Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:35

Ўзбек чегарачилари тожик ҳамкасбларини айблади


Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси тарқатган хабарга кўра, Тожикистон томони чегаранинг хатланмаган ҳудудларидан Ўзбекистон фуқароларини ўтказмаяпти.

Жорий йилнинг 14 апрелида Бекобод шаҳрида Ўзбекистон ва Тожикистон чегара қўшинлари қўмондонларининг учрашуви бўлиб ўтган эди.

Бу учрашувда икки томон ҳам “чегарани қўриқлашда барқарорликни сақлаш ва ўзаро ишончни мустаҳкамлаш” йўналишида чегара ҳудудларидаги ҳамкорликни кучайтириш борасида бир тўхтамга келганлиги ҳақида хабар қилинган эди.

Регнум ахборот агентлигига кўра, икки қўшни давлат чегарачилари бу учрашувда хатланмаган чегара ҳудудларидан фуқароларни ўтказиш ҳақида келишиб олган эдилар.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси тарқатган хабарга кўра, ўзбек томони икки томон ўртасидаги 10 кунлик келишув муддатини ҳам кутиб турмасдан, 22 апрелдан бошлаб Тожикистоннинг Ашт туманидаги Сарвак қишлоғи аҳолисини, Конибодом туманидаги Равот қишлоғидаги “Дўсти” фермер хўжалиги ишчиларини Ўзбекистон чегарасидан ўтиш тадбирларини жорий қилган.

Бироқ, дейилади Ўзбекистон томони тарқатган хабарда, келишилган муддат тугаб бўлган бўлса ҳам тожик томони зиммасига олган бирорта мажбуриятни ҳам бажармади.

Ҳужжатда айтилишича, Ўзбекистон чегара идораси раҳбариятининг бу муаммони ҳал қилиш бўйича тожикистонлик ҳамкасбларига қилган мурожаатлари турли хил баҳоналар билан ортга сурилмоқда.

Бироқ Тожикистон Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси матбуот хизмати раҳбари Хушнуд Раҳматуллаевнинг Озодлик радиосига айтишича, тожик томони ўз зиммасидаги мажбуриятларни тўла бажармоқда:

- Тўғри, ўша учрашувда 10 кун ичида биз бу муаммоларни ҳал қиламиз деб келишган эдик. Биз 25 апрел соат 8 эрталабдан бошлаб ижрони бошладик. Масалан, Бкеободдаги Ҳамид Олимжон хўжалигининг Казарма қишлоғининг 23 хонадонига Спитамен туманига киришларига рухсат бердик. Келишувга биноан улар Ашт туманидаги Сарвак қишлоғи аҳолисига Ўзбекистонга ўтишга рухсат бериши, биз эса бу томондан рухсат беришимиз керак эди. Биз келишувдан бир қадам ҳам ортга чекинганимиз йўқ, - дейди Тожикистон Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси матбуот хизмати раҳбари Хушнуд Раҳматуллаев.
XS
SM
MD
LG