Линклар

logo-print

Қизларнинг пайпоғи бору – капрон пайпоғи – жуда яхши нарса-да!

Ўша пайпоқ орқали қарасангиз дунё юмшоқроқ кўринади.

Айниқса телетасвирчилар яхши кўради уни.

Улар капрон пайпоқни баъзида камерага кийдириб қўйишади.

Кийдиришади, деб сағал оширвордим - пайпоқни кўзига тўсиб қўйишади. Камеранинг кўзига.

Қизларнинг пайпоғи орқали қараган камера дунёни юмшоқ кўрсатади.

Қизиб турган тандир теграсига тикилганмисиз? Ҳаво билинар-билинмас живирлаб турарини эсланг.

Энди тушаётган ёхуд тарқалаётган туманни эсланг. Қизларнинг пайпоғи орқали олинган тасвир ўшанақа бўлади – юуумшоқ бўлади.

Ёки фаранги рассом Ренуарнинг (Пьер Огюст Ренуар – 1841-1919) картиналарини эсланг. Пайпоқ кийдирилган камерада тортилган тасвир ўшанақа бўлади.

Мутахассислар узоқ йиллар тасвирнинг Ренуар қўллаган усулини рассомнинг кашфиёти, деб юрдилар.

Бир неча йилгина олдин маълум бўлдики, Ренуарча усул бор-йўғи рассомнинг калтабинлиги (оптик маънода айтаяпман) оқибати экан – кўзида ноқислик борийдийкан. Шунинг учун дунёни қандай кўрса, шундайлигича чизган экан.

Мен ҳам ЎзТВга қизларнинг капрон пайпоғи орқали қарамаяпманми, унга калтабинлик билан (оптик маънода айтаяпман) ёндошиб қўймаяпманми?

Яъни тасвирни бузиб қўймаяпманми?

“Телевизор”нинг янгисини ёзишга енг шимарар экан, яқиндан бери ҳар гал шу савол қийнайдиган бўлиб қолди.

Кее, дедим бугун,

бу гал телевизорни бошқаларнинг кўзи билан кўраман.

Битта кўз “телевизорчи”ники – “Ёшлар” телеканалининг собиқ журналисти Малоҳат Эшоқулованики.

Иккинчиси – адабиётшунос олим Бахтиёр Исабековники.

25 апрел куни иккаловидан илтимос қилдим. “Ўзбекистон”ни кўриб беринглар, деб.

Кўришди. Бугун гаплашдим. Кўп нарсаларни. Лекин бугунги эшиттиришга чиқариладиган гапни кеча кечқурун Тошкентда қуйган жала белгилаб берди.

Мана бу телетомошабин Бахтиёр Исабеков билан мулоқотимизнинг бугунги мавзуга тегишли қисми.

- Ўша дунë хабарларини кўрадиган бўлсангиз, гўë Ўзбекистондан бошқа ернинг ҳаммасида табиий офатлар бўлаяпти ëки авариялар бўлаяпти.

Озодлик: Ахборотнинг халқаро хабарлар қисмини айтаëтгандирсиз. Кеча кечқурун кўрдингизми буни ë бугун эрталабми?

- Кеча кечқурун.

Озодлик: Кеча кечқурун Бразилиядаги сув тошқинини кўрсатаëтганда Тошкентда жала бошланган эдими ëки йўқми?

- У пайтда ëғаëтган эди. Ëғиш бошланган эди.

Озодлик: Бразилиядагини кўрсатган Ахборот Тошкетнинг ўзида бўлаëтганини кўрсатдими кўрсатмадими?

- Ўзида бўлаëтганини кўрсатмайдиям. У хаëлга ҳам келмайди. Ўзбекистонда бўлган бирор-бир табиий офат ëки ижтимоий ëки умуман, энди фақат жиноийларини беради, жиноийларнинг алоҳида ўзининг кўрсатувлари бор.

Озодлик: Тошкентда бўлаëтган жалани кўрсатмаслиги балки “Кўрсатиб нима қиламиз? Ҳамма деразадан кўриб олади” деса керакда.

- (кулиб) Энди бунақа нарсалар қанақа қилиб деразадан кўриб олиш мумкин? Деразадан мен 100-150 метр жойни кўраман. Шундоқмасми? Шаҳар жойда умуман 100 метрни ҳам кўра олмайди.

Озодлик: Унда нима учун кўрсатмайди?

- Бизларда шундай тушунча ҳосил бўлган назаримда биздаги табиий офатларни кўрсатса, гўë бу Ўзбекистон учун минус бўлади, дейди олим телетомошабин Бахтиёр Исабеков.

Тушунмадим, барибир. Балки ЎзТВ тизимида ишлаган журналист тушунтириб берар?

Шундай умид билан гап бошласам, Малоҳат Эшонқулова, журналист эмасми, жавоб ўрнига ўзи савол бера бошлади.

- Ҳамманинг қўлида белкурак. Кўчада юрибди тиззасигача шимини шимариб қўйиб. Наҳотки мана шу оддий бир ҳолатни ë Ахборотда, ë Даврда ëки бўлмаса бирор-бир кўрсатув қилиш ҳам хавфли бўлса? Ижтимоий хавфлилиги борми бунинг? Давлатга алоқаси борми бунинг?

Озодлик: Кечаги жала энди кеча бўлди. Билмайман, балки бугун Ахборот бериб қолар. Лекин мана Ғаллаоролда сел олди, бошқа жойда бўлди. Кейинги кунларда Ўзбекистон телевидениесида селларни кўрсатдими? Ўзингиз айтгандай давлатнинг айби йўқ. Табиий офат бу.

- Шу табиий офатни ëритиш учун ҳам мулоҳаза қилиб кўришади. Шуни ëритиш учун ҳам тепадан қандайдир ишоратлар бўлишини кутишадида. Ҳозир шунақа қолипга тушиб қолганда журналистлар. Агар эркин мавзу танлайман десангиз, журналист камера ëки қаламини кўтариб эркин равишда ëритмоқчи бўлса, бошида калтак синади. Улар шундан зада бўлиб қолган. Шунинг учун ҳам ишорани кутади. Қачонки топшириқ бўлса, ҳаракатга тушади. Айтайлик бир танк бўлса, шунинг мурувватига ўхшайди, дейди тележурналист телетомошабин Малоҳат Эшонқулова.

26 апрел кунги “Ахборот”ни ҳамма ишни йиғиштириб қўйиб, атайлаб кутиб кўрдик.

Йўқ, кўрсатишмади кеча Тошкентда қуйган жалани.

22 апрел куни пайдо бўлган хабарга қараганда, Ўзбекистон келгуси 6 йил ичида – 2018 йилгача тўла рақамли телевидениега ўтади.

Рақамли телевидениенинг ҳозиргисидан яхши томонлари жуда кўп. Ҳаммасини тушунтириб берардиму, ўзим ҳам тушунмайман-да!

Тушунганим-тушунтира оладиганим жиҳати битта: рақамли телевидениеда тасвир ва овоз фавқулодда тиниқ бўлади.

Лекин, тез орада мазза қиламиз экан, деб ўзбек томошабини хомтама бўлмай турсин.

Телесигнал рақамли бўлсаям, уни қабул қиладиган телевизорингиз рақамли бўлсаям, тасвирчининг камераси кўзидан хотинларнинг капрон пайпоғини ечиб қўймасалар, тасвир тиниқ бўлмайди.

Ҳамма гап ўша пайпоқда қолганини сезаяпсизми?

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG