Линклар

logo-print

Усама бин Ладиннинг 14 кишидан иборат оиласи жума куни тонгда Покистондан Саудия Арабистонига жўнатилди.


Ал-Қоида террор тармоғининг марҳум етакчиси ўтган йили 2 май куни Покистоннинг Абботобод шаҳрида АҚШ ҳарбийлари томонидан ўлдирилганидан буён унинг Покистонда қолаётган оила-аъзолари жума куни депортация қилинди.

Покистон расмийлари ва оиланинг адвокатидан олинган маълумотларга кўра, жума куни тонгда Усама бин Ладин оиласи махсус самолётда Саудия Арабистонига йўлланган.

Адвокат Муҳаммад Амир Халил мамлакат расмий телеканалларига депортация тафсилотлари ҳақида интервю берди.

- Усама бин Ладин оиласининг жами 14 аъзоси депортация қилинди. Уларнинг уч нафари Усаманинг рафиқаси, қолган 11 нафари эса боласи ва набирасидир, - дейди адвокат Муҳамммад Амир Халил.

Сўнгги бир ойдан буён Усаманинг Покистон махсус хизматлари қўлида сақланаётган оила-азолари масаласи матбуотда кенг ёритилаётган ва айрим спекуляцияларга ҳам сабаб бўлаётган эди.

Бунга эса унинг уч рафиқаси ва икки тўнғич фарзандининг махсус хизматлар томонидан муттасил сўроққа тутилаётгани ҳамда мамлакат чегарасини бузиб кирганликда айблаётгани ҳақидаги маълумотлар сабаб бўлган эди.

Шу ой аввалида оиланинг беш аъзоси айбдор, деб топилган ва уларга нисбатан 6 ҳафталик ҳибс ҳамда бу муддатдан сўнг депортация қилиш тўғрисида ҳукм чиқарилган эди.

Кейин бу оила номаълум манзилда ойлардан буён давом этган тутқунликдан сўнг Исломободдаги бир уйга кўчирилди ва бу манзил ҳам улар учун гўёки бир ҳибсхонадек бўлди.

Кўп сонли полициячи қўриқлаётган каттагина ҳовли тез орада матбуот диққатини тортган ва у ерда Усама бин Ладин оиласи сақланаётганидан хабар топган мухбирлар билан гаплашиш оила учун мутлақо тақиқланган эди.

26 апрел куни оқшом эса бу ҳовлига оқ рангдаги VAN автомобили келтирилди ва Усаманинг оиласи полициячилар қуршови остида унга чиқарилди.

Бу орада оила-аъзоларидан, жилла қурса, бир луқма эшитишга уринган журналистларнинг автомобилга яқинлашишга мутлақо имкони берилмади.

Автомобил катта тезликда елиб, қисқа муддатда 14 кишилик оилани аэропортга етказди ва махсус самолётга чиқариб, Покистондан чиқариб юборди.

Ўтган йили 2 май куни Абботобод шаҳридаги яширин қароргоҳда АҚШ махсус кучлари томонидан ўлдирилгани очиқланган Ал-Қоиданинг марҳум етакчиси Усама бин Ладиннинг икки катта рафиқаси саудиялик, кичиги эса асли яманликдир.

Ҳозирча, Покистон махсус хизматларининг Усама ўлими ва унинг ўлимига қадар Покистонда қандай яшагани ҳақида аниқлаган маълумотлари хусусида матбуотга ҳеч қандай хабар берилгани йўқ.

Аммо бу оиланинг Саудия Арабистонига кўчиши ва ниҳоят, Усама бин Ладин ўлими ортидан халқаро жамоатчиликда туғилган, хусусан, Покистон ва АҚШ муносабатларига кучли совуқчилик тушишига сабаб бўлиб қолаётган саволларга ойдинлик киришига умид қилинмоқда.

Айниқса, дунёнинг қудратли давлатлари махсус хизматлари 2001 йилдан буён Покистон ва Афғонистоннинг тоғли минтақаларида тузоқ қўйиб юрган йилларда Усаманинг шундоққина Исломбод биқинида, ҳарбийлар қуршовидаги Абботобод шаҳарчасида жойлашган улкан яширин масканда қандай қилиб яшаб юргани жиддий саволлардан бири бўлиб қолмоқда.

Бунда Покистон махсус хизматлари ва ҳукумати вакилларининг қўли борлиги ҳақидаги тахмин эса жиддий айблов тариқасида бот-бот Покистон раҳбарияти юзига ҳам солинди.

Таҳлилчилар Усама бин Ладин оиласи тутқунликдан чиққани боис тез орада бу оиланинг Покистонга қандай бориб қолгани билан бир пайтда Усамага қарши АҚШ ҳарбийлари ўтказган махсус амалиёт ортидан туғилган саволларга ҳам жавоб олиш имкони туғилишини тахмин қилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG