Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:42

ШҲТда киберполиция тузилиши мумкин


Қозоғистон Шанxай ҳамкорлиги ташкилоти доирасида киберполиция тузиш лойиҳасини ишлаб чиқди. Лойиҳа ташаббусчилари Интернет полицияси ёрдамида виртуал оламдаги агрессив сепаратизм, террорчилик ва наркобизнесга қарши курашиш ниятида.

“Элбоши” ташаббуси ҳаётга татбиқ этилмоқда...

24 апрел куни Олмаота шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг VII Форуми йиғилишида Қозоғистон вакилларининг киберполиция тузиш ташаббуси эълон қилинди.

Аниқроғи, 2011 йилнинг июнида Остонада бўлиб ўтган ШҲТ 10 йиллигига бағишланган саммитда овоза қилинган Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг ғояси амалга оширила бошлади.

Ўша пайтда ташкилотга раислик қилган президент Назарбоев “халқаро ҳуқуқ доирасида “электрон чегара”, “электрон мустақиллик” каби янги тушунчаларни жорий қилиш вақти етгани”ни гапирган эди.

Араб дунёсида аланга олган инқилобий ҳаракатлар давомида қилган ўз нутқида Қозоғистон “элбошиси” Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти қарши курашаётган асосий тўртта таҳдид – террорчилик, сепаратизм, экстремизм ва наркотраффик яна биттага кўпайганини шундай изоҳлаган эди.

- Ягона тармоқдаги бузғунчилик умумий, бешинчи таҳдидга айланиб қолди. Шу сабабдан ШҲТ мамлакатлари кечиктирмасдан унга қарши яxлит ҳимоя тизимини яратишлари зарур. Интернет-тажовузга қарши ШҲТнинг махсус вазифаларини бажарувчи идора – киберпол тузилиши тўғрисида ўйлаб кўришни таклиф этаман, деб эди саммит раиси Нурсултон Назарбоев.

Бир йил ўтар-ўтмас қозоқ йўлбошчисининг сўзлари амалга оша бошлади. ШҲТга аъзо “олтилик” мутаxассисларининг VII Форуми 2012 йилги ташкилотга раислик қилаётган Хитой пойтахтида бўлиб ўтадиган 2012 йилги саммитига тайёргарлик сифатида баҳоланмоқда.

Шанхай ташкилотининг айнан Пекин саммитида Қозоғистон киберполиция лойиҳасини яна бир бор кўтариши кутилмоқда.

Киберполиция кимга керак?

Бироқ қозоқ лидерининг бу мурожаатномаси АҚШ ва Европа Иттифоқи масъуллари томонидан танқидга учраганди. Жумладан, бу борада мулоҳаза билдирган ЕХҲТ вакили Дуня Миятович дунё давлатлари ўз хавфсизлигини таъминлашга ҳақли экани, бироқ бу инсонларни фундаментал ҳуқуқларидан маҳрум қилиш эвазига амалга оширилмаслиги лозимлигини қайд этганди.

Америкада чиқадиган Huffington Post xам АҚШ давлат департаменти масъули Мишел Маркофф сўзларига таянган ҳолда Қўшма Штатлар Хитой, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон ташаббусини “интернетдаги эркинликни чеклаш” ўлароқ баҳолаётганини ёзганди.

- Улар ўз давлатлари хавфсизлигини таъминлаш баҳонаси билан Интернет-ресурслар ва сўз эркинлиги устидан ҳукумат назорати ўрнатилишини оқлашга уринмоқдалар, - дея иқтибос келтирганди Маркофф сўзларидан Huffington Post.

Озодлик билан суҳбатлашган Жаҳон сиёсати ва иқтисодиёти Қозоғистон институти директори Бектас Мухамеджанов, кибержиноятчилик авж олаётган бир пайтда ШҲТ доирасида унга қарши мувофиқ идора яратилиши зарур деган фикрда:

- Ҳозирча киберхавфсизлик масалалари билан Аксилтеррорчилик маркази доирасида йиғилаётган махсус хизматлар шуғулланиб келмоқда. Ҳозирда биз президентимиз ташаббуси билан янги ташкилот лойиҳасини ишлаб чиқдик. Киберполиция интернетда тарқаётган тажовузларни олдини олиш, террорчилик, сепаратизм ва наркотиклар савдосига хизмат қилаётган сайт ва маълумотларни йўқ қилишга қаратилган, дейди қозоғистонлик сиёсатшунос-олим Бектас Мухамеджанов.

У Интернет оламидаги глобал тус олаётган ахборот хуружларига бугунги кунда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо барча давлатлар мутахассислари жалб қилиниши керак, дейди.

Бироқ бу лойиҳа яқин келажакда ҳаётга татбиқ этилиши учун ташкилот тартиб-қоидаларига кўра у ҳамма ташкилотга аъзо мамлакатлар томонидан мақулланиши керак, дея давом этади Бектас Мухамеджанов.

- Ўзбекистондан ташқари деярли барча аъзо давлатлар, ҳатто кузатувчи мамлакатлар, бу лойиҳани қўллаб-қувватлашди. Биласизку, Ўзбекистон ҳар бир масалада “алоҳида фикрга” эга. Кечаги Форумда сўзга чиққан ўзбекистонлик экспертлар билдирган расмий фикрича, Ўзбекистон ШҲТ таркибида ҳар қандай янги тузилма ташкил этилишига қарши чиқмоқда. Улар ҳозирда мавжуд Котибият, Минтақавий аксилтеррорчилик марказлари киберхавфсизлик масалаларини ҳам ҳал этиши мумкин, деган фикрда, деди Озодликка Жаҳон сиёсати ва иқтисодиёти Қозоғистон институти директори Бектас Мухамеджанов.

Бектас Мухамеджанов ўзи бошқараётган институт Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида таҳлил ва прогностика марказини тузиш ва унда ташкилот тузилмаларида йиғилган маълумотлар ягона базасини тузиш ташаббусини илгари сураётганини қўшимча қилди.

ШҲТ доирасида киберполиция тузилиши масаласида Озодликка фикр билдирган яна бир сиёсий таҳлилчи ва ҳарбий эксперт Александр Гольц Интернетни назоратга олиш учун улкан молиявий ресурс зарур, дейди.

- ШҲТ мамлакатларининг киберполицияга бўлган қизиқишини тушунса бўлади. Бу ташкилотга аъзо деярли барча давлатлар у ёки бу даражада авторитар тузумга эга. Шу сабабли, уларда назоратсиз қолган ахборотдан қўрқиш ҳисси кучли. Бунинг учун улар маблағ аямаслиги аниқ. Ўзбекистон, одатдагидек, бу вазиятда “Қани, нима бўлар экан”, қабилида иш тутмоқда. Интернет шундай нарсаки, уни қисман назоратга олиш учун улкан одам ва моддий ресурслар зарур. Буни эса ҳозирча фақат Хитой эплаши мумкин, дейди ҳарбий таҳлилчи Александр Гольц.

Гольц берган маълумотга кўра, бугунги кунда Хитойда бевосита Интернет назоратига 250 мингдан зиёд одам жалб қилинган.

2012 йилнинг март ойидан Хитойда “Интернетдаги жиноятларга” қарши кампания олиб борилмоқда.

Хитой оммавий ахборот воситалари хабарига кўра, биринчи икки ой давомида турли форум ва сайтларда мамлакатдаги коммунистик партия раҳбарлигидан ўз норозилигини билдирган 1065 киши ҳибсга олинган, 208 минг “зарарли” онлайн хабарлар йўқ қилинган, 16 та сайт ёпилган, қатор йирик Интернет порталларга огоҳлантириш берилган.
XS
SM
MD
LG