги портлаш. Ўшандан кейин бошланди вақтинча тўсиқлар. Кейин ҳамма ëқни доимий қилиб чиройли қилиб ўраб қўйдик. Хавфсизлик нуқтаи назаридан қилинаяпти. Кейин Чегара, божхона ходимлари чегарада текширади йўловчиларни. Чегарачилар паспортларни текшириб чиқишади, божхона ходимлари юкларни кўриб чиқишади,- дейди темирйўл маъсули.

“Ўзтемирйўлйўловчи” ширкати раҳбари Шарофиддин Қодировнинг матбуотга айтишича, янги тартибни мамлакатдаги барча темир йўл вокзалларига жорий қилиш режалаштирилмоқда.

2015 йилгача республика бўйича вокзалларни кузатиш ҳамда назорат қилишнинг ягона тизими яратилиши айтилмоқда.

"Текшириш деб поездга кеч қолдим"


Маҳаллий аҳоли хавфсизлик чоралари кучайтирилишини турлича қабул қилмоқда. Айрим фуқаролар вокзалларнинг темир тўсиқлар билан иҳоталанишини “террорга қарши кураш” дея ёқламоқда.

Аксар фуқаролар эса хавфсизлик чоралари кучайтирилиши сабабли куч ишлатар идора вакилларининг аралашуви ортиши, “орган” ходимларининг ваколатини суиистеъмол қилишидан хавотир билдирмоқда.

Ўзбекистондан олинаётган хабарларга кўра, текширувлар чўзилиши туфайли йўловчиларнинг поезддан кечикиши ҳам кузатилмоқда.

Темир йўл расмийлари эса поезддан қолиб кетишнинг олдини олиш учун вокзалга поезд жўнашидан 1 соат аввал келишни тавсия қилмоқда.

“Ўзбекистон темир йўллари” давлат ширкати маълумотига кўра, мамлакат бўйича ҳар куни ўртача 43 минг, йилига эса 15,4 миллион йўловчи ташилмоқда.

2011 йил сентябрида Ўзбекистон Республикасининг “Темир йўл транспорти тўғрисида”ги қонунига хавфсизликни кучайтиришни кўзда тутувчи ўзгартиришлар киритилган. Унга кўра, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати ва Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси ушбу ишга масъул этилган.

2011 йил январда “Домодедово” аэропортидаги теракт ортидан Тошкент аэропорти ва метрополитени ҳам кучайтирилган тартибда қўриқланмоқда.

Сўнгги хабарларга кўра, Тошкент шаҳри ҳокимлиги қарори билан “жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида” корхоналар, ташкилотлар, муассасалар ҳамда жисмоний шахсларга тегишли нотураржой объектларида видеокузатув ускуналари ўрнатиш бошланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG