Линклар

Навбатдаги ҳужум таҳририят 2005 йилдан бери чоп этиб келинган мақолалар архивига қаратилгани айтилмоқда.


Uznews.net сайти яна кибер ҳужумга учрагани ва бунинг оқибатида таҳририят 2005 йилдан бери эълон қилиб келган мақолалар архиви йўқолиш хавфи остида қолганини эълон қилди.

Вебсайтда эълон қилинган хабарга кўра, ҳужумдан сўнг таҳририят 2005 йилдан 2012 йилнинг 10 апрелига қадар чоп этилган мақолаларнинг матнинигина тиклашга муваффақ бўлган.

Аммо фотосуратлар ҳамда муштарийлар шарҳини тиклаш имкони бўлмаган.

Таҳририят эълон қилган хабарда айтилишича, бу галги ҳужумни сайт провайдери "техник носозлик" деб қайд этган.

Аммо, Uznews.net сайти буни кибер ҳужум, деб тахмин қилмоқда.

Биринчи бор ушбу сайт шу йилнинг 28 февралида кенг кўламдаги DDoS кибер ҳужумига учраган эди.

Таҳририят бир неча кун ишини тўхтатган ва кейинчалик провайдерни алмаштиришга мажбур бўлган эди.

Uznews.net сайтига "ëвуз ниятли ҳакерлар" DDdoS(Distributed Denial of Service) тажовузи уюштираëтгани ҳақида Озодликка ўзини "эзгу ниятли" Аноним-Х деб таништирган ўзбек ҳакери 1 март куни маълум қилган.

1 март кунига келиб ҳам ëпиқ қолган Uznews.net нашри бош муҳаррири Галима Бухорбаева мутахассислар ҳужумлар ортида турган компютерларнинг IP манзилларини аниқлагани, ҳужумларнинг Осиëдан, Эрон, Покистон ва Филиппиндан уюштирилгани маълум бўлганини айтган эди.

- Биз сайтнинг кўзгу вариантини интернетга илиб қўйиб, сайт ўзагини таъмир қилишга тушдик. Сал ўтмай бу кўзгу ҳам чил-чил бўлди. Мутахассислар кибер-ҳужумнинг кўламидан ва узоқ муддат давом этаëтганидан ҳайрон бўлишмоқда, - деган эди ўшанда Галима Бухорбоева.

Озодликка ўзини Аноним-Х деб таништирган ўзбек ҳакери бундай ҳужум D-DoS ҳужуми, деб аталиши ва унинг жуда қиммат тадбир эканини айтган эди.

Озодлик мухбирининг, бу ҳужум ортида ким турибди, деган саволига жавобан таҳририят бош муҳаррири Галима Бухорбоева фақат ўз тахминини тилга олган ва ушбу нашрнинг доимо ўзбек ҳукумати нишонида бўлиб келганини айтган эди.

Навбатдаги ҳужум ҳақида муносабат билдирган таҳририят, афтидан, яна ўша тахминни илгари сурмоқда.

"Uznews.net бу каби ҳужумларга тутилаётгани ва бошқа қийинчиликларга учраётгани сабаби унинг кескин танқидий материалларида, деб тахмин қилишга бизда асос бор. Лекин, ахборот хизмати жамоаси тез орада сайтни тиклаш ва ўз аудиторияси учун ишни давом эттириш ниятида", дейилади Uznews.net нашри эълон қилган сўнгги хабарда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG