Линклар

Адвокат Хасавов: Россияга шариат судлари керак!


Москвалик адвокат Дагир Хасавов.

Москвалик адвокат Дагир Хасавов.

Москвалик адвокат Дагир Хасавов Россияда шариат судларини жорий қилиш масаласини кўтарди. Хасавовнинг акс ҳолда “Москва қонга беланиши” тўғрисида қилган баёноти Россия жамоатчилигининг кескин норозилигига сабаб бўлди.

Москванинг Мешчан туман суди бир йилдан буён Москва Жомеъ масжидини қайта таъмирлаш лойиҳаси юзасидан қарор чиқара олмаётгани москвалик адвокат Дагир Хасавовга шариат судларини ташкил этиш таклифи билан чиқишга ундади. У, шунингдек, шариат судларига ҳакамлик ҳуқуқини топширишни таклиф этди.

Бироқ, бу масалада “Рен ТВ” телеканалига берган интервюсида унинг бироз кескинроқ шаклда қилган чиқиши Россияда катта шов-шувга сабаб бўлди. У маҳаллий судларни лаёқатсизликда айблаб, бундай деди:

- Биз ўз уйимиздамиз. Хоҳлайсизми-йўқми, биз ўзимизга мос тартиб-қоидаларни жорий қиламиз. Бу тартибларни ўзгартиришга қилинган ҳар қандай ҳаракат қон тўкилишига олиб келади. Москва иккинчи Ўлик денгизга айланади, биз шаҳарни қонга тўлдирамиз, деди адвокат Хасавов.



Россияда шарий суд тартибларини жорий қилиш мақсадида Дагир Хасавов “Мусулмонлар иттифоқи” инсон ҳуқуқлари марказини тузишни режалаштираётганини маълум қилди.

- Биз бу тармоқни Россиядан бошлаб кенгайтирамиз. Аввалига Осиё, кейинчалик Араб халифалиги кенглигигача. Мусулмонлар шу тариқа бирлашишлари керак. Россия эса бизга бунинг учун шароит яратиб бериши керак, деди Дагир Хасавов.

Айни пайтда, бу масала юзасидан Россия Марказий диний бошқармаси раҳбари Талгат Тожуддин Хасавовнинг бу фикрларига мутлақо қўшилмаслигини билдирди. “Конституцияга кўра, Россияда дин давлатдан ажралган... Мамлакатимизда ўз суд тизими мавжуд, мусулмонлар эса Россиянинг тенг ҳуқуқли фуқаролари сифатида ундан фойдаланиб келадилар”, деди Россия муфтийси Талгат Тожуддин.

Кўпчиликнинг фикрига зид равишда, Москва патриархияси расмий вакили Всеволод Чаплин “РСН” радиосига берган интервьюсида Россия мусулмонларига шариат судларини ташкил этишни тақиқламасликка чақирди.

Патриархиянинг Синод бўлими раҳбари Всеволод Чаплин Ислом жамоасини чегараламаслик ва ўз тартиб-қоидаларига биноан яшашга имкон бериш зарурлигини алоҳида урғулади. “Албатта, улар бошқаларни бу қоидаларга риоя қилишга мажбурламаслиги керак”, дея хулоса қилди православ черкови вакили.

Адвокат Дагир Хасановнинг Москванинг “қонга беланиши” тўғрисидаги фикр-мулоҳазалари Россиянинг миллатчи ва ирқчи ҳаракатларига тегишли сайт ва форумларда қизғин салбий муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Россия Муфтийлар Кенгаши раиси муовини Рушан хазрат Аббосов Озодлик Радиоси билан суҳбатда жамоатчиликни тўлқинлатиб юборган Дагир Хасавов баёнотини мусулмонлар жамоасини бадном қилишга қаратилганлигини таъкидлади.

- Россия Муфтийлар Кенгаши Хасавовнинг мазкур баёнотини провокация сифатида қабул қилади. Унинг Москвани “қонга белаш” ҳақидаги фикрлари биринчи навбатда Россиядаги Ислом жамоаси, мусулмонларининг кескин қаршилигига учради. Бу адвокат мусулмон жамоасига ўзининг бошқа бу каби баёнотлари билан ҳам жиддий зарар келтирганини эслаш мумкин. Унинг мақсади бир: бу баёнотлар ортидан ўзининг шахсига жамоатчилик эътиборини қаратишдир, деди Россия муфтияти вакили.

Рушан Аббосовнинг фикрича, Хасавов олдин ҳам Москва Жомеъ масжиди реконструкциясига қарши чиққан, муфтият раҳбариятини бадном қилишга уринган.

Айни пайтда, бу масала юзасидан сиёсий доиралар ҳам ўз муносабатини билдирди. “Яблоко” партияси Хасавовга қарши жиноий иш қўзғатилиши юзасидан Россия Бош прокуратурасига мурожаат қилишини билдирди.

Россия Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти тегишли тузилмаларга адвокат Дагир Хасавовнинг ушбу чиқишини миллатлараро нифоқни қўзғатишга қаратилганлиги асосида текширув бошлаш тўғрисида махсус буйруқ берганлиги хабар қилинмоқда.
XS
SM
MD
LG