Линклар

Бан Ки Мун: Сурия тинчлик режасини бажармаяпти


БМТ Бош котиби Бан Ки Мун.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Сурия ҳукуматини бир йилдан бери давом этаётган зўравонликларни тўхтатишга қаратилган БМТ тинчлик режасини бажармаётганликда айблади.


Бан Ки Мун пайшанба куни эълон қилган баёнотда Сурия ҳукумати оғир қуролларни шаҳарлардан ҳозиргача олиб чиқмагани юзасидан “жидиий ташвиш” билдирилган.

Ҳужжатда Сурияда зўравонликлар ва одамларни ўлдириш, жумладан, шаҳарларни тўплардан ўққа тутиш давом этаётгани тўғрисида олинаётган хабарлардан БМТ Бош котиби “чуқур хавотирда” экани билдирилган.

Дунё ташкилоти раҳбарининг баёноти пайшанба куни Ҳама шаҳридаги уйлардан бирида кучли портлаш рўй берганидан сўнг эълон қилинди.

Дамашқ расмийлари портлаш оқибатида 16 киши ўлганини билдириб, портлаш учун бомба тайёрловчи “террорчилар”ни айблади.

Сурия мухолифати эса, ҳукумат кучлари кўп қаватли бинони нишонга олгани оқибатида қарийб эллик одам нобуд бўлганини иддао қилди.

Айни пайтда, Араб Лигаси раҳбари Набил ал-Арабий ташкилотнинг Қоҳирадаги йиғилишида Сурияга зудлик билан БМТ кузатувчиларини жойлаштиришга чақирди.

Ал-Арабий БМТ ва Араб Лигасининг Сурия бўйича махсус вакили Кофи Аннан ва БМТ Бош котиби Бан Ки Мун билан доимий мулоқотда эканини урғулади.

- Бугун эрталаб Кофи Аннан билан сўзлашдим ва унингда мен каби хавотирда эканини билдим. БМТ Бош котиби Бан Ки Мунга мактуб йўллаш ҳақида келишиб олдик. Мен мактуб йўлладим ва унинг нусхаси сизларга ҳам тарқатилади. Мактубда Хавфсизлик кенгаши аллақачон қабул қилган қарорга мувофиқ халқаро кузатувчиларни Сурияга зудлик билан жойлаштириш кераклигини таъкидладим. Шунингдек, мен минтақадаги БМТ кучлари ва кузатувчилардан фойдаланиш лозимлигини таклиф қилдим. Шу боис кузатувчилар жойлаштиришни кечиктиришга сабаб йўқ, - деди Араб Лигаси раҳбари.

БМТ маълумотига кўра, ҳозир Сурияда 11 нафар кузатувчи бор. Бан Ки Мун 300 нафар халқаро кузатувчининг 100 нафари Сурияга келаси ой охиригача етиб боришини маълум қилди.

Араб Лигаси ҳам БМТ Хавфсизлик кенгашини Сурия халқини ҳимоя қилиш учун чора кўришга чақирувчи баёнот эълон қилди.

АҚШнинг БМТдаги элчиси Сюзан Райс Сурия президенти Башар Ал-Ассад ҳукуматини ўз ваъдасини бажармаганини яна бир марта қайтарди.

Райс хоним Хавфсизлик кенгаши Дамашққа қарши санкциялар масаласини муҳокама қилиши муҳим эканини урғулади.

Москвада Россия Ташқи ишлар вазирлиги Сурияда зўравонликни тўхтатиш учун можарода қатнашаётган барча томонлар БМТ Хавфсизлик кенгаши қарорини бажариши кераклигини таъкидлади.

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Александр Лукашевич ўт очишни тўхтатиш шартномаси кучга кирганига қарийб икки ҳафта бўлганига қарамай, қон тўкилиши давом этаётгани боис Европа Иттифоқи Сурияга янги санкциялар жорий қилганини танқид этди:.

- Биз бу каби бир томонлама санкциялар тескари натижа беради деб ўйлаймиз. Биз халқаро ҳамжамиятни асосий эътиборни БМТ ва Араб Лигаси махсус вакили Кофи Аннаннинг уринишларини қўллаб-қувватлашга қаратишга чақирамиз, - деди Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби.
XS
SM
MD
LG